Жарроҳлик амалиётидан кейинги аҳвол... Эътиборсиз қолаётган беморлар ҳаётидан репортаж
Инсон саломатлиги – энг буюк неъмат. У шунчалик бебаҳоки, ҳеч қандай мезонга тенглаштириб, ҳеч бир нарса ёки буюмга алмаштириб бўлмайди. Йўқотилган соғлиқни қайтариш ва топишнинг имкони йўқ. Уни биргина ақл-идрок ва юқори маданият билан соғлом яшаш тарзига амал қилибгина асраш-авайлаш мумкин. Яна бир ҳақиқат шуки, эл саломатлиги миллат бойлигидир.
Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси негизида Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилгани тизимда ўтказилаётган катта ислоҳотларнинг амалий ҳосиласидир. Мазкур даргоҳда даволашнинг юқори технологик усуллари ва замонавий стандартларидан кенг фойдаланган ҳолда гемодиализ ёрдамга муҳтож беморлар умрининг узайиши ва уларнинг турмуш сифати ошишига эришилмоқда.
Аммо, гемодиализ ёрдами доим ҳам муаммонинг тўлиқ ечими эмас, беморга буйрак кўчириб ўтказиш зарурати пайдо бўлади. Яқин вақтгача бундай операцияларни чет эл клиникаларидагина амалга ошириш мумкин эди. Хориждаги бундай амалиёт катта маблағ талаб қилгани боис, бунга ҳамманиям қурби етмасди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита топшириғи асосида мамлакатимизда илк бор дунё тиббиётида энг мураккаб ва нозик амалиёт ҳисобланган органлар трансплантацияси бўйича замонавий операциялар амалга оширилаётгани юзлаб беморларга қайта ҳаёт, минглаб қалбларга умид бағишлади.
Бироқ... Бироқ...
Жарроҳлик амалиёти ўтказилиши — бўлди, бемор соғайиб кетади, дегани эмас. Бунинг учун тегишли муолажа, айниқса, дори-дармонга эҳтиёж катта экани маълум. Органлар трансплантациясига оид операциялардан кейинги жараёнларни-ку айтманг.
...Бекободлик Мухтасар Қурбонова мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган. Ўтган йилнинг февралида 51 ёшли онаси Манзура Қурбонова донорлигида унга буйрак кўчириб ўтказилди. Операциядан кейин қарийб бир йилдан ошиқ давр мобайнида «майсепт» ва «панГраф» дори воситаларини қабул қилади. Аммо яқинда — 4 апрелда бўлган суҳбатимизга кўра, унинг қўлида атиги уч кунга етадиган «майсепт» дори препарати қолган экан. Ваҳоланки, унга шифокорлар мунтазам мазкур дориларни ичишни, оғир юмушларни бажармасликни, тўлиқ соғайиб кетмагунча парҳез таомлар истеъмол қилишни, инфекцион касалликлардан қаттиқ ҳимояланишни ва организмни зўриқтирадиган даражада тик турмаслик, пиёда юрмаслик ҳамда қаттиқ силкинмасликни тавсия қилган. Мухтасар агарда узоғи билан уч кун мазкур «майсепт» дори-препаратини қабул қилмаса, буйраги ишлашдан тўхтаб қолишидан қаттиқ ташвишда.
– Очиғи, операциядан кейин дори муаммосига дуч келаман деб ҳеч ўйламагандим, – дейди 28 ёшли Мухтасар Қурбонова. – Аммо операция бўлган беморга алоҳида парвариш керак экан. Айниқса, дорилар масаласи одамни қийнаб қўяркан. Отам анча йил олдин вафот этган. Онам ёлғиз ўзи тўрт фарзандни катта қилмоқда. Менга битта буйракларини бергандан сўнг улар ҳам бир неча ой ишлай олмадилар. Шифокорлар айтган муддат бўлмаса-да, ишга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Ойига тахминан дориларимнинг ўзига бир ярим-икки миллион сўм атрофида маблағ керак бўлади. Онамнинг ойликлари нари борса етти юзмингга етади, бўлмаса йўқ. Кичик укамга нафақа оламиз. У ҳам кўп эмас. Хуллас, топганимиз дори-дармондан ортмайди. Ҳатто етмайдиям... Айниқса, бизни қийнаётган бир муаммо борки, «панГарф» ва «майсепт» дорисини ҳеч қайси дорихонадан топиб бўлмайди, сотилмайди. У фақатгина давлат томонидан берилади. Менга ҳар ой тўрт қути «майсепт» кетади. Кунига тўрт: эрталаб икки, кечки пайт икки донадан, 3 капсула «панГарф» таблеткасини ичаман. Қўлимда эса атиги уч кунгинага етадиган «майсепт» қолган...
Шу куни (4 апрель) республикамизнинг турли ҳудудларидан пойтахтга келган ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида йиғилган 40 нафарга яқин беморнинг барчасида дори етишмаслиги муаммоси бор эди. Улар мадад топиш илинжида Бухоро, Сурхондарё, Андижон, Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Наманган, Тошкент ва бошқа вилоятлардан келишган.
– 21 ёшли қизим Бозоргул Бобоевага 2018 йил ноябрида Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида отасининг битта буйраги кўчириб ўтказилганди, – дейди Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида истиқомат қилувчи беморнинг онаси Наврўза Бобоева. – Қизим икки йил гемодиализда юрди, икки йил деганда базўр операция қилдирдик. Буни тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли, осон нарса эмас. Бутун бир оиланинг кулфати деса ҳам бўлади. Бундай вазиятда бошқа фарзандларга нимаям орттира олардик?! Ҳамма нарсани четга йиғиштириб, икки йил давомида, эҳҳе, нималар қилмадик, не қийинчиликларни кўрмадик. Фарзандимиз учун бор-будимизни тикиб, қариндош-уруғлардан ёрдам сўраб, қарзга ботиб операция қилдирдик. Яхшиям мамлакатимизда буйрак кўчириб ўтказишга имконият яратилди. Бўлмаса чет элга чиқишга ҳатто биргина йўлкира учун маблағ топишнинг имкони бўлмасди. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Қизимнинг соғайишига ёрдам бераётган барча шифокорларнинг умрлари узун бўлсин. Энди биргина дорини деб шунча қилган ҳаракатларимиз, умидларимиз пуч бўлмасин дейман-да. Икки-уч кун шу дориларни ичмаса, буйрак ишдан чиқиши ҳеч гапмас. Ахир бизга давлат томонидан бир неча турдаги дорилар ажратилади-ку. Нима сабабдан бу дорилар беморларга мунтазам равишда берилмаяпди? Қачонки, югур-югур қилсак, унга учраш, бунга учрашишлардан кейина бир ойга етадиган дори бериляпти, бўлмаса йўқ. Тошкентга келсак «ўзларингнинг вилоятларингга боринглар», дейди, вилоятдагилар эса: «тепадан беришса берамиз, бизнинг қўлимизда эмас» дейди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзига шу йил учинчи марта келишимиз. Фойдаси бўлгани йўқ... Минг афсуски, айрим керакли дорилар — «майсепт» ҳамда «панГраф» фақатгина давлат томонидан берилса бор, бўлмаса йўқ. Дорихоналарда сотилмас экан. Бир ой ундан, бир ой бундан фалон пулга топганимиз билан бўлмаяпти.
– Мен ҳам ана шу дори масаласида Навоий шаҳридан келдим, – дейди Қувондиқ Бобомуродов. – Менга бир ярим йилча олдин опам донорлик қилган. Унгача беш йил мобайнида гемодиализ аппарати ёрдамида юрганман. Ўтган йили бир-икки қути деб берилиб турарди: йил давомида тахминан саккиз қутича олдим. У икки ойга етди, холос. Қолган пайтлари сотиб олиб ичдим. Ана шу дорилар учун ҳар ой ўртача ҳисобда бир ярим-икки миллион сўм харажат қиламан. Шу муаммомизни ҳал қилиб беришса, ортиқча овора бўлмасмидик...
– Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидан келдим, – дейди 30 ёшли Зилола Норматова. – Икки нафар 8-9 ёшли болаларимни ёлғиз ўзим катта қиляпман. 188 минг сўм нафақа оламан. Давлат томонидан бериладиган дориларни охирги марта ўтган йилнинг декабрида олган эдим. Шундан бери бошқа дори беришгани йўқ. Ўзим бир амаллаб сотиб оляпман. Ёрдам берадиган ҳеч кимим йўқ. Кўча-кўйда одамлар берган пулга дори оляпман. Қачонгача бу зайлда дори ичаман. Фарзандларим учун яшашим керак-ку, ахир! Операция қилдирганимнинг боиси ҳам шу эди. 2018 йил 28 июлда отамдан илтимос қилиб, битта буйракларини олиб қўйдирдим. Шифокорларимизга раҳмат, бир сўм олмасдан операция қилишди, дори-дармонларниям ўзлари беришди. Шундай бўлса-да, ул-бул харажатлар учун, тўғрисини айтсам, масжидлардан ёрдам сўрадим. Шукрки, яхши одамлар кўп экан. Менга ёрдам беришди. Дори масаласида жуда ҳам қийналиб қолдим. Ҳар куни белгиланган дозани ичмасам бўлмайди. Мана ҳозиргина «селсефт»ни уч юз мингга олдим. Униям бир кишидан ёрдам сўраганим учун ўзи келиб олиб берди – қўлимга пул бергани йўқ. Ичида элликта таблетка бўлади. Бу ўн икки кунга етади, холос. Шундаям кечки маҳалга етмайди. Яна ўн кундан кейин кимдан ёрдам сўрайман? Бир қути «панГарф» эса атиги олти кунга етади. Яна бошқа қўшимча дорилар, ҳар ойда бир такролимус текшируви бор. Унгаям икки юз минг, жами келиб кетиш харажатимиз учун беш-олти юз минг сўм кетади. Чирчиқда учрашмаган, мурожаат қилмаган ташкилотим, ёрдам сўрамаган одамим қолмади ҳисоб. Ёрдам бермайдимас, беришади. Маҳалла, ҳокимият йилда бир-икки моддий ёрдам кўрсатишади. Бунинг учунам ҳазилакам югуртиришмайди, ҳазилакам ҳужжат қилдиришмайди, ҳазилакам гапларни эшитмайман... Ҳатто яшаш учун ўз уйим йўқ. Фарзандларим билан бир кун у акамникида, бир кун бу қариндошникида яшайман. Иккита келин бор: касал одам ҳеч кимга ёқмасакан...
...Кўриб турганингиздек, уларнинг аксарияти навқирон ёшдаги қизлар-йигитлар. Бугун буйрак трансплантацияси амалиётини бошдан кечирган юзлаб юртдошларимиз (балки ундан ҳам кўпдир) ана шундай муаммо билан яшамоқда. Саломатлиги боис, турли қийинчиликларга, азобларга учраб, иккинчи ҳаёт бошлаган бу инсонларга ёрдам қўлини чўзиш инсонийликнинг энг олий намунаси эмасми!? Аммо уларнинг дард-у ҳасратларини эшитиб, мутасаддилар инсон ҳаёти билан боғлиқ масалага совуққонлик билан қараётганини тушуниб бўлмайди. Вазирлик биноси олдида тўпланиб турган 40 нафарга яқин фуқаро ҳеч бир мутасаддининг эътиборини тортмаса-я?.. «Бизни эшитадиган одам топилиб қолар, ичкарига киришга рухсат беришар», деган умидда 4-5 соатлаб совуқ ҳавода ўтиришни тасаввур қиласизми? Айниқса, буйрак кўчириб ўтказилганиганига борса бир-бир ярим, олти ой ҳам бўлмаган бу беморларнинг. Уларга бекорга ногиронлик даражалари берилмагандир?
Ниҳоят соат 14:00 га яқин уч нафар вазирлик ходими келиб, бу ерда тўпланиб турганлардан изоҳ сўради. Йиғилганларнинг «ичкарига киришимизга рухсат беринглир, дори керак, бизни кимдир тингласин» дейиши биланоқ «мен бу ерда практикантман», дея жуфтакни ростлаб қолди. Бу басавлат киши кўринишидан амалиётчига ўхшамайдику-я?!
Шундан сўнг соат 14:30ларда қабулхонада ўтирган, исм-шарифини айтишни истамаган аёл эрталабдан буён вазирлик мутасаддиларидан уч киши мурожаатчилар билан учрашганини таъкидлади.
Шунда атрофимдаги ўн-ўн бештача мурожаатчи бир овоздан «нега ёлғон гапирасиз, опа?! Бизнинг олдимизга ҳеч ким келмади. Ҳозиргиларни айтаётган бўлсангиз, ҳайронмиз, ҳе йўқ, бе йўқ қочиб қолишди», – дея ҳайратларини яшира олишмади.
Президентимиз такрор ва такрор мутасадди вазирликлар ходимларига, раҳбарларга халқ дарди билан ишлаш, яшаш кераклигини таъкидласада, орамизда халқни ёлғон билан алдаб бўлмаслигини, уларни тинглаши, қалбига йўл топиш кераклигини ҳали ҳам тушуниб етмаган, масъулиятни ҳис қилмайдиган мутахассислар Соғлиқни сақлаш вазирлигида етарлича, шекилли...
– Ўша куни соат учда вазирнинг қабули экан. Тўрт кишига қабулга кириш учун рухсат беришди, – дейди Қувондиқ Бобомуродов, 6 апрелда телефон орқали бўлган суҳбатимизда. – Аммо айтишларича, вазир Алишер Шодмонов ва ўринбосари Элмира Боситхонова хизмат сафарида экан. Бизни қабул қилган вазирлик ходими гап-сўзларимизни эшитгач, биз сўраётган дорилар тендер асосида чет элдан келтирилишини, бу жараён ўзига боғлиқ эмаслигини, узоғи билан бир-бир ярим ойда бу масала ҳал этилиши ва шу ердаги беморларга Тошкентдаги бор дориларни йиғиб келтириб беришни айтиб, бизни ташқарига чиқариб юборди. Мана уч кун бўлдики, янгилик йўқ.
Қизиқ, буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти қўлланилган ҳамюртларимиз мазкур ижтимоий аҳамиятга эга «майсепт» («микофенолата»), «панГраф» («такролимус») дори воситалари билан ўз вақтида мунтазам равишда таъминланмаётганини Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари қандай изоҳлашаркин?
Моҳигул Қосимова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter