Конституциянинг 70-75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилади
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашувда халқимизга мурожаат қилди.
«Шундан келиб чиққан ҳолда ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг ўзига хос этник, маданий хусусиятлари, миллий урф-одат ва қадриятлари, алоҳида ҳуқуқий мақомини эътиборга олиб, лойиҳадаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид нормаларни ўзгартиришсиз қолдириш зарур, деб ҳисоблайман. Яъни, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан ушбу масалани тез кунларда кўриб чиқишни сўрайман.
Қадрли Қорақалпоғистон аҳли!
Такрор айтаман – асрлар давомида ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасида шаклланган азалий дўстлик ва қардошлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, оғизбирчилигимизни асраб-авайлайлаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини сақлаш – барчамизнинг бурчимиздир.
Конституциявий ислоҳотларимизнинг бош мақсади ҳам айнан мана шундан иборат», – деди Шавкат Мирзиёев.
«Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистонни албатта биргаликда қурамиз! Шу соҳадаги барча ислоҳотларимиз, муҳокамаларимиз, ҳеч шубҳасиз, демократия ва ҳуқуқий мезонлар асосида амалга оширилиши зарур.
Айни вақтда тинчлик ва осойишталик, жамоат хавфсизлигини бузишга уринаётган ҳар қандай шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади.
Ўзбекистонда «Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар» деган қоидани амалда таъминлаш учун барча куч ва имкониятлар етарли.
Ҳозирги вазиятда барча юртдошларимизни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка, оқилона иш кўришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмасликка даъват этаман.
Мен олижаноб ва бағрикенг қорақалпоқ халқининг ақл-идроки ва донишмандлигига ишонаман», деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter