Марғилондаги мудҳиш жиноятлар юзасидан 10 киши суд қилинмоқда
Марғилондаги 1-меҳрибонлик уйи уйида ақлни шоширадиган даражадаги жиноятлар фош этилгани, хусусан, бу ерда тарбиялаётган ўғил (!) ҳамда қизлар ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этилгани, шу муносабат билан муассаса раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайтида мазкур воқеа билан боғлиқ янги тафсилотлар эълон қилинди.
ЎзАнинг Фарғона вилояти бўйича мухбири Маъсуджон Сулаймоновнинг аниқлик киритишича, тергов органи томонидан Марғилон шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйининг собиқ директори К.Якубов ва 9 нафар ходимга нисбатан Жиноят Кодексининг бир неча моддаси билан жиноят иши судга юборилган. Мазкур жиноят ишини кўриш 2018 йил 18 апрелда бошланган, айни кунларда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида суд жараёни давом этмоқда.
ЎзА мухбири мазкур масала бўйича жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси Раҳматжон Араповдан ҳам интервью олган.
— Очиқ суд мажлиси холислик ва адолат мезонлари асосида ўтказилмоқда. Ҳозирда судланувчиларнинг кўрсатмалари эшитилмоқда. Кейинги жараёнда эса жабрланувчилар ва гувоҳлар эшитилади. Албатта, суд мазкур жиноят иши бўйича одилона ҳукмини чиқаради, — деб айтган Раҳматжон Арапов.
Аввал хабар берганимиздек, тергов органи томонидан собиқ директор К.Якубовга нисбатан Жиноят Кодекси (ЖК)нинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 115-моддаси (вояга етмаган шахснинг ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш), 127-моддаси (вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш) бўйича айб эълон қилинган.
Шунингдек, директор ўринбосари С.Усмонов, бош ҳисобчи А. Мўйдинова, ҳисобчи А.Саидкамалова, фельдшер И.Йўлдошев, тарбиячилар Х.Якубова, Р.Абдуфаттоев, Н.Солиева, энагалар Д. Жўрабоева, Х.Тўраевага нисбатан ҳам Жиноят Кодексининг турли моддалари билан айб эълон қилинган.
ЎзАнинг маълум қилишича, К. Якубов, С. Усмонов, И. Йўлдошев, Р. Абдуфаттоевларга нисбатан «қамоқ», Х.Якубова, Н.Солиева, Д.Жўрабоева, Х.Тўраеваларга «уй қамоғи», А. Мўйдинова, А. Саидкамаловаларга «гаров» эҳтиёт чоралари қўлланган.
«Бугун, 14 май куни суд мажлиси давом эттирилиб, судланувчи К.Якубовнинг кўрсатмалари тингланди», — дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter