Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсоф ва фаросатдан йироқ бўлмаганлар ўқисин!

Инсоф ва фаросатдан йироқ бўлмаганлар ўқисин!

Фото: «Xabar.uz»

Демонким, кўнгли пок-у ҳам кўзи пок,
Тили пок-у сўзи пок-у ўзи пок.

Асрлар аввал ҳазрат Навоий айтиб кетган ушбу жумлаларнинг қадри ва аҳамияти ҳозирги даврда нечоғлик муҳимлиги кундалик ҳаётимизнинг ҳар қадамида ўз исботини топмоқда. Тозалик, поклик ҳақида эшитганимиздаёқ қалбимиз равшан тортади, руҳимиз юксалади. Минг афсуслар бўлсинким, кўнглимизни хира қилувчи ҳолатлар, вазиятлар ҳам йўқ эмас. Ҳатто керагидан кўп. Биз ер юзида ақл туҳфа этилган ягона жонзот сифатида ён-атрофимиздаги тозаликка, покликка масъулмиз. Бироқ, кимларнингдир эътиборсизлиги сабабми ёки масъулиятсизлигими баъзи нуқталарда кўнгил ғаш тортиб, дил озорланади.

Ҳар куни истаган таомларимизни еймиз. Хоҳлаган ичимликларимиз муҳайё. Бунинг шукроналиги ўлароқ атрофимиз тўла тартибсизлик, атрофимиз тўла нопоклик. Аслида мавзуйимиз кўча-кўйда бепарволарча чиқинди ва ахлат ташлаб кетадиганларга тааллуқли эмас, чунки бу мавзу айтила-айтила эскирган, бироқ айтарли самара бермаган мавзулардан.

Айтмоқчи бўлаётганларимиз бироз бўлса-да инсоф ва фаросатдан йироқ бўлмаганлар учун. Бугун шу мавзуга яқинроқ бошқа бир жиҳатга эътиборингизни қаратишни истардик.

Шаҳарда аксар жойларда ахлат учун махсус қутилар бор. Гигиена қоидаларига амал қилиб яшайдиган инсонлар учун бу қувонарли ҳолат, қутилардан фойдаланувчилар, бир қадам берига ахлатини тўкиб кетмайдиганлар учун бу қутилар бир неъмат аслида. Шу имконият ва шароитлар янада тартибга солинса, нур устига аъло нур бўларди.

Аввало, пиширилган таомларни, егуликларни, айниқса, нонни увол қилиб ташлаш гуноҳ. Лекин минг афсуски, барибир бундай ҳолатдан четлаб ўта олмаяпмиз. Нонлар, овқат қолдиқлари ва турли егуликлар ҳам ахлат қутиларидан жой оляпти. Тўқликка шўхлик деб шуни айтсалар керак. Мана шу егуликлар ва нонлар учун қутиларни алоҳида, бошқа чиқинди ва ахлатлар учун алоҳида қутилар қўйишнинг наҳотки ҳеч имкони бўлмаса?

Наҳотки биз шунчалик бефаросат бўлсак?

Боланинг памперси билан қотган нон бўлагини бир идишга ташлашга қандай кўнгил бўлади?! Албатта, чиқинди қутилари катта. Уларга қанча солсангиз ҳам жойлашиб кетаверади. Бироқ, шу чиқиндилар сиққан қутига кўнгил сиғармиди...

Ҳар қандай инсофли кишининг кўнгли бунга рози бўлмайди. Биз ҳам маданиятли халқ сифатида шаклланиб улгуришимиз керак эмасмиди шу пайтгача? Момоларимиз, боболаримиз ерда бир бурда нонни ёки ушоқни кўриб қолишса, дол қаддини янаям эгиб, ноннинг увоғи ҳам нон деб кўзларига суртар эдилар.

Биз шундай инсонларнинг авлодлари эдик.

Бугунга келиб, оддий тозаликнинг уддасидан чиқолмайдиган кимсаларга айландикми? Юртимизда қанча туристик жойлар бор. Келган сайёҳлар бундай ҳолатларни кўриб устимиздан кулиб кетмасмикан? Майда чуйда деб қараган жиҳатларимиз аслида бизнинг кимлигимизни кўрсатиб туради.

Меҳмон келса, уйларини тозалаб, йўлларга сув сепишдан нима наф, сал нарида чиқиндилар қутисида озиқ овқату нонлар қоришиб ётса. Биз ҳам фаросатимизни ишга солайлик. Бу ишга масъуллар чиқинди учун қутиларни махсус рангларда тайёрлаб, кўрга ҳасса қилгандек ёзиб қўйишсин ҳар битта чиқиндини турларга ажратиб. Фойдаланувчи аҳоли ҳам саводи бўлса, ўша ёзувни ўқиб бирига озиқ овқат қолдиғини, бошқасига боласининг памперсини ташласин. Биз ҳам инсон деган номга лойиқ бўлиб, амалимиз ҳам муносиб ҳолда болаларимизга ўрнак бўлиб яшайлик.

Сиз нима дейсиз, замондош?

Нуриддин Зиё Турақулов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг