Мусулмонлар идораси: «Овоз кучайтиргичда азон айтиш тўхтатилгани ҳақидаги хабар бўҳтон...»
Куни кеча ижтимоий тармоқларда «Мусулмонлар идораси тавсияси билан овоз кучайтиргичда азон айтиш тўхтатилди», деган сарлавҳа билан бошланган хабар тарқалди.
Ушбу хабарга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раддия билан чиқди.
«Гўёки Наманган шаҳридаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилгани иддао қилинган. Ушбу бўҳтон маълумот ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу воқеанинг келиб чиқиш сабабларига аниқлик киритиш мақсадида, Наманган вилояти вакиллиги мутахассислари билан боғланди. Ушбу вилоят вакиллиги масъул ходимлари ва мазкур ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари Наманган шаҳридаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилгани ҳақидаги хабар мутлақо ёлғон ҳамда асоссиз эканини қатъий таъкидладилар.
Аллоҳ таолонинг изни ила диёримиз масжидларида мўмин-мусулмонларни намозга чорловчи азон садолари бундан буён ҳам янграйверади. Бунинг исботи сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги масжидларда мусулмонларимизни намозга чорлаётган, шу жумладан кучайтиричлар орқали айтилаётган азон садолари далил бўлади» дейилади диний идора баёнотида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси «юртимиз масжидларида азон садолари бардавом бўлишини таъкидлаган ҳолда Ислом дини қадриятлари, уламолар ва Диний идора шаънига нисбатан айтилган ҳар қандай асоссиз гапларга нисбатан доимо муросасиз эканини маълум қилган».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter