Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Карантин вақтида меҳнатга ва меҳнат таътилига қандай ҳақ тўланади?

Карантин вақтида меҳнатга ва меҳнат таътилига қандай ҳақ тўланади?

АОКА штабида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси Бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулруҳ Ниёзметова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан вазирлик фаолиятига оид кўтарилган савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

— Кеча раҳбаримиз телефон қилиб: «Сиз охирги иш ҳафтасида уйда ўтириб ишламоқдасиз, шу сабаб сизга мазкур иш ҳафтаси учун тўланиши лозим бўлган иш ҳақининг ярми тўланади», — деди. Айтингчи, мен уйда ўтириб ишласам, ойлигимнинг ярми тўланадими?

— Уйда ишлашга ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг уйда ишлашга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;

меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида.

Демак, ушбу ҳолатда Сизга ойлик иш ҳақлари иш берувчи ва сиз ўртангизда тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилган тартибда ТЎЛИҚ ТЎЛАБ БЕРИЛАДИ!

Асос — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/Б сонли Буйруғи билан (Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 мартда 3228-рақами билан рўйхатдан ўтказилган) карантин даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказиш вақтинчалик тартиби тўғрисида тасдиқланган Низомнинг 22-банди.

— Темир йўл тизимида ишлайман. Карантин туфайли ва корхонамиз вақтинча ишламаслиги маълум қилиниб, биздан кадрлар бўлими бошлиғи ўз ҳисобимиздан 15 кунга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқиш учун ариза ёзиб беришимизни талаб қилди. Шошиб тезда ариза ёзиб бердим. Бироқ, ОАВда карантин давридаги таътиллар учун иш ҳақлари тўлиқ тўланади дейишмоқда. Қонуний тартиби қандай?

— Идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чораларини кўриш белгиланган.

Ходимни иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга ФАҚАТ ЎЗ РОЗИЛИГИ БИЛАН чиқарилади!

Асос — 1. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддаси. 2. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли "Коронавирус инфекцияси трақалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорнинг 2-банди.

Бу ҳолатда Сиздан иш ҳақи сақланган ҳолда меҳнат таътилига чиқариш ҳақида ариза ёздириб олиб, иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил берилиши МУМКИН ЭМАС! Бу қонунчиликка зид.

— Раҳбаримиз мени масофадан иш усулига ўтиб ишлайсан деб, ташкилотда ишлашга рухсат бермади, мен бунга рози бўлдим, лекин менга масофадан ишлашга умуман шароит яратиб бермади ва тегишли топшириқларни ҳам бермади. Энди менга раҳбаримиз иш ҳақи тўламаслигини айтмоқда, ишламаганим рост, аммо бунда менинг айбим йўқку, шу тўғрими?

— Меҳнат кодексининг 159-моддасига асосан, масовафий иш усулида иш берувчи ходимга шароит яратиб бермаса ва топшириқлар бермаса, ХОДИМНИНГ АЙБИСИЗ бекор туриб қолиш ҳисобланади ва ходимнинг ўртача ИШ ҲАҚИ САҚЛАНИШИ ЛОЗИМ!

— Мен январ ойида меҳнат таътилига чиқиб бўлганман, менга директор яна меҳнат таътили бериши керакми ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилми?

— Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилиши давом этиши муносабати билан, ходимнинг меҳнат таътили тугаш куни ишга чиқиш имконияти мавжуд бўлмаса, иш берувчи номига қуйидаги мазмундаги аризани юборади:

➖ муддати ва бошланиш санаси кўрсатилган иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил олиш бўйича;

➖ масофавий иш усули, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш бўйича.

Иш берувчи ходимга аризасида кўрсатилган санадан бошлаб тўлиқ муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил беришга мажбур. Мазкур меҳнат таътили унинг муддатидан қатъи назар ходимнинг ИШ СТАЖИГА КИРАДИ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг