Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кашандалик — кушандалик

Кашандалик — кушандалик

Фото: «haeaty.com»

Инсон саломатлиги учун ўта хавфли эканлиги аллақачон исботланганига қарамасдан, башарият ҳамон воз кечолмаётган иллат — сигарет чекиш, бошқача айтганда, кашандаликдир. У, афсуски, мусаффо осмонни заҳарли тутунга тўлдириб, одамзоднинг узоқ умр кўришдек азалий орзусига ҳам тўсиқ бўлиб келаяпти. Бинобарин, буюк ҳаким Абу Али ибн Сино ёзганидек, «Агар чанг ва ғубор бўлмаганида эди, инсон минг йил яшарди...». Тамаки тутуни таркибида эса нафақат чанг ва ғубор, балки сизу биз тасаввур ҳам қилолмайдиган 4000 дан ортиқ заҳарли моддалар бор.

Умр заволи

Кашандалик кундалик ҳаётнинг шу қадар ажралмас қисмига айланганидан, мана, неча йиллардирки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар бошчилигида унга қарши кураш олиб борилса-да, бу иллатни батамом бартараф этишнинг имкони бўлмаяпти. Мисол учун, сайёрамизнинг экологик софлигини таъминлаш, чекиш билан боғлиқ хасталиклар ва ўлимни камайтириш, келгуси авлодни ҳар томонлама соғлом ҳамда баркамол этиб вояга етказиш мақсадида 1988 йилдан эътиборан ҳар йили 31 май Жаҳон чекишга қарши кураш куни (айрим давлатларда Жаҳон тамакисиз куни деб ҳам аталади) сифатида нишонлаб келинади. Шу куни бутун дунёда чекишнинг салбий оқибатларини кўрсатиш, башариятни бу иллатдан воз кечишга чақириш, кашандалик билан боғлиқ хасталикларни камайтиришга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар яна бир карра огоҳликка чорланади. 1977 йилдан бери эса ноябрь ойининг учинчи пайшанбаси Халқаро чекишни ташлаш куни сифатида белгиланиб, барча шу куни чекишни ташлашга чақирилади. Қолаверса, 2005 йили Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан БМТнинг Тамакига қарши кураш бўйича конвенцияси қабул қилинган бўлиб, айни пайтга қадар у сайёрамиз аҳолисининг қарийб 87 фоизи истиқомат қилувчи 170 дан зиёд мамлакат томонидан ратификация қилинган.

Таассуфки, жаҳон ҳамжамиятининг бу каби глобал саъй-ҳаракатларига қарамасдан, тамаки етиштириш ва истеъмол қилиш кўрсаткичи барибир пасаймаяпти.

Қайсар рақамлар нима дейди?

Келинг, шу ўринда айрим фактларга назар ташласак.

Халқаро тамаки етиштирувчилар уюшмаси маълумотларига кўра, айни пайтда дунёнинг 125 давлатида 4 миллион гектар ерга тамаки экилади*. Бу сайёрамиздаги экин майдонларининг бир фоизи тамаки етиштиришга ажратилганини билдиради. Унинг учдан бир қисми эса Хитойга тегишлидир. Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб тамаки етиштириш АҚШ, Канада ва Мексикада анча камайган, бироқ Осиё ва Африка қитъаларида сезиларли даражада ошган. Сўнгги эллик йил мобайнида тамаки етиштириш икки баробар кўпайган. Статистикага кўра, жаҳонда ишлаб чиқарилаётган барча тамаки маҳсулотларининг учдан икки қисми бешта мамлакат — Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Қолаверса, Зимбабве, Индонезия, Италия, Греция, Малави, Покистон ҳамда Аргентина ҳам энг йирик ишлаб чиқарувчилар сирасига киради. Етиштирилган тамакининг 80 фоизи сигарет тайёрлашга, қолган қисми эса чайналувчи ва трубкага солиб чекилувчи ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Ташвишланарлиси эса ривожланишдан ортда қолган ва ривожланаётган давлатларда тамаки истеъмоли кун сайин ортиб бормоқда.

Тамаки нафақат чекиш вақтидаги заҳарли иси, балки уни етиштириш туфайли юзага келадиган зарари билан ҳам сайёрамизга катта кўламда хатар туғдираётгани бор гап. Тадқиқотларда аниқланишича, тамаки экилган майдонда ернинг қуввати шу қадар пасайиб кетадики, маданийлаштирилган бошқа ҳеч бир ўсимлик она заминга бу қадар улкан зиён етказмайди.

Бир кунда 1,3 миллиард долларлик тутун

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қайд этишича, бир йил мобайнида дунё бўйича 5,5 триллион дона сигарет ишлаб чиқарилади ва бу тамаки маҳсулотлари умумий ҳажмининг 96 фоизини ташкил қилади. Ҳисоб-китобларга қараганда, бир кеча-кундузда сайёрамиз бўйлаб 15 миллиард дона сигарет сотиб олинади. Бунинг учун кунига ўртача 1,3 миллиард АҚШ доллари сарфланади.

Хитой дунёда энг кўп сигарет ишлаб чиқариладиган мамлакатдир. Бу ерда бир йилда қарийб 1,8 триллион дона сигарет тайёрланади. Кейинги ўринларда АҚШ (490 миллиард дона), Россия (380 миллиард дона) ва Япония (216 миллиард дона) туради. Жаҳон миқёсида сигарет ишлаб чиқариш соҳасида 2 миллионга яқин киши меҳнат қилади.

Кимга фойда-ю, кимга зиён?

Яқинда АҚШ федерал савдо комиссияси ҳар бир кашанданинг сигарет учун сарфлайдиган бир доллари ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ўртасида қандай тақсимланишини ўрганиб чиқди. Бунда дунё мамлакатларидаги қонунчилик ва солиқ солишнинг ўзига хос тенденциялари ҳам инобатга олинди. Тадқиқотда аниқланишича, чекувчи инсон сарфлайдиган бир доллар маблағнинг ўртача 3 центи тамаки етиштирувчига, 7 центи қоғоз, филтр ва бошқа компонентларни тайёрловчиларга, 43 центи сигарет ишлаб чиқарувчиларга, 21 центи транспорт ва савдо компанияларига, 26 центи эса солиқ идораларига тегар экан.

SOS: кашандалик «ёшармоқда»

Афсуски, бугун дунёда чекувчиларнинг тобора «ёшариб» бораётгани кузатилмоқда. Масалан, ривожланган давлатларда одамлар 18 ёшдан, ривожланаётган мамлакатларда 15, қолоқ давлатларда эса ҳатто 13 ёшдан бошлаб чекишга ружу қўйишаяпти. Кашандалар сафига ҳар йили 80-100 минг нафар вояга етмаганлар кириб келаётир. Уларнинг ҳар 10 тадан 8 таси келгусида бу иллатдан қутулолмаётгани эътиборга олинса, мазкур хавфнинг тобора глобал аҳамият касб этаётгани ойдинлашади.

Айни пайтда дунёда 1,5 миллиард нафар кашанда бор. Аҳоли сонига нисбатан олсак, Науру, Гвинея, Намибия, Кения, Босния ва Герцеговина, Мўғулистон, Яман, Сан-Томе ва Принсипи, Туркия, Руминия энг кашанда давлатлар сирасига киради. Улар аҳолисининг қарийб 50 фоизи сигарет чекар экан. Жон бошига ҳисобласак, бу борада Греция етакчи: бу давлатда бир кунда жон бошига ўртача 12 та сигарет чекилади.

Ўлимга элтувчи «лаззат»

Сигаретнинг табиий муҳитга зарари, саломатликка зиёни ҳақида қанча кўп гапирилмасин, ундан воз кечувчилардан кўра кашандаликка ружу қўяётганлар сони ортиб бориши сигарет туфайли пайдо бўладиган хасталикларга чалинаётган ва, ҳаттоки, унинг қурбонига айланаётганлар сони пропорционал равишда ўсишига олиб келмоқда. Бу борада қуйидаги далилларга эътибор қаратиш кифоя: ЖССТнинг маълумотларида қайд этилишича, ҳар 8 сонияда (10 йил аввал бу кўрсаткич 12 сонияга тенг эди) бир киши, бир йилда 6,4 миллион киши тамаки истеъмол қилиш ёки пассив кашандалик оқибатида орттирилган касаллик туфайли вафот этаяпти. Уларнинг қарийб ярми Хитой, Ҳиндистон, АҚШ ва Россия аҳолиси ҳиссасига тўғри келади.

Бугун курашмасак, эртага кеч бўлади

Қолаверса, тамаки етиштириш ва унинг истеъмоли туфайли табиат ҳам жиддий зарарланмоқда. Бир дона сигарет чекилганда атроф-муҳитга тарқаладиган заҳарли газларни қўяверинг, унинг оддий филтри тамомила йўқ бўлиб кетиши учун ҳам 10 йил кетар экан. Ваҳолонки, ҳар йили ана шу филтрларнинг 770 минг тоннаси чиқинди сифатида йиғилади. Улардан эса ҳавога 845 минг тонна ацетат моддаси тарқалади. Бу чиқиндининг аксарияти дарёларга ташланиши оқибатида сув ва сувости олами улкан зиён кўраяпти. Бинобарин, мазкур чиқиндилар соҳил бўйларини энг кўп ифлослантирадиган омилга айланмоқда. Уларни тозалаш эса жаҳон иқтисодиётига бир неча миллиард АҚШ долларига тушаяпти. Яхшилаб ўчирилмаган сигарет қолдиқлари туфайли юз берадиган ёнғинлар ҳам бугун инсоният учун катта бошоғриққа айланган...

Соғлом фикр соғлом танага боғлиқ

Мамлакатимизда кашандаликка қарши кураш бўйича кўплаб эзгу ишлар қилинмоқда. Хусусан, 2012 йилнинг 5 апрелида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 7 ноябрдаги буйруғи билан тасдиқланган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ва (ёки) хона ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштириш тартиби тўғрисида»ги низомга биноан иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида чекишни тақиқловчи белгилар ўрнатилиб, унга риоя этмаган фуқароларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 561-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солиниши қатъиян белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, ҳар йили юртимизда чекишнинг олдини олиш, ёшларни бу иллатдан асрашга қаратилган турли-туман фестиваллар, танловлар, марафонлар ўтказимоқда, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир.

Юқорида айтилганлардан хулоса қилсак, чекиш нафақат умр заволи, балки ўзимиз ўтирган шохга ўзимиз болта уришимиз билан тенг иллатдир. Лоақал бир кун чекмасак ҳам қанчалар улкан фойда келтиришимизни тасаввур қилиб кўринг-а... Шундай экан, ундан қанча тез қутулсак, ўз соғлиғимиз ва атрофимиздагиларнинг саломатлигини яхшилашга, табиат мусаффолигини таъминлашга шунча катта ҳисса қўшган бўламиз. Бунинг учун эса ҳар бир чекувчидан мустаҳкам ирода, қатъий интилиш талаб этилади, холос.

Ҳасан Тошхўжаев

* Материалдаги маълумотлар 2017 йилнинг ноябрь ойига оиддир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг