Инвесторларни Тошкентнинг марказлари қизиқтиради
Кеча, 15 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги пресс-холлида «Урбанизация дастури: мақсад, вазифалар ва кутилаётган натижалар» мавзуcида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
«Ўзбекистонда ҳозирда 119 та шаҳар бор, бироқ охирги 10 йилда бирорта янги шаҳар пайдо бўлмади, – деди Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Турсун Аҳмедов. – 119 та шаҳарнинг 81 таси кичик шаҳарлар тоифасига киради. Кичик шаҳарларда ишсизлик даражаси қишлоқлардагига нисбатан юқори. Уй-жой билан таъминланганлик даражаси, инфратузилма, ишлаб чиқариш, хизмат турлари йўлга қўйилиши ва бошқарувдаги муаммолар туфайли кичик шаҳарлар ривожланмай қолмоқда».
Тадбирда жорий йилнинг 1 апрел кунига қадар «Ноқишлоқ хўжалик аҳамиятидаги ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши маълум қилинди. Унда шаҳарда бўш турган, ишлатилмай қолган ерларни сотиш тартиби белгиланиши кўзда тутилмоқда.
«Бутун дунёда шаҳарларнинг тоифалари миқдор бўйича оптимал нисбатда бўлиши керак, – деди Турсун Аҳмедов. – Шаҳарларнинг 4 тоифаси мавжуд: кичик, ўрта, катта ва йирик шаҳарлар. Республикамизда йирик шаҳарлар деярли йўқ. Сабаблари – охирги пайтда шаҳарларга эътиборнинг камайгани, мақсадли урбанизация дастури бўлмаганида. Кичик шаҳарлар билан посёлкалар сони кўпайиб кетгани учун ҳам Ўзбекистонда урбанизация жараёнлари суст кечмоқда. Бошқарув нуқтаи назаридан, республика доирасида 2 та шаҳар бор: Тошкент ва Нукус. Вилоят даражасидаги шаҳарлар 30 мингдан ортиқ. 7 мингдан зиёд шаҳар эса туман даражасидаги шаҳарлар ҳисобланади. Урбанизация жараёнида асосий эътиборни вилоят ҳамда туман марказларига қаратиш керак. Чунки Тошкент ҳаммани қабул қила олмайди, Тошкентнинг ҳам маълум сиғими бор. Бунда шаҳар агломерацияси деган тушунчани инобатга олиш керак».
Анжуман давомида Қибрайда илм шаҳарчасини ташкил этиш режалаштирилаётгани айтилди. Фанлар академияси, жумладан, 11 та илмий тадқиқот институти Қибрайга кўчирилиши, ҳудудда олимларнинг яшаши учун барча шароитлар яратилиши ҳақида маълумот берилди.
Мутасаддиларнинг билдиришича, Тошкентни мегаполисга айлантириш, шаҳарда асосан ишбилармонлик марказлари, хизмат ва савдо мажмуалари жойлашиши, бошқа объектлар, жумладан, олий таълим масканлари ҳам шаҳар атрофи ва ташқарисида бўлиши назарда тутилмоқда.
«Ҳозирда шаҳар меъморчилиги бўйича жаҳон тажрибасини ўрганаяпмиз, – деди Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Турсун Аҳмедов. – Мақсадимиз: йирик шаҳарларда олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасалари жойлашувини тўғри ташкил этиш. Ўрганишларимиздан маълум бўлишича, дунёнинг ривожланган мамлакатларида университетлар ва илмий институтлар одатда шаҳар ташқарисида ёки атрофида жойлаштирилган. Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети ҳам, балки 5 йил, балки 10 йилдан кейиндир, шаҳар ташқарисига кўчирилиши мумкин. Талабалар шаҳарчаси яқинда обод қилинди, бу албатта қувонарли ҳол. Лекин мазкур ҳудуд обод қилинди дегани университетлар кўчирилмайди дегани эмас».
Журналистлар янги андозадаги замонавий «сити»лар нега айнан шаҳар марказлари – инфратузилма, энергия манбалари, коммуникация тармоқлари мавжуд бўлган тайёр ҳудудда қурилаётгани хусусида савол берди. Туман ёки чекка қишлоқларда ҳам шундай «сити»ларни қуриш таклифи билдирилди, натижада ўша овлоқ маконларга технология, таъминот кириб бориши, инфратузилма яратилиши таъкидланди.
Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Жалолов бунга инвесторларни сабаб қилиб кўрсатди, қишлоқлар эмас, айнан инфратузилмаси ривожланган шаҳар марказлари сармоядорлар учун жозибадорроқ эканини айтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter