Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Машина нархи — асосий муаммо. Экологик фалокат эса қаршимизда турибди

Машина нархи — асосий муаммо. Экологик фалокат эса қаршимизда турибди

Фото: Xabar.uz

Бу мавзуда ёзиш жуда оғир. Аммо ёзиш  ва яна ёзиш керак. Шу сўзлар орқали бир-икки киши ўзгарса ҳам ютамиз. Акс ҳолда...

Мамлакатни чанг-тўзон босди. Кўчага чиқиш, ишлаш тугул, уйда ўтириш ва нафас олиш қийин бўлиб қолди. Буни қарангки, чанг ўлгур оламни даҳшатга солган коронавирусдан ҳам хавфлироқ экан: тожвирусдан қочиб, уйингга беркинишинг мумкин, аммо чанг уйинггача кириб боради, нафасингни бўғади, етти иқлим кўзингга тор кўринади. 

ССВ матбуот хизмати ёзмоқда: «4 ноябрь куни «Тез ёрдам» хизматига жами чақириқлар сони 4082 тани ташкил этиб, 3 ноябрь ҳолатига кўра, мурожаатлар сони 649 тага ошди. 5 ноябрдан 6 ноябрь соат 06.00га қадар умумий чақириқлар сони 4110 тага етиб, нафас олиш билан боғлиқ мурожатлар сони 709 тани (жами чақириқларнинг 17,2 фоизи) ташкил қилди. Шундан аллергик реакциялар билан 36 та, бронхиал астма ҳуружи билан 122 та мурожаат бўлиб, уларнинг 11 таси госпитализация қилинди...»

Демак, бизни ҳақиқий синовлар кутмоқда. 

Кўпчилик мамлакатдаги экологик муаммолар ҳақида Экология қўмитаси, партияси ва «Ўзгидромет» нега бош қотирмаяпти, деган саволни беришади. Ушбу ташкилотларга ҳеч қанақа алоқаси бўлмаган одам сифатида шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистондаги бутун экосистемани асраш қолиш бу уч ташкилот қўлида эмас.

Мамлакат 150 йилда кузатилмаган ҳодисага дучор бўлган вақтда ақалли битта баёнот бермаган партиянинг «мудраши» бизга янгилик бўлмай қолди.

Солиштириш ғалати бўлса, айтаман: юртимизда машиналар ўта қимматлиги, уни сотиб олиш учун одамлар ярим умрини сарфлаётгани кўп гапирилади. Саҳифа-саҳифа матнлар ёзилади, видеолар қилинади... Изтеҳзо, аччиқ ҳазил, танқиду-жанжалларни айтмай қўяқолай. Бу мавзуга алоқадор хабарлар тармоқни «портлатади». 

Аммо биз учун экология масаласи, масалан ўнинчи ўринда. Европада экофаоллар ҳукуматни ўйлаб қадам босишга мажбур қилаётган бир пайтда бизда бутун бошли кўллар қуритилади, боғлаб ўраб олиниб, савдо марказлари тикланади, классик истироҳат боғлари ажнабий ва сунъий қасрларга алмаштирилади. Айрим раҳбарларнинг биргина буйруғи ва ташаббуси билан шаҳарлардаги чинорлар қулатилади. 


Мавзуга оид: «Жазирамада юриб бўлмай қолди»: Қашқадарёда сўлим шаҳар чўлга айланиш арафасида


Жаҳон аҳолиси экологик тоза ёқилғига ўтаётган, жамоат транспорти ва пиёда юришга уринаётган вақтда биз қиммат машиналарни кўпроқ сотиб олишга ружу қўймоқдамиз. (Ҳатто олдиндан пулини тўлаб, ойлаб кутиб ўтирамиз). 

Тошкент минтақада ҳавоси энг ифлосланган шаҳар сифатида баҳоланмоқда. Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси маълумоти.

«Ўзгидромет»нинг маълумот беришича, кучли чанг бўронлари одатда чўл ва қурғоқчил ҳудудларда юз беради, аммо бўронларнинг асосий нишонига айланган Тошкент бундай ҳудуд саналмайди. Демак, бу иқлимий мувозанат издан чиқаётганини кўрсатади.

Ўзбек халқи орзуманд халқ, боласини ўйлайди. Бор кучини сарфлаб, гўзал келажак қуришга уринади. Аммо экологик фалокат масаласи кўндаланг турган вақтда, авлодларга энг яхши хазина тоза ҳаво ва соғлом иқлимлигини англашимиз керак. 

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг