«Келишди, кўришди, ваъдалар беришди, яна ғойиб бўлишди»

Ёшлар саноат зонаси учун ажратилган миллиардлар қани?
Салом «Xabar.uz», яна Андижон шаҳар Ёшлар саноат зонасидан чиқяпмиз, дея навбатдаги мурожаат келди тадбиркорлардан.
Аввалроқ муаммо кўтарилганидан кейин бу ерга қатор мутасаддилар — электр, сув таъминоти раҳбарлари, шаҳар ҳокимлиги вакиллари келишди. Яна кўпдан-кўп ваъдаларни беришди, муаммолар ҳал бўлишини айтишди, сўнг «ғойиб бўлишди». Икки ҳафта бўляптики, улардан дарак йўқ.
Биз тадбиркорлар ўзимиз ҳар бир кўчаларга шағал олиб келиб ётқиздик.
Умуман, шу кунгача президент қарорида келтирилган шароитларни таъминлаш учун фақатгина ўзимиз ҳамма нарсаларни қилиб келмоқдамиз. Давлатимиз томонидан Ёшлар саноат зонаси учун 7 миллиард сўмдан кўпроқ пул ажратилган бўлса, улар қани?
1.450.000.000 (бир миллиард тўрт юз эллик млн) сўм инфратузилмаларга харажат қилинди дейишяпти. Лекин бу суммага нималар олинган? Қани улар? Чунки симёғоч+сим+газ труба+йўлларга шағалларни тадбиркорлар ўзимиз ҳисобимиздан харажат қилганмиз.
Биз тадбиркорлар умумий инвестиция шартларини бажариб қўйдик. Ишчилар масаласини ҳал қилдик, ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, лекин бунақа электр, сув, газ ўчиб турса, қанақасига ишлаб бўлади?
Келаётган масъуллар буни била туриб, ҳал қилиб беришмаса, дардимизни ким эшитади?
Ажратилган ерлар учун ҳали бирор қиши тегишли қарорни олмади, инвестиция шартлари бажарилганда берилади, дейилганди, лекин ҳалигача бу масалада ҳам жим-житлик, дейди тадбиркорлардан бири.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter