Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Давронбек Тожиалиев

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Мусофир — муҳожир — мигрантнинг нони

Мусофир — муҳожир — мигрантнинг нони

Фото: РИА Новости

2005 йили университетни битиргач, пропискам муддати ҳам тугади. Чўздира олмадим — ишимдан бўшатишди. 3-4 ой роса иш қидирдим — пропискасиз қабул қилишмади. У пайтлар интернет бугунгидек эмас, онлайн иш топиш ҳам имконсиз эди. Тенгдошларим каби Россияга кетишга қарор қилдим. Дадамдан рухсат сўраган эдим, урушиб бердилар:

«Тўрт йил қийналиб ўқиб, Россияда мардикорлик қиласанми?»

«Ҳамма ишлаяпти-ку, кунимни кўриб кетарман».

Ҳеч қандай баҳона ўтмади. Рози бўлмадилар. Орада магистратурага топширдим. Бюджет жойини стипендиатлар эгаллаб бўлишган. Контракт ўрни ҳам жуда кам. Кира олмадим. Яна прописка, яна иш топиш ташвишлари бошланди. Тошкентда қолиб, амаллаб кун кўра бошладим. Ноябрнинг бошларида ЎзМУ маркетинг бўлимидан қўнғироқ қилиб қолишди:

«Тожиалиевмисиз? Агар контракт асосида ўқимоқчи бўлсангиз, 2 кун ичида шартнома пулини тўлаб, ўқишга келишни бошланг».

Саросимада қолдим. Ўша йили университетда катта таъмирлаш ишлари бўлаётгани боис шартнома асосида янги ўринлар очилган эди.

Магистратурани битирганимдан сўнг икки йил аввалги вазиятга тушдим. «Онгим» анча ошган, энди мени Россия қизиқтирмас эди. Шарқшунослик институтини битирган бир хонадошим ҳам иш топа олмади-да, Россияга кетди. Бечора дўстим қиш пайти рус ўрмонларида ёғоч кесаётиб катта дарахт тагида қолди. Совуқ хоналарда ойлаб оёғини қимирлатолмай ётди. Кейин қайтиб келди-да, Фарғонада арзимас ойликка ишлаб юрди. Сўнг бахти кулиб «Грин карта» ютиб олди-да, АҚШга кетди.

Шу дўстим билан иш қидириб, Дубай, Канада, АҚШ, Швецияга ишга юборадиган не-не ширкатлар эшигини қоқмадик. Ширкатлардан бири фирибгар чиқди, бирига юз кўринишимиз ёқмади, бирининг имтиҳонидан ўтолмадик, нечтаси ёпилиб кетди.

Кореяга юбормоқчи бўлишди. 5000 лик «хизмати» бор дейишди. Эскидан «хизмат»ли жойлар билан чиқишолмайман. Рад этдим. «Чюнинг»га топширдим, «Маски»га топширдим. Сўнгги босқичларидан йиқилдим. Ҳаракат қилиб, Англиядаги бир коллежга ўқишга кирдим. ОВИРга хорижга чиқишдан мақсади деган жойига тўғри қилиб, «Англияга ўқиш учун» деб ёздим. ОВИРда ҳужжатим 11 ой қолиб кетди. Ўқишим ҳам бекор бўлди...

Кейин Марғилонга қайтдим. Уйландим, бола-чақали бўлдим. Чет-элдан ишлаш учун таклифлар бўлган бўлса-да, оиламни бу ерда ташлаб кетишга кўзим қиймади. «Нон шаҳри» яна ўзига чорлади. Яна прописка, кейинроқ ижара шартномаси деган ғавғолар бошланди...

Кўп дўстларим прописка ва бошқа бюрократик муаммолар туфайли чет-элга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Бир танишимнинг отаси қамалгани учун яхши ишларга олишмади; бошқа танишим намоз ўқигани учун органга ишга кира олмади; бир дўстим Ўзбекистонга янгилик бўлган яхшигина бизнес ташкил қилди – солиқ, департамент, ҳокимият ва ҳоказоларнинг аралашуви, ҳужжатбозликдан безиди-да, фирмани ёпди. Ҳаммаси хорижга кетди.

Буларни нега ёздим? Аслида, бизнинг авлод ёшларининг ҳар бирининг мана шундай ўз «мигрантлик тарихи» бор. Ўзбекларнинг ички ва ташқи меҳнат миграциясида, ҳатто кечаги мудҳиш воқеанинг бир четида шу муаммолар ҳам ётади. Уларни бартараф этиш вақти етмадимикан?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг