Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсоф қилинг, кўзи очлар!

Инсоф қилинг, кўзи очлар!

Яқинда қишлоқ фуқаролар йиғини раисининг ҳузурига боргандим. Котиб унинг ичкарида, ким биландир гаплашаётганини айтиб қолди. Кутишимга тўғри келди. Бир пайт ичкаридан қаттиқ-қуруқ овозлар эшитила бошлади. Ҳайрон бўлиб котибга қарадим.

— Ичкарида ким бор, ука? Тортишув қаттиқ бўляпти-ку, — дедим овозлар тобора авжга минаётганидан ҳайратим ошиб.

— Фалончи ҳожи ака…

— Нега сен бола ҳукумат қарорига зид иш қиляпсан? — Ҳожи дарғазаб бақирди. — Ночор оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳақида кунда, кунора гапириляпти, қарорлар чиқяпти. Сен бўлса, «ундай, бундай» дейсан, важ-карсон кўрсатасан…

— Ҳожи ака, гапларим малол келмасин, — бу фуқаролар йиғини раисининг овози эди. — Мен ҳеч вақт ҳукумат қарорига зид иш қилмаганман, қилмайман ҳам. Бизда махсус комиссия бор. Шу комиссиянинг хулосасига биноан моддий ёрдамга муҳтожлар рўйхати тузилади. Шунга қараб навбати билан ёрдам кўрсатилади. Хафа бўлмайсиз, ака, сизнинг онангиз моддий ёрдамга муҳтож эмаслар.

— Нимага асосланиб бундай деяпсан? Онам укам билан бирга туради. Укамнинг қўли калта, топиш-тутишининг мазаси йўқ. Шундай оилаларга ёрдам бермай, кимларга ёрдам берасанлар?! Ё сенларнинг ҳам томоғингни мойлаш керакми, а? Енг ичида иш битираётганларингни ҳеч ким билмайди деб ўйлайсанлар шекилли.

— Э тавба! Нима деганингиз бу? Туҳмат қилманг! Бизда ҳаммаси қонуний!

— Э бор-э, суф сендақа раисга! Келиб чакки қилибман ўзи…

Ҳожи эшикни зарда билан очиб, ташқарига йўналаркан, менга кўзи тушиб қолиб, ичкарида чала қолган «дийдиёси»ни давом эттирди:

— Вей, эшитдингизми бунинг гапларини? Мен ўзимга эмас, муштипар онам учун ёрдам сўраб келувдим. Бу мишиқи бюрократ бўлса, фуқароларнинг илтимосини бир тийинга олмаяпти! Мухбирсиз-ку, шунақаларнинг пўстагини қоқиб, шармандасини чиқармайсизми?!

У менинг рўйхушлик бермай турганимни кўриб, «Э сенларга гапирган мен аҳмоқ» деди-да, важоҳат билан ташқарига отилди.

Ҳожини яхши танийман. Кўп йиллар савдо соҳасида ишлаган. Ҳозир ҳам икки-учта савдо дўкони, қассобхонаси бор. Ўзига тўқ, тевараги текис одам. Аммо, кўзи тўймайдиганлардан.

Ҳукуматимиз томонидан якка-ёлғиз яшовчиларга, кам таъминланган оилаларга ёрдам учун маблағ йўналтирилаётганини эшитган  айрим моддиятхўр одамларнинг уйқуси қочиб, ҳаловати тамом йўқолган. Томирининг аллақайси бурчида сақланиб қолган «боқимандалик вируси» яна бош кўтарган.

«Бер, бер!» замони аллақачон ўтди. Аммо тўрт мучаси соғ-саломат одамларнинг ҳам «чиқмаган жондан умид» қабилида керакли жойларга учраб, кимларнингдир устидан шикоятлар ёзиб ўз  муддаоларига эришаётганларини эшитиб қоляпмиз. Уч-тўрт сўм эвазига бундайларга «саховат» кўрсатаётган, ҳожатини чиқараётганлар ҳам борлиги сир эмас. Бошқаларнинг ризқ-насибасига чанг солишдан қўрқмай, енг ичида иш битираётганларнинг кун келиб шармандаи шармисор бўлишлари аниқ. Лекин мана шундай тамагирлар тарқатаётган «вирус»нинг аста-секин кўпайиб, бошқаларнинг томирида ҳам бош кўтараётгани хавотирга солади одамни…

Соҳиб Манзур

Манба: mspressa.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг