Жўра бобо Ёдгоров: «Мени ёшимга эмас, бўйимга қараб фронтга жўнатишган»
1944 йилнинг кузи. Жўра Ёдгоров тенгдошлари билан даладаги ҳосилни йиғиб-териб олаётганида узоқдан колхоз раиси кўринди. Уларнинг олдига келди-ю, тўрт нафарига чақирув қоғозини тутқазди.
Совуқ урушнинг шамоли ҳар бир хонадон, ҳар бир гўшада кезиб юрган пайт. Чироқчининг забардаст йигитлари қатори Жўра ака ҳам яқинлари, қишлоқдошлари билан хайрлашиб фронтга отланди. Йиғилганлар «ой бориб, омон қайт» дея кузатиб қолдилар. Жўра ака аввал Қозоғистоннинг Семей (Семипалатинск) шаҳрида уч ойлик тайёргарлик машқларида қатнашди. Сўнгра фронтга жўнатилди.
1945 йилда оёғидан яраланди, санитария батальонида соғлиғини тиклади. Шу кезларда унга қишлоқдан мактуб келди. Унда «...эр-йигитлар фронтга отланишган. Дала ишларини аёллар уддалашмоқда. Чироқчининг лалми ерларида етиштирилган ҳосил анча мўл, қовун-тарвузлар тилни ёради. Сахий ер саховатини аямаяпти. Ҳамма бир-бирларига ёрдам қўлини чўзишган. Болалар кўзи йўлда, улар оталарини, оналар фарзандларини, ҳамма урушга кетган яқинларини кутмоқда. Душманни тор-мор қилиб, ғалаба билан қайтинглар» деган сўзлар битилган эди.
Жўра ака мактубни қайта-қайта ўқиди. Қишлоғидан фронтга келган бу мактуб унга куч ва ишонч бағишлади. Ахир уни ёшига эмас, бўйига қараб фронтга жўнатишган, ҳали ғўр ўспирин эди. Ўзи туғилиб ўсган Чироқчининг қишлоқлари, одамлари, яқинлари бирма-бир кўз ўнгидан ўтди. Урушда ғалаба қозониб, Рейхстаг устига байроқ қадашни ният қилди.
Қанчадан-қанча сафдошлари жароҳат олгани, қўлсиз-оёқсиз қолгани, қурбон бўлганларини кўриб нафрати ошди.
3-Белоруссия фронтида бўлган Жўра Ёдгоров ҳаёт-мамот жангларида қатнашди. Польша, Чехословакия, Германиядаги жангларда иштирок этди.
— Қишлоқлар олов ичида қолди, — деб хотирлайди Жўра бобо. — Болалар ноласи, аёллар фарёди. Бир томондан душманга ҳамла қилсак, бир томондан бошпанасиз қолганларга кўмак бердик. Душман аёвсиз, шафқатсизларча ҳужум уюштирар, ёғочдан қурилган уйлар бир зумда кулга айланарди. Қанчадан-қанча иншоотлар кунпаякун қилинди. Йўқотишларнинг адоғи йўқ эди. Ҳарбийлар учун жамғарилган озиқ-овқатлар, қурол-аслаҳалар, дори-дармонлар, техникалар, мактаблар, шифохоналар, уйлар, кўприклар ўт-олов ичида қолди. Захиралар тугаб, бир неча кун оч қолдик. Ўт-ўланлар билан озиқланиб, бир бурда қора нонни баҳам кўрдик. Бошсиз, танасиз, чалажон қолган қуролдошларимиз кўп бўлди. Кўрганларимиз душманга қарши аёвсиз курашга чорларди.
Жўра Ёдгоров ғалабани Германияда қарши олди. Уруш тугаши билан уларнинг полки Горький шаҳрига келди. Урушдан сўнг бу ердаги автозаводда ишлади ва 1949 йилда қишлоғига қайтди. Уйланди. Ўн фарзанднинг отаси бўлди. Дастлаб колхозда ишлади. 1966 йилдан 1986 йилга қадар Чироқчи почта алоқа тармоғида почтальон бўлиб ишлади. Ўзининг Жийрон лақабли оти билан хат-хабар ва бошқа жўнатмаларни, газета-журналларни эгаларига етказди.
— 2005 йилда Москва шаҳрида Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстлик ташкилоти Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 60 йиллиги муносабати билан урушда қатнашган ҳамда алоқа соҳасида меҳнат қилган ветеранлар билан учрашув ташкил этди, — дейди Жўра бобо. — Ҳамдўстлик мамлакатларидан борганлар орасида Ўзбекистондан тўрт киши эдик. Москвада ҳалок бўлган қуролдошларимиз хотирасига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаларида бўлдик. Катта академик театрда концерт намойиш этилди. Мен билан 664-ўқчи гвардиячи полкда хизмат қилган молдовалик сафдошим Николай Калмиков билан тасодифий учрашиш бахтига муяссар бўлдим.
Жўра бобо бугун 95 ёшини қаршиламоқда. Фарзандлари турли соҳа мутахассислари бўлиб етишган. Набира ва чеваралари эса Жўра бобони уйларининг файзи деб билиб, бобонинг ташрифини орзиқиб кутадилар.
Жўра бобо нафақат оилада, балки маҳаллада ҳам алоҳида эътиборга сазовор. Давралар у киши билан янада файзли. Кўкси тўла орден ва медал.
1994 йилнинг 6 майида Ўзбекистон Президентининг фармонига кўра «Жасорат» медали билан, 2005 йил 6 апрелда «1941 — 1945-йиллардаги Улуғ ватан урушидаги ғалабанинг 60 йиллиги» юбилей медали билан тақдирланди.
Бугун озод юртда тўкин-сочин ҳаёт кечираётган ҳар бир фуқаро тинчликнинг қадрини уруш кўрганлар билан суҳбатда яна бир бор англайди.
Куни кеча «Ўзбекистон почтаси» АЖ Қашқадарё филиали раҳбарияти ва жамоанинг бир гуруҳ вакиллари Жўра бобонинг хонадонида бўлишди. Бобога эсдалик совғалари ва пул мукофотларини топширишди.
Афтондил Исмоилов, «Xabar» газетаси мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter