Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Иттифоққа қўшилиш: кимлар истайди, кимлар эса қарши?

Иттифоққа қўшилиш: кимлар истайди, кимлар эса қарши?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан «Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига ва Жаҳон савдо ташкилотига эҳтимолий аъзо бўлишини баҳолаш» мавзусида сўровнома ўтказди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га марказнинг матбуот хизмати маълум қилди.

Сўров аноним шаклида ўтказилиб, унда тадқиқотчилар, олимлар, давлат хизматчилари, хусусий сектор вакиллари, ўқитувчи ва талабалар иштирок этгани айтилади. Таъкидланишича, сўровномада барча ҳудудлардан 1 300 нафардан ортиқ киши иштирок этган. Сўровнома иштирокчиларининг кўпчилиги талабалар – 479 нафар (37 фоиз) ташкил этди, иккинчи ўринда хусусий сектор вакиллари: 356 нафар (27 фоиз). Давлат хизматчилари – 252 нафарни (19 фоиз), ўқитувчилар – 155 нафарни (12 фоиз), олимлар/тадқиқотчилар 53 нафарни ташкил этган бўлса, бошқа касблар эгаларидан 13 нафари сўровномада иштирок этган.

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 74 фоизи Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишини қўллаб-қувватлайди. Респондентларнинг 16 фоизи қарши, 4 фоизи бетараф бўлса, 6 фоизи жавоб беришга қийналишган.

Ҳудудлар кесимига қаралса, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари респондентларининг энг кўп (90 фоиздан ортиқ) ЕОИИга қўшилишни қўллаб-қувватлаши аниқланди.

Интеграцион бирлашмага қўшилишга қарши бўлганларнинг улуши Андижон вилоятида устун (32 фоиз), иккинчи ўринни Тошкент шаҳри (26 фоиз), ундан кейин Фарғона вилояти (21 фоиз) эгаллайди.

Иттифоққа қўшилиш тарафдорлари аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ (82 фоиз ва 73 фоиз). Шу билан бирга, 20дан паст ва 40 ёшдан каттароқлар орасида қўшилиш тарафдорлари кўп бўлган (80 фоиз).

Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишини қўллаб-қувватламайдиганларнинг улуши 30-39 ёшдаги (23 фоиз) фуқаролар орасида юқоридир. Шунингдек, таҳлилларга кўра, қўшилишни қўллаб-қувватловчи фуқаролар сони ўқитувчилар, талабалар ва хусусий сектор вакиллари орасида (76 фоиз) тадқиқотчилар ва давлат сектори ходимларига нисбатан (66 фоиз) юқори.  

Респондентларнинг 45 фоизи қўшилиш учун асосий хавф учинчи мамлакатлардан (ЕОИИдан ташқари) келадиган импорт маҳуслотлари Иттифоқ мамлакатлари маҳсулотлари билан алмаштирилиши деб кўрсатилган. Респондентларнинг 42 фоизини ташқи рақобат ошган сари ички ишлаб чиқариш ва иш ўринлари камайиб кетиши ташвишга солган. Аҳоли томонидан энг кам ташвиш уйғотадиган (13 фоизи) масала давлат бюджети даромадларини камайиши эҳтимоли эканидир.

 

ЕОИИга аъзо бўлишнинг энг асосий афзалликлари сифатида товарлар ва хизматлар нархларининг пасайиши, шунингдек, рақобат кучайиши натижасида маҳсулот сифатининг ошиши каби омиллар кўрсатилган: (51 фоиз). Респондентлар томонидан ижобий баҳоланган кейинги долзарб масала (24 фоиз) маҳаллий маҳсулотлар учун экспорт бозорларини кенгайиши натижасида янги иш ўринлари яратилиши бўлди.

Сўровнома иштирокчиларининг 15 фоизи меҳнат муҳожирларининг шароитлари яхшиланишини инобатга олишган. Шу билан бирга, респондентларнинг 10 фоизи умумий меҳнат бозорининг шаклланиши натижасида ишчи кучининг давлатлараро ҳаракати янада эркинроқ бўлади деб баҳолашган.

Эслатиб ўтамиз, парламентимизнинг ҳар икки палатаси Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи сифатида иштирок этишини маъқуллади.

Энди Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) эҳтимолий аъзолик масаласига доир сўровнома натижалари ҳақида.

Умуман олганда, сўровнома иштирокчиларининг аксарияти (78 фоизи) Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини қўллаб-қувватлашмоқда. Шу билан бирга, 8 фоизи қарши эканликларини билдиришган. Респондентларнинг 7 фоизи эса жавоб беришда иккиланишшган.

Ҳудудлар кесимида Навоий, Сурхондарё вилоятларида, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасида (84-91фоиз) ЖСТга аъзо бўлиш энг кўп қўллаб-қувватланади. Қаршилар Тошкент шаҳри (13 фоиз), Тошкент (18 фоиз) ва Андижон вилоятларида (12 фоиз) кўпроқ.

Сўров шуни кўрсатдики, ЖСТга аъзо бўлишни қўллаб-қувватловчи фуқароларнинг улуши ҳам аёллар, ҳам эркаклар ўртасида бир хил (78 фоиз). Шу билан бирга, қўшилишни қўллаб-қувватламайдиганлар орасида эркаклар сони кўпроқ (9 фоиз ва 5 фоиз).

Ёш тоифасига кўра, ЖСТга қўшилишни 20 ёшгача бўлганларнинг аксарияти (86 фоиз) қўллаб-қувватлашган бўлса, 40 ёшлилар орасида кўрсатгич нисбатан кам бўлди (68 фоиз).

ЖСТга қўшилишга энг кўп овоз берган ўқитувчи ва талабалар (84 фоиз) бўлса, хусусий сектор вакиллари орасида эса бу фикрни қўллаб-қувватлаганлар нисбатан камроқ бўлган (70 фоиз).

Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликнинг фуқаролар орасида энг катта хавотирли томони – иқтисодиётнинг асосий тармоқлари устидан ташқи назорат бўлиб, унинг натижасида мазкур соҳалар хорижлик тадбиркорларга ўтиши мумкин. Респондентларнинг 44 фоизи ушбу масалада ўз хавотирларини билдиришган.

Респондентларнинг 42 фоизи товарлар ва хизматлар импортини ошиб кетиши натижасида маҳаллий корхоналар фаолиятига салбий таъсири бўлиши мумкинлигини эътироф этишган. Респондентларнинг 14 фоизини эса давлат даромадларини камайиши эҳтимоли безовта қилмоқда.

Респондентларнинг 34 фоизи – ЖСТга қўшилишнинг асосий афзаллиги рақобат муҳитининг яхшиланиши, товарлар ва хизматлар нархлари пасайиши ҳамда сифатга ижобий таъсир қилади, деб ҳисоблашади.

Респондентларнинг 16 фоизи миллий ишлаб чиқариш ва иш ўринлари хорижий инвестициялар оқими натижасида кўпаяди, деган фикрда. Яна шунча иштирокчи эса экспорт бозорларини кенгайтириш миллий ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратиш имконини беради, деган қарашга эга.

Сўровда иштирок этганларнинг 11 фоизи ЖСТга қўшилиш Ўзбекистоннинг халқаро имиджини яхшилашини билдиришган.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг