Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муҳаммад Солиҳ Абдуллаев иши бўйича кўрсатма беришга тайёр

Муҳаммад Солиҳ Абдуллаев иши бўйича кўрсатма беришга тайёр

Фото: «Газета.uz»

«Ўзбекистон халқ ҳаракати» (ЎХҲ) мухолифат ҳаракати етакчиси Муҳаммад Солиҳ Жиноят кодексининг 159-модда 4-қисми (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва қонуний сайланган ҳукуматни қуролли йўл билан ағдаришга уриниш) билан айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев иши бўйича кўрсатма беришга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» ёзмоқда.

Бу ҳақда чоршанба куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг навбатдаги суд мажлисида Бобомурод Абдуллаев манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Сергей Майоров маълум қилган.

«Жиноий иш материаллари, Абдуллаев берган кўрсатмалар, маълумотлардан судьяга маълумки, айблов хулосасини тасдиқлаган дастлабки тергов органи, прокурор Абдуллаев Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) кўрсатмалари бўйича жиноят содир этган деб ҳисоблайди. Суд жараёнининг интернетда кенг муҳокама қилинаётган бир пайтда менга Абдуллаевнинг адвокати сифатида фуқаро Муҳаммад Солиҳ Абдуллаевнинг у айбланаётган жиноятга алоқадор эмаслиги ҳақидаги баёнот билан мурожаат қилди», — деди Сергей Майоров.

Унинг сўзларига кўра, Муҳаммад Солиҳ билан бир неча бор мулоқотда бўлган. У ЎХҲ сайтида «Усмон Ҳақназаров» тахаллуси билан чоп этилган «Ислом Каримовнинг «табиий» ўлими қандай уюштирилди», «Саримой фожиаси ҳақидаги ҳақиқат», «Сурия сабоқлари ва «тинчликсеварларга жавоблар», «Ислом Каримов умрбод ҳокимиятда қолишга қарор қилди» каби мақолалар Бобомурод Абдуллаев қаламига мансуб эмаслигини айтган.

Муҳаммад Солиҳ суд танловига кўра, масалан «Telegram», «Viber», «Imo», «Skype» ва бошқа дастурлар орқали интерактив тартибда кўрсатма беришга тайёр эканини айтган. Шунингдек мухолифатчи суд тақдим этган саволларга ёзма кўрсатма беришга тайёрлиги, кўрсатмаларни қонунийлаштириш учун уларни Ўзбекистоннинг Туркиядаги консулига тақдим этиши мумкинлигини билдирди, деди адвокат.

Сергей Майоров судга Солиҳнинг мактубини жиноий ишга қўшиш ва уни гувоҳ сифатида Ўзбекистоннинг Туркиядаги консуллиги иштирокида сўроқ қилиш ҳақидаги илтимосномани киритди.

Адвокатлар, прокурор, Бобомурод Абдуллаев ва Шавкат Оллоёров буни қўллаб-қувватлади. Зафар Нурматов раислигидаги суд маслаҳатлашиб, илтимосномани қондирмасликка қарор қилди. Суд буни барча судланувчилар, гувоҳлар, мутахассислар ва бошқа қатнашчилар сўроқ қилиб бўлинмагани билан изоҳлади.

«Аввал бу иш бўйича барча қатнашчиларни сўроқ қиламиз. Шундан сўнг, керак бўлса, яна давом эттиришимиз мумкин. Суд ҳозир илтимоснома киритилишининг мавриди эмас, деб ҳисоблайди», — деди Зафар Нурматов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг