Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мўғулларни ҳайратга қолдирган шайх: Сайфиддин Бохарзий тарихи

Мўғулларни ҳайратга қолдирган шайх: Сайфиддин Бохарзий тарихи

Фото: Xabar.uz

Харобага айланган Бухорони қайта обод қилиб, уни «шариф» унвонига сазовор этган шайх шарафига 8 асрдан ортиқ вақт ўтиб, муқаддас манзиллар бунёд этилмоқда.

Бухородаги «Сайфиддин Бохарзий» маҳалласида жойлашган «Фатхобод» зиёратгоҳи ҳудудида «Ислом тамаддуни намояндалари» хиёбонининг барпо этилаётгани кўпчиликка қизиқиш уйғотмоқда. Ҳали қурилиш ва бунёдкорлик ишлари якунланмай туриб, сайёҳ ва зиёратчилар сони ортмоқда. Мазкур хиёбонда ислом дини намоёндалари Абу Ҳавс Кабир, Абу Бакр Калободий, Мустамлий Бухорий, Ҳазрат Поянда Муҳаммадшоҳ Ахсавий каби етук алломаларнинг мемориаллари, масжид биноси, таҳоратхона, ҳунармандчилик маркази, меҳмонхона, кутубхона, анжуманлар зали каби объектлар барпо этилиши кўзда тутилган.  Дастлабки босқичда 2000 нафар намозхонга мўлжалланган масжид биноси ва таҳоратхона қуриш ишлари давом этмоқда.

Хўш, Сайфиддин Бохарзий ким ва унинг шарафига тикланаётган иншоотларнинг сири нимада?

Сайфиддин Абул Маъолий Саъид ибн Мутоҳҳар ибн Саъид ибн Али Қоидий Бохарзий XII асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1190 йилда  Хуросон вилоятининг Боҳарз (Эроннинг шимолий шарқидаги Найсобур билан Ҳирот ўртасидаги вилоят) мавзеида туғилган. Манбаларда таъкидланишича, Бохарзийнинг насаблари Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқга бориб тақалади. Бохарзий Ҳирот ва Нишопур шаҳарларида ўқиган ва диний-ҳуқуқий таълимни олиб, тез орада сўфий даражасига эришган.

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожоновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича,  Сайфиддин Бохарзий Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиб, мусулмон ҳуқуқшунослигининг нодир асари – «ал-Ҳилоя» асарини ўрганган. Устозлари Нажмиддин Куброга эътиқоди баланд бўлган. Бохарзий устозлари таҳоратда азоб чекмасин деб, офтобага сув олиб, бағирларига босиб, юрак тафи билан уни иситиб, кечаси билан остонада турганлар. Устозлари шогирдидан нега туни билан риёзат чекдинг деганларида, Бохарзий, «Мен учун Ҳазрат Шайх остоналарида бўлмоқдан ортиқ фароғат, лаззат йўқ» деган эканлар. Бунга жавобан Нажмиддин Кубро «Башорат бўлсин сенгаки, подшоҳлар сенинг отинг рикобида бўлғай» деганлар.

Бохарзий Кубравийлик диний сўфийлик таълимотини тарғиб қилиш учун Шайх Нажмиддин Кубро маслаҳати билан тахминан 1218-1219 йилларда Бухорога келган. Бохарзий диний илмларда ноёб муваффақиятларга эришгандан сўнг Хоразмда бироз яшаб, сўнг Бухорога ноиб қилиб юборилган.

«Бу давр Бухоронинг энг мураккаб, ўлкамиз тарихининг  аянчли пайтларига тўғри келади. Чингизхон босқинидан сўнг шаҳар аёвсиз таланган, ярим аср давомида Бухоро харобага айлантирилган эди. Сайфиддин Бохарзий Бухорога келганида шаҳар батамом ёниб, ҳатто, истиқомат қилишга жой қолмаган. Чунки, 1220 йил 16 февралда Чингизхон буйруғига биноан, шаҳар ёқиб юборилган ва бир кунда ҳўли қуруқ бирдек ёниб битган. Бохарзий эса бундай пайтда одамларни йиғиб, уларга «Саҳиҳи Бухорий»ни ўқиб берган. У  мўғуллар зулми даврида Бухорода қарийб 40 йил яшаган ва юқори даражали лавозимларда ишлаган. Маълумки, бу даврда мўғуллар томонидан Бухоро ўзаро курашлар натижасида икки маротаба, 1220 ва 1273 йилларда ёқиб юборилган»,-дейди Шавкат Бобожонов.

Бохарзий Бухоро халқини мўғуллар зулмидан паноҳ излашида, бу даврда ислом динининг кенг ёйилишида хизмат кўрсатган.       

«Тарихда ёзилишича, шайх ниҳоятда чиройли бўлган, шу сабаб Нажмиддин Кубро у кишига юзини ёпиб юришни тавсия қилган экан. Маълумотларга кўра, Сайфиддин Бохарзий Олтин Ўрда хонига мактуб йўллаб, агар улкан салтанатни осойишталик билан бошқаришни истаса, мўғуллар исломни қабул қилишлари, бошқа ўлкаларда ҳам мусулмончиликни жорий қилишни маслаҳат берган. Бунга жавобан мўғул ҳукмдори Беркахон Шайх ҳузурига совға-салом билан ташриф буюрган ва муридликни қабул қилган. Беркахон шайх шарафига хонақо, масжид ва мадраса барпо этилишига фармон беради. Беркахоннинг акаси золим ва қонхўр Бойқуга Бохарзий шайх бўлмоқчи, деб ёмонлашади. Шунда шайхни занжирбанд қилиб, Самарқандга Бойқу  ўрдасига олиб кетадилар. Бохарзий бораётиб, «Мен бу хорликдан кейин бир иззат келишини кўрмоқдаман», - дейди. Ҳазрат Самарқандга яқинлашганида, Бойқу вафот этади. Бу воқеадан хабар топган кўрган мўғул аскарлари шайхни қўйиб юборади ва унинг қўлида мусулмон бўладилар. Бағдод халифаси Мустаъсим Бохарзийга туҳфа юбориб турган. Туҳфалардан бири Ҳазрати Али қўллари билан ёзилган Қуръони карим эди. Озарбайжон волийси Малика бинти Ўзбек ибн Паҳлавон эса Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Уҳудда синган тишларини ҳадя сифатида жўнатган. Шундай қилиб, Сайфиддин Боҳарзийнинг буюк хизматлари билан бир томчи ҳам қон тўкилмай, миллионлаб инсонлар ҳақ йўлига етиши ва исломни давлат фуқароларининг расмий динига айланишига эришилади. Шайх мўғул ноиблари билан доимий олишиб, уларнинг Ислом руҳонийларини камситиш йўлидаги ҳаракатларига очиқдан очиқ курашган. Бундан хабар топган Араб халифаси Сайфиддин Бохарзий ҳазратларига «Шайх-ул-олам» (Олам шайхи) унвонини, Бухорога эса «Шариф» («Муқаддас шаҳар») мақомини бериш тўғрисида ёрлиқ юборган ва Бухоро «шариф» унвонига сазовор бўлган учинчи шаҳар бўлиб қолган. Ўша замонда мусулмон дунёсида ислом дини вужудга келган Қуддус шаҳри бундай сифатлашга муносиб топилган эди, холос»,-дейди Шавкат Бобожонов.

Ҳазрат 1261 йил 20 октябрда зулқаъда ойининг 24 кунида Бухоронинг Қарши дарвозасидан 1 чақирим узоқликда жойлашган Фатхобод қишлоғида вафот этган.

Суҳбатдошнинг айтишича, тўрт юз минг атрофида одам Бохарзийнинг жанозасида қатнашган.  Ҳазратдан михлари кумушдан ковуш, беш юз динорга тенг тилла суви юритилган оёқлари остига қўйиладиган курси, ўн минг динорга баҳоланган от ва чорвалари қолган. Фақатгина 330 та кийимлик, рўмол, салла ва мўйна ўғиллари Жалолиддин Муҳаммад, Бурҳониддин Аҳмад, Мазҳариддин Мутаҳҳирга теккан. 60 та қуллари у кишидан ҳофизи Қуръон, ҳуснихат, араб тилини ўрганган ва ҳадис эшитган. Қулларидан Нофеъиддин қирқдан зиёд Қуръон кўчирган.

«Шайх ул-оламнинг вафотидан кейин Фатхобод сўфийлик эътиқодининг маркази бўлиб хизмат қилган ва ҳозиргача ҳам шундай. Амир Темур ҳам Бухорога ташриф буюрганида Шайх қабрини, албатта зиёрат қилган. XII-XIV асрларда ҳазрат қабри устига қурилган мақбара бугунги кунгача сақланган. Мақбара ичида жами 11 та қабр бўлиб, «Китоби Муллозода»да келтирилишича, булар ҳазратнинг икки ўғил Жамолиддин Муҳаммад ва Мазҳариддин Мутаҳҳир, невараси Абу Муфахир Яҳё ва эваралари Хованд Бурғониддин, Руҳиддин шайх Довудникилардир»,-дейди суҳбатдош.   

Ҳазрат хонақоҳ мақбараси XIV асрнинг иккинчи ярмида, унинг улкан портали анча кейинроқ қурилган. Мақбара ўз шаклининг улканлиги билан, тузилишининг маҳобати, меъморий ғоясининг аниқлиги билан кишини ўзига жалб қилади.

«Зиёратгоҳнинг бугунги кунда Фатхобод, деб аталишида ҳам рамзий маъно мужассам. «Фатх» сўзи - босиб олинган, яъни босиб олинган ерларни қайта обод этган Бохарзийга ишорадир,-дея сўзида давом этади тарих фанлари номзоди Шавкат Бобожонов,- 1976 йилда Бухорода юз берган кучли ер силкиниши оқибатида мақбара гумбази батамом харобага айланган. Истиқлол йилларида мақбара биноси қайта таъмирланиб, асл ҳолига қайтарилган, гумбаз қайта ўрнатилган. Халқ ижодининг нодир асарларидан бўлган мақбарани бухоролик усталар ва Ўзбекистон ёдгорликларни таъмирлаш ва консервациялаш махсус илмий-тадқиқот институти олимлари бузилишдан қутқаришга киришган. Ёдгорликни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш лойиҳаси тузилди. Бухоро махсус илмий ишлаб чиқариш устахонаси бу муҳим ишни таъмирловчилар авлодидан бўлган уста Азим Ҳайитов бошлиқ бригадага топширди. Бригада аъзоларидан Камол Отаев, Ҳусайн Нажмиддинов, Умид Ҳабибов ва бошқа қадимги ёдгорликларни таьмирловчилар, бинонинг деворларини мустаҳкамладилар»

Таъкидланишича, зиёратгоҳ хонақоси ва масжиди учун нафис биллур қандиллар инъом этилган.   

Бухоро шаҳар ҳокимлигининг саъй-ҳаракати билан эски битум ишлаб чиқариш корхонаси ёпилган ва темир йўл олиб ташланган. Атрофидаги шу пайтгача сақланиб қолган қабрлар ҳам олиниб, улар Хўжа Исмат, Ҳазрати Имом қабристонларига кўчирилган. Зиёратгоҳ кенгайтирилиб, боғга айлантирилган. Қум остида қолган қабрлар очилиб, тозаланган. Мақбара ёнидаги минора икки йил мобайнида (2007-2009)  уста Музаффар томонидан қуриб битказилган. 

«Сайфиддин Бохарзий шарафига «Ислом тамаддуни намояндалари» хиёбонининг барпо этилаётгани тарихсевар халқимиз томонидан ҳам катта ҳаяжонлар билан қаршиланди. Ушбу хиёбон замонавий ва қадимий кўринишдаги бетакрор иншоотлар билан янада файзиёб бўлади. «Family Park» қурилиш компанияси томонидан   амалга оширилаётган ушбу масжид архитектурасида Сайфиддин Бохарзий ҳамда Баёнқулихон мақбараларидан андоза олинган бўлиб, масжид икки тарихий иншоот билан уйғун равишда бунёд этилмоқда»,-дейди Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров.

Жамол Носиров қурувчи-муҳандислар билан мулоқот чоғида масжид қурилиши ишларида ҳар бир деталга алоҳида эътибор қаратиш ва бу масалада имом хатиблар билан маслаҳатлашган ҳолда иш олиб бориш лозимлигини билдирди.

Бугунги кунда шайхнинг қабри устига ясалган ёғоч сағана мозаика усулида терилган бўлиб, унда туғилган ва вафот этган сана, Қуръони каримнинг машҳур суралари, шайхни мадҳ этувчи марсиялар  ёзиб чиқилган.

«Ҳазрат туғилганига 830 йилдан ошган. Лекин «шариф» мақомига эга Бухоромиз учун то ҳануз хизматлари бисёр. Бухоролик илм аҳлининг тафаккур чироғи асрлар мобайнида Шарқ халқларини юксак маънавий комиллик руҳида тарбиялашдек хайрли ишга хизмат қилиб келган. Ана шундай улуғвор иш йўлида камарбаста бўлган зот шарафига хизмат қилмоқ ва унинг манзилларини обод айлаш ҳар бир бухороликман, деганнинг муқаддас ишига айланиши керак»,-деди Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг