Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мақсад брифингми ёки «ойнаи жаҳон»да кўриниш? Совуқ студиядан қайноқ репортаж

Мақсад брифингми ёки «ойнаи жаҳон»да кўриниш? Совуқ студиядан қайноқ репортаж

Аввалига тадбир ҳақида тўхталсак.

Андижон вилояти телерадиокомпаниясида вилоятдаги судларнинг 2019 йилдаги фаолияти юзасидан брифинг ташкил этилди. Айтиш мумкинки, тадбирда тўрт йўналиш бўйича вилоят судлари раисларининг шахсан иштироки сабаб маърузаларда атрофлича, қиёсий таҳлил кўзга ташланди. Тилга олинган рақамлардан энг муҳимларига тўхталсак.

Жиноят ишлари бўйича вилоятдаги судлар томонидан 2 минг 864 нафар шахсга нисбатан 2 минг 278 та жиноят иши кўриб тамомланган, уларнинг 53,3 фоизи сайёр мажлислари шаклида ўтказилди. Жамоатчилик, хусусан, Ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафиллиги эвазига 34 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазолар тайинланган.

Эътиборлиси, 147 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинди. Яна 662 нафар шахс «судланган» деган тамға босилишидан асраб қолиндики, бу қонунчиликка киритилган ярашув институтининг ҳосиласидир.

Вилоят маъмурий суди раиси Отабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, ўтган йили 24 минг 204 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш мазмунан кўриб чиқилган. Статистика 2018 йилга нисбатан 5,8 фоизга ўсган! Эътиборли жиҳати, ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, уларнинг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан боғлиқ оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 234 та иш кўриб чиқилиб, 92 таси қаноатлантирилган.

Вилоятдаги иқтисодий судларга келиб тушган даъво аризаларнинг 2018 йилга нисбатан 10 минг 444 тага (35,3 фоизга) камайганлигини алоҳида қайд этмоқ зарур. Бу рақамлар, таъбир жоиз бўлса, айни соҳадаги муносабатларнинг анча тартибга тушганлигидан ҳам далолат.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Жасуриддин Абдусатторов асосан тизимдаги жиддий ўзгаришлар моҳиятига тўхталди. Жумладан, мерос билан боғлиқ фуқаролик ишлари аввалги йилгидан 35 тага кўпайган. Никоҳдан ажратиш ҳақида 5 минг 650 та ариза келиб тушганлигига изоҳ бериш асноси таъкидландики, судьялар оилавий ажримлар сонини камайтириш, ажрашиш арафасидаги жуфтликларни яраштиришга астойдил уринишмоқда, бу йўналишда ҳамкор ташкилотлар билан бирга жойларда турли маърифий учрашувлар ўтказишмоқда. Айни турдаги даъволар ўтган йилга нисбатан 1 минг 441 тага камайганлигининг асосий омили ҳам шундан. Ажримлар келажакда уй-жой, мол-мулк, алимент билан боғлиқ низоларга «доялик қилиши» эътиборга олинса, бу борадаги хатти-ҳаракатлар эътирофга лойиқ.

Холис айтганда, тизимда ютуқлар баробарида оғриқли масалалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, қуйи инстанция қарорларидан норози бўлиб Олий судга шикоят битган ва муроди ҳосил бўлган фуқаролар талайгина. Тез-тез кузатилаётган яна бир жиҳат – олий маҳкама томонидан қуйи судлар қарорлари бекор қилиниб, ишни атрофлича ўрганиш учун тағин биринчи инстанцияга қайтарилаётганлигига ҳам етарлича мисоллар бор. Ҳар икки ҳолатни маълум маънода қуйи босқич судьяларининг профессионал салоҳиятига берилган баҳо деб айтиш мумкин. Қуйи суд қарорларида имкон қадар эътирозга ўрин қолдирмаслик, судьяларнинг билим ва маҳоратини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқилганми?

Жасуриддин Абдусатторовнинг таъкидлашича, Олий судда бекор қилинган қарорлар кўпинча биринчи беш йилликка тайинланган судьялар фаолиятига тўғри келмоқда. Шундан келиб чиқиб, туманлараро судлар судьяларининг вилоят ҳамда республика доирасида «стажировка» ўтаб боришлари йўлга қўйилди. Вилоят судларида ҳар 15 кунда ўтказилажак семинар-тренингларда ҳам судьяларнинг кўпроқ қайси қонун ҳужжатларини қўллашда «қоқилаётганлиги» таҳлил қилиниб, асосий эътибор айни шу нуқталарга қаратилмоқда.

Қарийб икки соат давом этган тадбирда муҳим маълумотлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилганлигини таъкидлаган ҳолда ташкилотчилик билан боғлиқ айрим камчиликларга ҳам урғу бериш шартдай.

Боз айтдик, брифинг вилоят телерадиокомпаниясида тўлиқ телетасвирга туширилди. Гарчи мазкур турдаги тадбир, қоидага кўра, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилиши лозим бўлса-да, асосий мақсад «ойнаи жаҳон»да кўриниш эканлиги сабаб бир ўқ билан икки қуён мўлжалга олинганлиги (брифингни кўрсатувга айлантириш) кўзга ташланди. ОАВ вакиллари учун мўлжалланган тадбирда бор-йўғи икки нафар журналист (кўрсатув бошловчиси ҳамда айни сатрлар муаллифи) иштирок этганлиги, суд раислари қаршисига нега асосан суд мутахассислари ҳамда вилоят ташкилотлари вакиллари (Ёшлар иттифоқи, божхона, ички ишлар, транспорт бошқармаси ва ҳк.) таклиф этилганлиги ҳам ажабланарли. Устига устак, студиянинг совуқлигидан тадбир ярмига борибоқ аксар иштирокчилар нигоҳида «Тезроқ тугасайди!» деган истак сезилиб қолди.

Бизнингча, ташкилотчилик билан боғлиқ камчиликлар ҳар жиҳатдан вилоят судларида матбуот котиби лавозимининг йўқлиги, айни вазифа эса жиноят ишлари бўйича вилоят суди ходимларидан бирининг зиммасига юклатилганлиги билан боғлиқ. Матбуот билан ишлаш малакасига эга бўлмаган мутахассис эса соҳавий тадбирларга оид тартиб-таомилларни тушунмаслиги табиий.

Хулоса шуки, брифинг ёки матбуот анжуманига наинки телевидение, ҳудуддаги барча ОАВ вакиллари таклиф этилса, судлар жамоатчиликка етказишни истаган маълумотлар янаям кенгроқ аудиторияни (гарчи кўрсатувни миллионлаб томошабин кузатади деган эзгу мақсад қўйилган бўлса-да, чироқ ўчавериб асабларга ўйнаётган кунларда тадбирдаги тафсилотлар қанча одамга етиб бориши мумкин?) қамраб олиши шубҳасиз. Ана шунда суднинг жамоатчиликка билдирмоқчи бўлган жиддий ахбороти ҳам камчиликлар соясида қолиб кетмайди.

Нурилло Нўъмонов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг