Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Март ойи учун эҳтимолий об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

Март ойи учун эҳтимолий об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

Республика Гидрометеорология маркази яқинлашиб келаётган март ойи учун эҳтимолий об-ҳаво маълумотини тақдим этди. 

Ўзбекистонда март ойи – ёғингарчилик миқдори ва ёғингарчилик кузатиладиган кунлар сони бўйича йилда ёғингарчилик энг кўп бўладиган ой деб ҳисобланади. Ҳудуднинг катта қисмида (шимолий ҳудудлар ва чўл зонасидан ташқари) март ойида 10 кундан 15 кунгача ёғингарчилик бўладиган кунлар кузатилади.

2023-2024 йилларнинг қиш мавсуми якунланмоқда ва тақвим баҳори келишига ҳам икки ҳафтадан кам вақт қолди.

Март ойида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати одатда тез кўтарила бошлайди. Март ойида ўртача ҳаво ҳарорати февралга нисбатан 5-6° га, шимолда эса 7-8° га юқори бўлади.

Март ойининг энг илиқ кунларида, айниқса ойнинг иккинчи ярмида қуёш нурлари ҳавони 23-28° илиққача, жанубда эса 30-33° илиққача иситади.

Март ойида ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида ёғади, аммо ҳароратнинг кескин пасайиши даврида ёмғир қорга айланиши мумкин. Ушбу асрда 2012 йилнинг совуқ март ойи "энг қорли" давр бўлиб, бунда бир неча бор қор ёғиши ҳисобига қор қопламининг шаклланиши кузатилди, республиканинг текислик ҳудудида қор баландлиги баъзи жойларда 7-12 см га етди.

Бу йил март ойи қандай бўлади?

Жаҳон прогнозлаш марказларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, март ойи нисбатан салқин бўлиши тахмин қилинмоқда.

Март ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 1-2° га паст, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиб, 4-9° илиқни, жанубда 10-11° илиқни ташкил этади.

Ой давомида ҳарорат кечалари 0-5° совуқдан 5-10° илиққача, кундуз кунлари 5-10° илиқдан 17-22° илиққача, жанубда 20-25° илиққача кескин ўзгариб туриши прогноз қилинмоқда.

Республика ҳудудининг катта қисмида ойлик ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда ундан кўп бўлиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг