Коронавирус: 453 нафар юртдошимиз тиббий кузатув остида
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 24 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра дунё бўйича 79 363 нафар, Хитой Халқ Республикасида 77 262 нафар шахслар коронавирус «COVID-19» инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 416 нафарни (0,5%) ташкил этмоқда. Касалланганларнинг 11 633 нафари оғир аҳволда бўлиб, 2 595 нафари ушбу касалликдан вафот этган. Касаллик Хитой Халқ Республикасидан ташқари дунёнинг 28 давлатида 2 101 нафар фуқарода қайд этилган.
Жорий йилнинг январь ойидан 24 февраль кунига қадар бўлган муддатда Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтган 4608 нафар фуқароларимиз тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 4155 нафар фуқароларда касалликнинг яширин даври (14 кун) якунлангани ва тиббий кўрик давомида ҳеч қандай коронавирус «COVID-19» инфекцияси белгилари аниқланмаганлиги боис тиббий кузатув ишлари якунланди. Бугунги кунда 453 нафар фуқаролар саломатлиги устидан тиббий кузатув давом эттирилмоқда.
Маълумот учун. Жорий йилнинг 23 февраль куни Тошкент халқаро аэропортига хорижий давлатлардан 32 та рейс орқали 4 573 нафар, темир йўллар орқали 5 та поездда жами 469 нафар шахслар, шунингдек, давлат чегара божхона постлари орқали 2 044 та автотранспортларнинг эгалари ва 36 616 нафар йўловчи шахслар термометриядан ўтказилган, шулардан 32 нафари Хитой Халқ Республикаси фуқаролари ҳамда 3 нафари Хитойда бўлиб, қайтаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир.
Коронавирус «COVID-19» инфекциясига қарши курашиш тадбирлари давомида эпидемиологик кўрсатмага асосан жорий йилнинг 24 февралига қадар жами
1 218 та намуна коронавирус инфекциясига текширилди ва коронавирус инфекцияси аниқланмади.
Шунингдек, жорий йилнинг 24 февраль куни Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи Б.И.Алматов рахбарлигида Агентлик тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, коронавирус инфекциясига қарши марказий штаби аъзолари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари бош врачлари иштирокида коронавирус «COVID-19» инфекциясининг мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи Баҳром Алматов бир дақиқа ҳам хушёрликни йўқотмаслик бугунги кун талаби эканлигини, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда соҳа ходимлари халқимизга садоқат билан хизмат қилиб бор куч-ғайратини ишга солиш лозимлигини таъкидлади.
Йиғилиш давомида соҳа мутахассислари томонидан коронавирус «COVID-19» инфекцияси бўйича дунёдаги эпидемик вазият атрофлича муҳокама қилинди ва келгусида амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 24 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллиги қайд этилмади.
Мамлакатимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларда мутасадди вазирликлар, идоралар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.
Бу касалликни Республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги томонидан назоратга олинган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги
коронавирус инфекциясига қарши марказий штаби
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter