Коронавирусга қарши вакцина пулга қилинаётгани ҳақида тарқалган хабарларга ойдинлик киритилди
Ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши вакцина хусусий сектор томонидан пуллик тарзда қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан ССВ Матбуот хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Атабековга мурожаат қилди:
«Хусусий иммунопрофилактика муассасалар (вакцинация марказлари) томонидан коронавирусга қарши эмлаш жараёнларига рухсат берилган. Шу билан бирга, ҳозирги кунда коронавирусга қарши вакциналар фақат давлат буюртмаси асосида олиб келинаётганини унутмаслик керак. Ушбу вакциналар билан аҳолининг хавф ости гуруҳига кирувчи қатламлари эмланмоқда», — дейди Н. Атабеков.
Хусусий иммунапрофилактик муассасалар ҳам ўзлари коронавирусга қарши вакцинани олиб келиб, эмлаш жараёнларини амалга оширишлари мумкин. Аммо ҳозирча бирор бир хусусий вакцинация марказида бундай амалиётлар ўтказилмаяпти.
Қайд этиш лозимки, кейинчалик мамлакатимизга олиб келинаётган вакциналарга давлат буюртмаси шакллантирилаётган чоғда хусусий сектор эҳтиёжи ҳам эътиборга олинса (бугунги кунда вакциналарни ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш қуввати эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаяпти), уни юртимизга етказиб бериш билан шуғулланадиган ташкилот, шу жумладан, «Дори-дармон» АК томонидан ҳам хусусий секторга йўналтирилиши мумкин.
Аммо ҳозирча фақат давлат муассасаларида хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter