Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Иш ҳақининг бир қисми натура шаклида тўланиши мумкин

Иш ҳақининг бир қисми натура шаклида тўланиши мумкин

Фото: «Xabar.uz»

Вазирлар Маҳкамасининг иш ҳақини натура шаклида тўлашни тартибга солиш ва иш ҳақи ойига бир марта тўланадиган ходимларнинг айрим тоифаларини белгилаш тўғрисидаги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланади, бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:

  • қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари;
  • уй ишчисини озиқ-овқат ва уй-жой билан таъминлаш учун.

Иш ҳақини натура шаклида тўлаш меҳнат шарномасида кўрсатилади ва ходимнинг ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифсиз тизимларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 30 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 

Натура шаклида тўланган иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига киради.

Натура кўринишидаги иш ҳақи пул кўринишидаги иш ҳақи қийматига тенг бўлиши ҳамда ходим шахсий истеъмоли ва унинг оиласи учун мос ва фойдали бўлиши инобатга олинади.

Натура шаклида ҳақ тўлашда иш берувчи томонидан суистеъмол қилишга йўл қўймаслик мақсадида қуйидагилар таъқиқланади:

  • қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан тақдим этилаётган товар нархи унинг таннархидан юқори бўлиши;
  • уй ишчисининг иш берувчилари томонидан тақдим этилаётган товар ҳақиқий бозор нархидан юқори нархда тақдим этилиши.

Ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.  

Қуйидаги ходимлар тоифаларига иш ҳақи уларнинг ёзма аризасига мувофиқ ойига бир марта тўланиши мумкин: 

  • пенсия тўланаётган ходимларга;
  • вахта усулида ишлаётган ходимларга;
  • мослашувчан иш вақти режимида ишлаётган ходимларга;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган чет эл юридик шахсларининг чет эл фуқароси бўлган ходимларига (ушбу давлатнинг қонунчилигида назарда тутилган бўлса).
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг