Мен журналистман – мени мукофотланг!
3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан ўн учинчи марта журналистларга мукофотлар («Олтин қалам») берилди. Бу сафар ўтган йилдаги каби шов-шувлар бўлмади. Бунга менимча айрим номинацияларда ҳақиқатан ҳам муносиб номзодларга мукофот берилгани ҳам сабаб бўлди. Аммо танлов ҳақида салбий фикрлар ҳам билдирилди. Майли, бу ҳақдаги фикрларни аллақачон билдириб бўлганман, айтадиган гапим йўқ. Мени ҳамон танловнинг ўтказилиш ва баҳолаш тартиби қизиқтираяпти.
Биринчидан, танловда иштирок этиш шартлари ғалати. Унда қатнашишни истаганлар ҳужжатлари ва ижод намуналарини ўзлари топширишлари керак. Журналист бетини қаттиқ қилиб, «мен журналистман – мени мукофотланг» дегандек ҳужжат топширади. Айримлар эса пухта режа билан мукофот учун ёзади. Ҳеч бўлмаса деб бирор номинацияни мўлжал қилиб ҳужжат топширади ва осонгина «Олтин қалам» соҳибига айланади.
Иккинчидан, танловдаги баҳолаш мезонларида мантиқсизликлар кўп. Баҳолашда вилоятлар, жинслар ва ҳоказолар бўйича ғолиблар бир неча марта элакдан ўтказилса ҳам, ҳакамлар ўнинчи ўринни берган номзод ҳам биринчи қаторга чиқиб қолади. Дейлик, бирор туман ёки вилоят ОАВда ишлаётган журналист йил давомида қўл учида ишлаб, хом-хатала материаллар чиқариб юрган бўлса ҳам, вилоятлар бўйича баҳолаш жараёнида унга «муносиб» рақиб топилмайди ва осонгина ғолиб бўлади. Ташкилотчилар пастдагиларнинг нима учун у тақдирланди деган саволига жавоб беришдан кўра юқоридагиларнинг «Нега фалон вилоят мукофотланмади?» деган саволига жавоб беришга кўпроқ қийналади, ахир бу саволда ҳаёт-мамот масаласи бор-да! Сўнгги танловдан кейин ҳакамлардан бири – Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев: «Баҳолаш учун кетган вақтим ва сабримга ачинаяпман: алвидо, «Олтин қалам!» деганда балки шу нарсаларни инобатга олгандир.
Албатта, ғолибликнинг обрўси бор. Шунингдек танловда қатнашишга мотивация берадиган энг катта куч – пул. Кўпчилик журналистлар ўша пулдан умидвор бўлиб ҳужжат тўплайди. Аммо ғолибликнинг бутун бошли таҳририятларга берилиши бу мотивацияни пучга чиқариши аниқ. Чунки 20-30 миллион сўм бир киши учун катта пул – ҳаракат қилса, қўлга киритса арзийди. Лекин бу пул таҳририят ҳисоб рақамига келиб тушса ва бутун жамоа ўртасида бўлиб олинса (агар ўшаям бош муҳаррир ва бир неча ходим ўртасида «арра» қилинмаса), билмадим, қўлга қанчадан тегар экан. Хуллас, ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозиру нозирлар учун айни муддао бу ҳолат.
Танлов ичида ва атрофидаги гап-сўзлар, эътирозлар, норозиликлар ва бошқаларни инобатга олиб, унинг низомини бутунлай қайта кўриб чиқиш керак. Энг аввало танловда қатнашиш учун ҳужжат сўраш механизмидан воз кечиш лозим. Чунки ўзини ҳурмат қилган журналист биринчидан мукофот учун ёзмайди, иккинчидан мукофот оламан деб ҳужжат топшириб юрмайди. Танлов эса энг аввало жамият ва давлат ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган, сўз эркинлиги, ҳақиқат ва адолат тантанаси, қонун устуворлиги учун курашаётган журналистларни тақдирлашга қаратилган. Ахир бекорга Жаҳон матбуот эркинлиги куни топшириладими мукофот?
Таҳририятлар ёки фуқаролик жамияти институтлари тавсия қилган номзодлар орасидан энг муносиблари мукофотланиши, саралаш, баҳолаш жараёни мутлақо шаффоф бўлиши ва унда жамоатчилик ҳам эркин иштирок этиши лозим. Бош миллий мукофот эса номзодлар рўйхати асосида ҳакамлар, бош муҳаррирлар ва журналистлар ўртасида овоз бериш йўли билан танлаб олиниши мумкин. Танловда мақола, кўрсатув ва радиодастурлар ёки қачонлардир қилинган хизматлар эмас, балки журналистнинг йил давомидаги фаолияти, унинг шов-шувли материаллари, адолат қарор топиши йўлидаги хизматлари баҳоланиши ва рағбатлантирилиши керак.
Масалан, бу йилнинг энг шов-шувли мавзуларидан бири, шубҳасиз, каттақўрғонлик ўқитувчи Диана Еникееванинг ўлими ҳодисаси бўлди. Бу воқеани ёритиб, жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган, охир-оқибат давлат раҳбари томонидан ижтимоий соҳа ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши қатъий тақиқланишида асосий рол ўйнаган журналист «Олтин қалам»да эслаб ҳам ўтилмади. Тўғри, у қандайдир мукофот учун куйиб-пишгани, ҳатто ҳаётини хавф остига қўйгани йўқ, аммо биргина эътибор ва эътироф нафақат у ва унинг жамоаси, балки қолган журналистлар, айниқса бу соҳага энди қадам қўяётган ёшлар учун кучли мотивация ва илҳом ҳам берар эди.
Вилоятлар ва туманларда ишлаётган журналистлар нима сабабдан тақдирлангани борасида тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун барча номзодлар ва уларнинг ижодий ишлари очиқ маълумотлар базасига жойлаштирилиши лозим. Истаган одам унинг материалларини ўқиши ва ўз муносабатини билдириши мумкин бўлсин.
Яна бир таклиф шундан иборатки, танловда алоҳида номинация йўлга қўйилиб, йил давомида хизмат вазифасини адо этишда вафот этган (худо кўрсатмасин, аммо бу – ҳаёт) ёки қийин аҳволга тушиб қолган журналист (унинг оиласи) тақдирланса. Бу ҳам журналистларни қўллаб-қувватлаш ва руҳий далда беришда муҳим қадамлардан бири бўлар эди, деб ўйлайман.
Турли вазирлик ва муассасалар, халқаро ташкилотлар ва элчихоналар йил давомида фаолиятини ёритиб келган, ўзларига маъқул бўлган истаган журналистни тақдирлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Уларнинг танлови муҳокама қилинмаслиги, қарор қабул қилишларида турли босим ёки шартлар илгари сурилмаслиги мақсадга мувофиқ.
PS: Бу гапларни ўқиб, журналистикага алоқаси бўлмаган одам шунча гап кимга керак, журналистларни мукофотлашнинг нима кераги бор, ундан кўра ўша пуллар илм-фан, ишлаб чиқариш ёки таълим-тарбияга сарфланса кўпроқ нафи тегмайдими деб ўйлаши мумкин. Балки тўғридир. Аммо дунёнинг барча ривожланган мамлакатларида фаол ва адолатгўй журналистларга ҳар йили мукофотлар берилади, улар фаолияти рағбатлантирилади. Агар журналистика соҳасидаги асосий миллий мукофот мутлақо шаффоф ва адолатли ташкил этилса, жамиятдаги муаммоларни дадил кўтариб чиқувчи журналистлар сафи янада кенгайиши аниқ. Бундан эса жамиятнинг ҳар бир аъзоси фойда кўради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter