Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миопия – узоқни яхши кўра олмасликни олдини олиш учун нима қилиш керак?

Миопия – узоқни яхши кўра олмасликни олдини олиш учун нима қилиш керак?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Азамат Юсупов билан суҳбат уюштирди. 

— Кейинги пайтда болалар ва ўсмирларда кўриш қобилиятининг пасайиши кўп учрамоқда. Бунинг олдини олиш мумкинми?

— Кўз табиатан узоқ-узоқ манзилларни кўришга мослашган. Аммо, XXI асрга келиб юксак технологияларнинг ривожланиши туфайли яқин масофадан иш битиришга одатланмоқдамиз. Яъни, компьютер, смартфон, мобиль телефон асосий иш қуролимизга айланиб бораяпти. Бунинг натижасида кўзларимиз табиий иш режимини ўзгартиришга мажбур бўлмоқда. Албатта, бу муаммо кўзларнинг кўриш қобилиятига ўз таъсирини ўтказмай қўймаяпти.

Миопия — узоқни яхши кўра олмаслик касаллигининг кўпайиб бораётгани шунинг белгиси. Энг ёмони, кейинги пайтларда бу касаллик ёшариб бораётир. Бунинг олдини олиш учун оилада тарбияга эътиборни кучайтириш, кичкинтойларнинг мобиль телефон, компьютер ўйинларига берилишига йўл қўймаслик, уларни кўпроқ тоза ҳавода сайр эттириш, овқатланиш тартибига ва таомларнинг шифобахшлик хусусиятига эътибор қаратиш керак.

Катталар ҳам компьютерда ишлаш қоидаларига риоя этиши зарур. Яъни, монитор ва кўз ораси 15-20 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак. Компьютерда узлуксиз ишлайдиганлар ҳар икки соатда 20-30 дақиқа кўзга дам бериши мақсадга мувофиқ. Соғлом турмуш тарзига оид бу маълумотларни ҳар бир оилага етказсангиз, кўз хасталикларининг олдини олишда сезиларли натижаларга эришасиз.

— Кўз олмаси катта-катта бўлса, «кўзлари чаросдек порлаб турибди», деб гўзалликка йўямиз…

— Кўз олмасининг катта бўлиши глаукома белгиси бўлиши мумкин. Кўз ичи босими баланд бўлиши глаукома ривожланишининг асосий омилидир. Шу боис, касалликни барвақт аниқлаш, шифокор назорати остида бўлиш нерв тизими зарарланишининг олдини олади ва кўриш қобилиятини сақлашга ёрдам беради.

— Кексаларимиз кўзларини кўк чой билан тез-тез ювиб туришларига кўп гувоҳ бўлганман. Бунинг саломатликка фойдаси борми?

— Маълумки, кўк чой табиий усулда олингани боис, унда табиий, шифобахш моддалар кўп. Шунингдек, бактерияларга қарши курашиш хусусиятига эга. Шу жиҳатлари сабабли конъюнктивит, блефарит ва бошқа шамоллаш туфайли келиб чиқадиган кўз хасталикларининг олдини олиш ва даволашда ўзига хос таъсир кучига эга.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг