«Ma’rifat» 4 нафар талабани ишга қабул қилди
«Ma’rifat»-«Учитель Узбекистана» газеталари таҳририяти қошида ташкил этилган «Маҳорат мактаби» машғулотлари ниҳоясига етди. Кеча «Пойтахт» бизнес марказида ўтказилган тадбирда тингловчиларга сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, «Ma’rifat»-«Учитель Узбекистана» газеталари ҳамда «Бошланғич таълим» журнали таҳририятлари ҳамкорлигида ташкил этилган уч ойлик ўқув курсларида ЎзМУ ва ЎзДЖТУнинг 19 нафар талабаси устоз журналистлардан ихтисослашув сабоғини олди. Таҳририятларнинг узоқ йиллик тажрибага эга ўндан зиёд маҳоратли ходимлари таҳрир санъати, муаллифлар билан ишлаш, мавзу танлаш, таълим тизимига ихтисослашиш, болалар публицистикаси мавзуларида бўлғуси журналистларга атрофлича тушунча берди.
«Маҳорат мактаби» таълим-тарбия йўналишидаги газета-журналлар учун ихтисослашган кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Собиқ тингловчиларнинг аксарияти марказий нашрларда ишлаяпти. Жумладан, бу йил ҳам машғулотларда фаол қатнашган, долзарб мавзудаги мақолалари чоп этилган 4 нафар тингловчи «Ma’rifat» газетасига ишга қабул қилинди. Бу ҳақда таҳририят бош муҳаррири Ҳусан Нишонов йиғилганларга маълум қилди.
Тадбирда фонд директори Саид Абдулазиз Юсупов «Маҳорат мактаби»га 10 дона замонавий ноутбук совға қилди. Унинг таъкидлашича, «Маҳорат мактаби» машғулотлари шу йил сентябрь ойидан ҳуқуқий, иқтисодий, ахборот хавфсизлиги йўналишлари бўйича ҳам давом эттирилади. Йил охирида натижалар сарҳисоб қилиниб, курсларда фаол қатнашган, мақолалари мунтазам чоп этилган 10 нафар тингловчи устозлар тавсияси асосида чет элга бир ҳафталик малака оширишга юборилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter