Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Монополияга қарши курашиш қўмитаси: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» — монополия субъекти

Монополияга қарши курашиш қўмитаси: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» — монополия субъекти

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

ОАВ вакиллари билан мулоқот давомида тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишида рекламанинг ўрни муҳимлиги, у ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасидаги асосий боғловчи восита экани қайд этилди.

Қўмита вакиллари томонидан тайёрланган тақдимот орқали ташқи реклама тушунчасига шарҳ бериб ўтилди. Таъкидланишича, «Реклама тўғрисида»ги қонунга кўра, алоҳида махсус конструкцияларда, тахталавҳаларда, экранларда, биноларда, иншоотларда, йўл чеккаларида, кўча ёритгичларининг таянчлари ва ҳоказоларда жойлаштириладиган реклама — ташқи реклама саналади.

Журналистлар билан савол-жавоблар вақтида мавзу рекламадан қўмита ваколатидаги масалаларга кўчди. Мухбирлардан бири «Ўзбекистон ҳаво йўллари» монопол ташкилот экани ёки эмаслиги ҳақидаги саволга ойдинлик киритилишини сўради. Қўмита раиси ўринбосари Бекзод Умматов қуйидагича жавоб қайтарди:

«Биз айнан шу мавзуда мақола тайёрлаб қўйган эдик, ҳозир қисқача изоҳ беришга ҳаракат қиламан, — деди Умматов. — Монополист деган тушунчани аниқ белгилаб берадиган мезонлар бор. Агар бирор корхона ёки тузилманинг бозордаги улуши 50 фоиздан кўп бўлса, у монополист ҳисобланади. Бугунги кунда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг улуши 50 фоиздан кўп ва ўз-ўзидан аёнки, у монополия субъекти саналади».

«Қонун чиқарувчи орган келгусида Ўзбекистонда монополия билан шуғулланадиган ташкилотлар камайиши ҳақида айтиб ўтган эди. Лекин ҳозирча улар камайгани йўқ. Яқин келажакда уларнинг сонини қисқартириш бўйича қандай ишларни амалга ошириш кўзда тутилган?» — деган савол бўлди.

«Сиз нимага асосланиб уларнинг сони камаймаган деб ҳисоблайсиз? — дея саволга савол билан жавоб йўллади Бекзод Умматов. — Агар сиз айтаётган гап «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, GM Uzbekistan ёки «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамиятига таллуқли бўлса, унда тўғри. Лекин умуман, иқтисодиётдаги рақобат муҳити хусусида тўхталадиган бўлсак, вазиятга фақат шу ташкилотлардан келиб чиқиб баҳо бериш унчалик тўғри эмас».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг