Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ислом ҳайбатли ўғлонидан айрилди» – уламолар атоқли шайхнинг вафотига муносабат билдирди

«Ислом ҳайбатли ўғлонидан айрилди» – уламолар атоқли шайхнинг вафотига муносабат билдирди

Икки ҳамаср аллома – шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва шайх Юсуф Қарозовий.

Фото: «Islom.uz»

26 cентябрь куни Ислом оламидаги нуфузли аллома, шайх Юсуф Қарозовий  96 ёшида Қатарда вафот этди. Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси олимни «замонамизнинг улуғ мужтаҳиди» деб атаб, у кишининг яқинларига таъзия изҳор қилди.

Ўзбекистонлик бошқа аҳли илмлар ҳам 120 дан зиёд китоб таълиф этган шайх Қарозовийнинг вафотини Ислом уммати учун улкан йўқотиш деб баҳоладилар.

«Ўзининг илми, динга хизмати, ўткир фикри ва замонга мос ижтиҳодлари билан Пайғамбар алайҳиссаломнинг меросхўрлари бўла олган буюк олим вафот этди. Ўзининг ўнлаб китоблари, минглаб фатволари, кўплаб позициялари бўлган уйғоқ дин хизматчиси бу дунёдан риҳлат қилди. Шайхлар – Ғаззолий, Шаъровий, Надавий, Зуҳайлий ва Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Муҳаммад Юсуфлар асрини якунлаган шахсият бу дунёдан ўтди. Умрини Исломга бағишлаган, жиҳодга атаган ва илмда кечирган муҳожир чин дунёга кетди. Қисқаси, мен энг яхши кўрган алломаларнинг охирги вакили энди йўқ. Мен ва мусулмонлар етим қолдик. Исломимиз ҳайбатли ўғлонидан айрилди», – деб ёзди Мубашшир Аҳмад.

«Юсуф Қарозовий раҳматуллоҳи алайҳнинг китоблари ҳамиша аҳли илмлар ва зиёлилар тарафидан қизғин кутиб олинган ва муҳокама қилинган. У киши илғор фикрлари, янгича ёндашуви, шариатни воқеий тушуниши билан кўп уламолардан ажралиб турар эди. Эллик йил олдин айтган сўзларини эшитсангиз, ўқисангиз, бугунги кунни кўриб гапирганмикан деб ўйлайсиз. У киши ижтимоий, сиёсий, иқтисодий майдонда ҳам ниҳоятда фаол бўлган. Кўплаб илмий амалий ҳаракатлар ташаббускори эдилар. Араб фазоий телеканаллардаги чиқишлари ҳам ниҳоятда кўп. Охирги пайтларигача ақлу идрок ва хизматдаги собитлик билан ўтдилар. Шайх Қарозовийнинг Ислом умматига хизмати катта ва кўплаб янгича фаҳмлари билан кўп ислоҳотларга сабаб бўлган», – дейди Тошкентдаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жомеъ масжиди имом ноиби, таниқли қори Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

«Элас-элас эслайман, ёш бола эдим, тақрибан 1976-77 йиллар. Акам раҳматлининг қўлларида бир китоб кўрдим. Араб тилида «Исломда ҳалол ва ҳаром» деган китоб эди. Ўша пайтда араб тилини билмас эдим. Лекин сарлавҳа сурати миямга михланиб қолганди. Араб тилини ўрганиб бошлаганимдан сўнг китобни қайта кўрдим. Хотирамдаги китобни эсладим. Бу ўша – Юсуф Қарозовий қаламига мансуб китоб эди. Қарийб 100 йил умр кўрган бу олим Ислом умматига ана шундай китоблари билан 60 йилдан ортиқ муддатдан бери хизмат қилиб келди», – деб ёзди Саудия Арабистонида яшаётган ўзбекистонлик олим Сайфуллоҳ Носир.

«Islom.uz» порталига кўра, Юсуф Қарозовий Исломда модернизм ва анъанавийликни узвий уйғунлигига эриша олган мўътадил олим бўлган. Аллома мусулмонларни шариатнинг мақсад ва устувор йўналишларини чуқур тадаббур қилиб, оқилона англаб етишга, Исломнинг бузилмас рукнлари ҳамда узлуксиз ўзгариб турувчи замон ўртасидаги мувозанатни маҳкам тутишга чақирган, давр билан ҳамнафас яшаган.

Ижтимоий тармоқдаги аксар фойдаланувчилар ҳам «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими» эканини таъкидлаб, алломанинг улкан хизматларини эътироф этганлар.

Асли мисрлик Юсуф Абдуллоҳ Қарозовий (1926 – 2022) узоқ йиллар Халқаро мусулмон уламолари иттифоқига раислик қилган, диний илмларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун у 8 та халқаро мукофотга сазовор бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг