Сайти ишламаётган, логотипи «Boeing»дан ўғирланган ташкилотни биласизми? У Ўзбекистонда!
Интернет асрида яшаяпмиз. Ҳозир кўпчилигимиз ўзини қизиқтирган ахборот ва маълумотларни мазкур халқаро тармоқдан излаймиз, топамиз. Топмаганимизда эса хуноб бўлишимиз тайин. Шу боис ўзини ҳурмат қилган ташкилот ва идора борки, интернетда расмий сайти, ижтимоий тармоқларда эса расмий саҳифаларига эга. Бу истеъмолчиларни ҳурмат қилиш, ташкилот имижини яратиш демакдир. Президент Мирзиёев таъбири билан айтганда, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилишининг белгисидир.
Ўзбекистонда аҳолининг 15 миллиондан ортиғи интернетдан фаол фойдаланмоқда. Шунга яраша мамлакатимизда онлайн хизмат турлари ортиб бораяпти. Аммо ҳалигача расмий сайтини рисоладагидек йўлга қўя олмаган, устига-устак, ижтимоий тармоқлардаги аудтория билан ишламаётган идоралар талайгина. Ўзбекистон раҳбари республикадаги барча вазирлик, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбар-ходимларига халқ ичига кириб бориш, одамларга яқинроқ бўлишга ундаб турган бир пайтда бу мутлақо тушуниб бўлмайдиган ҳолат.
Шу боис бугундан эътиборан идоравий сайти фаолиятини тўғри ташкил этолмаётган, онлайн аудиториядан анча узоқ ташкилотлар ҳақида маълумот бериб боришга, бу билан уларга ойна тутишга қарор қилдик. Мақсадимиз бунинг аҳамиятини мутасаддиларга билдириш ва иш сифати ошишига сабабчи бўлиш холос. Ўйлаймизки, бизнинг кузатувларимиз доирасига тушадиган ташкилотлар танқидларимиздан тўғри хулоса чиқаришади.
Ушбу туркумдаги изланишни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг расмий сайтидан бошламоқчи бўлдик. Сайт яқин уч-тўрт йилда ўзгартирилмагани, мутлақо эскича шаблонда фаолият юритаётган эди. Ушбу мақолани ёзиш арафасида сайт манзилини терсак, экранда қуйидаги сурат пайдо бўлди:
Сайт янгиланаётгани бизни қувонтирди, бироқ унинг айнан қачон ишга тушиши ҳақида хабар берилмагани таажжубли. Ҳеч бўлмаса «сайтимиз тез орада ишга тушади, юзага келган ноқулайлик учун узр сўраймиз», қабилида эълон берилганда ҳам бошқа гап эди.
Охирги кирганимизда сайтнинг ҳолати жуда ачинарли ҳолатда эди. Аммо энди бу ҳақда гапириш мантиқсизлик. Янгиланган сайт ишга тушгач, бу ҳақдаги таассуротларимизни баён этармиз.
Мавзуни ўрганиш жараёнида ва мақолага сурат излаётиб, иттифоқо қизиқ бир нарсанинг устидан чиқиб қолдик. Биз Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг расмий белгиси деб биладиган логотип аслида дунёга машҳур «Boeing» компаниясининг логотипи бўлиб чиқди.
Билишимизча, ташкилот рамзи 2006 йилда танланган. Орадан шунча вақт ўтса-да, ҳеч ким бу масаланинг тагига етмаган. Ёки кимлардир бу ҳақда айтган бўлса ҳам мутасаддилар бунга эътибор қилмаган ёхуд ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолишини афзал билган.
Афсуски, бу фонднинг имижига, нафақат бу ташкилот, балки бутун Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижига соя солувчи ишдир. Эртага «Boeing» муаллифлик ҳуқуқи бузилгани учун фондни судга берса, ана кўринг томошани. Ўзи кейинги пайтда кўчирмачилик ҳақидаги хабарлар болалаб қолди. У илгариги вақтлар эди қаердандир ниманидир ўғирлашса, биров билиб, биров билмай қоладиган. Бугунги тезкор замонда бу каби ишларнинг қийиғи кўпга бормай аниқланаяпти. Ўйлаймизки, мутасаддилар бу сўзларимиздан тўғри хулоса қилишади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда аҳолини телекоммуникация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш мақсадида узоқ туманларда 2 минг километр оптик толали алоқа тизимлари қуриш, Интернет ўтказувчанлигини 2,5 баробар ошириш ва 4 мингдан ортиқ таянч мобиль алоқа станциясини ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар натижасида 600 дан зиёд аҳоли пункти Интернет ва мобиль алоқа билан таъминланади. Мана шу рақамларнинг ўзи ҳам давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, хўжалий юритувидаги субъектлар, умуман, халққа хизмат қилаётган барча идораларга огоҳлик қўнғироғи бўлмоғи, уларни электрон хизмат кўрсатиш сифатини оширишга, расмий сайт фаолиятини замонавий талаблар даражасида шакллантиришга, бунинг учун малакали мутахассисларни ишга олишга ундаши зарур деб ҳисоблаймиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter