Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Миллий тикланиш» партиясининг дастлабки сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди (фото)

«Миллий тикланиш» партиясининг дастлабки сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди (фото)

Фото: ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида «Бирмиз! Қўлни қўлга берамиз!» шиори остида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг дастлабки сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати хабар берди.

Партия митингида Марказий кенгаш раиси Алишер Қодиров сўзга чиқиб, «Миллий тикланиш» демократик партиясининг устувор мақсадларидан бири парламентни том маънода «халқ уйи»га айлантиришдан иборат эканлигини таъкидлаган.

Бу йилги сайлов кампаниясига «Янги Ўзбекистон, янги сайлов» шиори остида старт берилиб, илк бора мамлакатимизда сайловлар янги Сайлов Кодекси асосида ўтказилаётгани эълон қилинди. Сайлов бу, энг аввало, халқимизнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ўз вакиллари орқали иштирок этишдек Конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш ҳамда мамлакатимиздаги демократик жараёнларнинг ёрқин кўзгусидир. Айни пайтда ана шундай муҳим кампанияда фаол иштирок этиб, ғалаба қозониш Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг асосий вазифасига айланган.

«Миллий тикланиш» демократик партияси халқимизда миллий ўзликни англаш ҳиссини ўстиришга ҳаракат қилар экан, тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва янада кўпайтиришга кўмаклашиш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни ёш авлод ўртасида кенг миқё­сда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби кенг кўламли вазифаларни амалга ошириб келмоқда.

Қайд этилганидек, партия ўз ғояларини ҳаётга изчил татбиқ этган ҳолда сайловда фаол иштирок этишни, парламентда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлишни режалаштирмоқда. «Инсон ўзгарса – жамият ўзгаради» шиори остида аҳолини ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга кўмаклашиш, таълим ва тарбия сифати узлуксизлигини таъминлашга эътибор қаратиш, миллий қадриятларни аҳоли орасида кенг татбиқ этиш партиянинг устувор мақсадларидан саналади.

Таъкидлаш ўринлики, айни кунларда партиянинг барча даражадаги ташкилотлари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Тошкент вилоятида ҳам аҳоли, айниқса, ёшлар орасида «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари!» шиори остида турли тарғибот тадбирлари, акциялар ўтказилмоқда. Мазкур тарғибот тадбири аввалгиларига нисбатан кенг кўламлиги ва аҳамияти, республика ҳамда вилоят миқёсидаги фаоллар, жамоатчилик вакиллари, эстрада ва кино юлдузлари, маҳалла оқсоқоллари, ёшлар, хотин-қизлар иштирок этиши билан тубдан фарқ қилди.

Тадбирда фоал қатнашган иштирокчилар партиянинг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг