Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жазони ижро этишига қадар талаба бўлган шахслар ўқишни давом эттириши ва дипломини олиши мумкин

Жазони ижро этишига қадар талаба бўлган шахслар ўқишни давом эттириши ва дипломини олиши мумкин

«Ёшлар пресс-клуби»нинг навбатдаги сессиясида ички ишлар органлари жазони ижро этиш тизими фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Сессияда таъкидланишича, жазони ижро этиш колониялари ва тергов ҳибсхоналарида барча зарур шарт-шароитларга эга бўлган адвокат ва терговчилар учун 69 та алоҳида хоналар ташкил этилган. Тергов жараёни ва сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида 2 минг 989 та замонавий видеокузатув мосламаси ўрнатилган.

Маҳкумларнинг мурожаатлари, мавжуд муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Барча жазони ижро этиш колонияларида Омбудсманга, прокурорга, ариза ва шикоятларга мўлжалланган алоҳида қутилар мавжуд.

Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган колония ёпилиб, у ерда сақланаётган 395 нафар маҳкум суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ бошқа колонияларга ўтказилди. Ёпиқ турдаги колонияларда сақланаётган маҳкумларнинг телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар олиши сони икки баробарга кўпайтирилди. Маҳкумларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи тақдим этилди. Маҳҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия таъминотига эга бўлиши таъминланди.

Қонунчиликка кўра, маҳкумлар ҳафтасига 40 соат ишга жалб етилади. 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 679 минг 330 сўм этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, маҳкумларга ҳар бир иш куни учун 26 минг 815 сўмдан иш ҳақи тўланмоқда. Бунинг натижасида меҳнат қилаётган маҳкумларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 1 миллиондан 1,5 миллион сўмгача етказилди.

Ҳозирга қадар «Уста-шогирд» мактабини тугатган 272 нафар маҳкумга эгаллаган мутахассислиги бўйича сертификатлар берилган.

Тизим муассасаларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Бухоро вилояти, Қашқадарё вилояти, Навоий вилояти ҳамда Наманган вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларига замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Шу билан бирга ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларни олдини олиш маҳкум ва маҳкума ёшлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи муассислигидаги Республика ёшлар маркази томонидан 2019 йилнинг 1февралида 350 нафар жазо муддатини ўтаётган ёшлар учун Республикамиздаги ЖИЕМда турли касб-ҳунар ўргатувчи тўгараклар ташкил етилган.

Республикадаги жазони ижро этиш муассасаларида жорий йил давомида 26 турдаги фан, касб-ҳунар, спорт ва чет тиллари бўйича тўгараклар ўтишни бошлаш ҳамда шу орқали йил давомида 2000 нафарга яқин жазо муддатини ўтаётган ёшларни қамраб олишга эришилди.

Жумладан, 2019 йилнинг феврал ойидан бошлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 24-сонли вояга етмаганлар тарбия колониясида 8 та йўналишда фан ва чет тилларини ўргатиш бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, 97 нафар вояга етмаганлар қамраб олинди.

Шунингдек, очиқ мулоқотда 500 нафардан ортиқ талаба жазони ижро етиш муассасаларида ўз қилмишига яраша қонунда белгиланган жазосини ўтаётганлиги айтиб ўтилди. Уларни масофадан туриб ўқитиш бўйича Ички ишлар, Aдлия, Олий ва ўрта махсус таълим, Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамкорлигида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Унда Жазони ижро этишига қадар талаба бўлган шахслар учун онлайн тарзда таълим олишини давом эттириши кўзда тутилмоқда. Маҳкумлар зарур адабиётлар билан таъминланади. Лекин таҳсилни давом эттирган маҳкумлар битирув имтиҳонларини жазо муддатини ўтаб бўлганидан сўнг таълим олган олийгоҳига бориб топшириб, дипломини олиши мумкин.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг