Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар бўйича Президент қарори имзоланди
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Қарорга мувофиқ қуйидагиларни амалга оширишда Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан (Реестр) кўчирма «ягона дарча» тамойили асосида берилади:
- кўчмас мулк битимларини нотариал тасдиқлашда (кўчмас мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқлар бундан мустасно);
- «E-IJRO AUKSION»да кўчмас мулкни аукцион орқали сотишда;
- нотурар кўчмас мулк бўйича риэлторлик ташкилотлари томонидан хизматлар кўрсатишда;
- арзон уй-жойлар қуришда қатнашаётган банклар томонидан – қурилиши тугалланган уй-жойни расмийлаштиришда.
2019 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳридаги, 2020 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларидаги кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат электрон шаклдаги кадастр паспорти тайёрланганидан кейин нотариуслар томонидан электрон киритилади ва мулкдорга Реестрдан кўчирма берилади.
Қарорга кўра, 2020 йил 1 январдан кўчмас мулкнинг янги эгалари тўғрисидаги маълумотлар коммунал хизматларнинг ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади. Бунда коммунал хизматлар мулкнинг янги эгаларидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.
Шунингдек, 2020 йил 1 январдан қуйидагилар кадастр органларига электрон юборилади:
- банклар томонидан уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини ҳамда ипотекани давлат рўйхатидан ўтказишда уй-жойни қабул қилиб олиш далолатномаси ва бошқа зарур ҳужжатлар;
- Давлат активларини бошқариш агентлиги ва риэлторлик ташкилотлари томонидан кўчмас мулк объектини «E-IJRO AUKSION»да сотиш ва риэлторлик хизматлари кўрсатиш орқали вужудга келган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур маълумотлар.
Ташкилотларнинг маълумотлари асосида мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда ариза талаб этилмайди.
Қарор билан қуйидаги тартиблар бекор қилинди:
- кўчмас мулкни бегоналаштиришда нотариусга бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш;
- давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга кадастр органининг штампи қўйилишини талаб қилиш;
2020 йил 1 январдан қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқи ва ипотекани кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш ҳамда банкка мулк ҳуқуқига оид ҳужжат нусхасини ва ипотека бўйича штамп қўйилган кредит шартномасини тақдим этиш бўйича қарз олувчининг мажбуриятлари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter