Контрафакт — соғлиқ, сифат ва иқтисодиёт кушандаси
Кеча, 27 сентябрь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги билан ҳамкорликда контрафакт матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилишининг олдини олиш, улар савдосига қарши ҳамкорликда курашиш, ота-оналарни бу каби маҳсулотларни харид қилмасликка чақириш, бу жараёнга кенг жамоатчиликни жалб этиш мақсадида «Контрафакт — соғлиқ, сифат ва иқтисодиёт кушандаси» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Агентлик расмий сайти хабар тарқатди.
Айтиб ўтиш керакки, республикамиз ҳудудига контрафакт матбаа маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш манбаларини аниқлаш ва бу жараёнларнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан доимий равишда турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда республика ва ҳудудий телерадиоканаллар, матбуот нашрлари, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам чиқишлар қилинаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, аҳолини контрафакт маҳсулотларидан огоҳликка чақирувчи мавзуда бир нечта ижтимоий роликлар тайёрланиб, эфирга узатилди.
— Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва самарали татбиқ этиб келинаётган Ҳаракатлар стратегияси доирасида жамиятимизнинг барча соҳаларида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди ЎзМАА Бош директори Л.Тангриев. — Хусусан, оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган 10дан ортиқ қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Нашриёт-матбаа ижодий уйлари, ноширларимиз турли халқаро миқёсдаги кўргазма ва бошқа тадбирларда иштирок этиб, ютуқларни қўлга киритишмоқда. Умуман олганда соҳага замонавий технологиялар киритилмоқда, инновацион ғоялар тартбий этиляпти. Булар, албатта, қувоннарли, аммо соҳада етарлича хатоларнинг мавжудлиги, камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ачинарли ҳол.
Матбуот анжумани мавзусини контрафакт маҳсулотлари ва уларга қарши курашга бағишлаганимиз ҳам бежиз эмас. Сабаби улар жуда кўпайиб кетмоқда. Бу эса ўз навбатида болалар, фуқаролар соғлиғига зарар етказмоқда. Оқибатда давлатимиз иқтисодиёти катта зиён кўрмоқда. Бу каби «ҳамкасб»ларимизнинг борлиги нафақат улар, балки бизнинг номимизга ҳам яхши эмас.
Уларга қарши курашда Матбуот ва агентлиги ёлғизланиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам бу жараёнда ноширлар, матбаачилар, Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар биргаликда ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Шундагина аниқ ва самарали натижага эришишимиз мумкин, — дейди Л.Тангриев.
Маълумот ўрнида айтиш зарурки, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган матбаа корхоналарининг умумий сони 1718 тани ташкил этади. Шулардан 82 таси китоб ва дарсликлар, 294 таси даврий босма нашрлар, 51 таси дафтар, 91 таси канцелярия ва бланклар, 385 таси реклама, 815 таси эса бошқа йўналишдаги матбаа маҳсулотларини чоп этишга ихтисослашган. Мазкур корхоналарнинг 992 таси (57,7 фоизи) Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 726 таси (42,3 фоизи) Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлар ҳудудларида жойлашган.
— Агентликда бу соҳада етарлича мутахассислар мавжудлигини ҳисобга олиб, улар томонидан ўтказилган текширишларда ДСҚ ходимлари, албатта, иштирок этади ва аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чораларни кўради, — дейди ДСҚ бош инспектори И.Эргашев. — Контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларнинг савдоси билан шуғулланганлик учун, аниқроқ қилиб айтганда асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан ноқонуний фойдаланиш, шу баробарида асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини тайёрлаш, тарқатиш, омма эътиборига етказиш ёхуд асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларида тайёрловчилар, ишлаб чиқариш жойлари, шунингдек муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар эгалари ҳақида ёлғон маълумотларни кўрсатганлик учун «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексга кўра, фуқароларга — энг кам ойлик иш ҳақининг1 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солиниши белгилаб қўйилган.
Ҳозирда қонуний асосда фаолият юритиб, жамият ва мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ва бу орқали яхшигина даромадга эга бўлаётган корхоналар сони талайгина, аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, соҳада қонун талабларини менсимайдиган, шахсий манфаат йўлида давлат иқтисодиёти ва кишилар соғлиғига зарар етказишдан тоймайдиган «учар»лар ҳам учраб туради.
Агентлик томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида ўндан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, Навоий вилоятида якка тартибдаги тадбиркор Г. Исаева «Баёз» нашриёти грифи остида чоп этилган қалбаки китоб савдоси билан шуғулланган. Қашқадарё вилояти Қамаши шаҳрида жойлашган «Китоблар дурдонаси» дўконида эса қўлбола усулда тайёрланган мактаб дарсликлари сотилаётгани аниқланган. Ёки «Smart Brain» OK, «Sun Trade Group», «Brok class servis» ва «Qog‘oz Kapital Biznes» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан давлат стандартларига зид равишда ишлаб чиқарилган 12 ҳамда 48 варақли дафтарлар пойтахт бозорларида сотувга чиқарилган. Тошкент шаҳридаги «Чорсу» бозори атрофида жойлашган савдо дўконлари ва расталарида, Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган «Илм шуъласи» улгуржи бозорида ҳам бир қатор фактлар аниқланиб, қонуний чора кўриш учун ваколатли органларга юборилган.
Кўрилаётган чораларга қарамай, бозор ва савдо растларида турли хилдаги сифатсиз, миллий маънавиятимизга зид, «оммавий маданият»ни тарғиб этувчи маҳсулотлар савдоси камаймаётгани кузатилмоқда. Айниқса, мактаб бозорларида хорижий мамлакатлардан келтирилаётган маҳсулотлар келажак авлод онги ва руҳиятига, таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши билан ташвишлидир.
Бундай ҳолатларнинг юзага келиши, аввало, айрим олғир тадбиркорларнинг нафсга қул бўлиб, яширин цехларда ўзганинг маҳсулотидан нусха кўчириб, солиқдан қочиб, савдо қилаётганлиги, кўпроқ фойда олиш учун стандартда белгилангандан кўра, енгил ва сифатсиз қоғозни ишлатаётганлиги, турли қинғир йўллар билан хориждан миллий стандартларимизга зид маҳсулотлар кириб келаётганлиги билан боғлиқ.
Тадбир иштирокчилари томонидан контрафакт матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва савдосига қарши кураш бўйича қуйидаги таклифлар киритилди:
- контрафакт матбаа маҳсулотлар ишлаб чиқарилишининг олдини олиш, ота-оналарни уларни харид қилмасликка чақириш, бу маҳсулотлар етказиши мумкин бўлган зарарлар ҳақидаги ижтимоий роликларни тайёрлаш, уларни телевидение, радио, босма нашрлар, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқатиш;
- контрафакт матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқарганлик ёки унинг савдоси билан шуғулланганлик учун жарима миқдорини ошириш;
- ишлаб чиқарувчилар ўртасида соғлом рақбот муҳитини яратиш;
- босмахона-нашриёт-харидор ўртасида уч томонлама шартнома тузилишини йўлга қўйиш;
- Матбуот ва ахборот агентлиги, ДСҚ, «Ўзстандарт» агентлиги ва бошқа мутасадди вазирлик ҳамда идоралар учун ягона мониторинг ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек уни амалга киритиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter