«InFinBank» Рашиджон Қодиров ишига алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни рад этди
«InFinBank» Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашиджон Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят ишига алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда «Sputnik» нашри хабар бермоқда.
Аввалроқ бир қатор хорижий ОАВ томонидан «InFinBank»нинг норасмий соҳиби Фарҳод Мамажоновнинг собиқ прокурор Рашиджон Қодиров «пулини ювганликда» гумон қилиниб қўлга олингани, у ИИВ ертўласида сўроқ қилинаётгани ҳақида расман тасдиқланмаган хабарлар тарқатилганди. «InFinBank»нинг банк кенгаши раиси Мақсуд Абдусаматов бу хабарларга қуйидагича муносабат билдирган:
«Биз шаффоф банк мақомини олишга астойдил ҳаракат қилдик ва фаолиятимизнинг дастлабки йилидаёқ «катта» тўртликдаги халқаро аудиторлик компаниясини ёлладик. Ўн йиллик фаолияти давомида халқаро аудиторлик компаниялари ўз томонларидан ҳеч қандай писандаларсиз мустақил аудиторлик хулосаларини чиқарган».
Мавзуга доир:
«Қодиров занжири». Яна бир собиқ прокурорга нисбатан жиноят иши очилди
Абдусаматовнинг сўзларига кўра, банк 2011 йилда молиявий барқарорликни баҳолайдиган етакчи халқаро рейтинг агентликларидан бири билан шартнома тузган. Унинг қайд этишича, бу мавжуд ва бўлажак ҳамкорларга банкнинг ишончлилиги ва шаффофлигини кўрсатиш мақсадида онгли равишда амалга оширилган.
«Ҳақиқатга тўғри келмайдиган мақолаларда гўёки банк маълум бир шахсларнинг ноқонуний йўллар билан топилган пулларини ювишда иштирок этганлиги айтилади. Бу айбловларни мутлақо асоссиз деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистонда кейинги 10 йил давомида валюта қонунчилиги қатъий йўлга қўйилганлиги кўпчиликка маълум. Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, банк мижозларининг хорижий валютадаги ҳар бир ўтказмаси асосли эканлиги устидан қатъий мониторинг олиб борилган», — дейди у.
Импорт шартномаси бўйича ҳар қандай тўлов, деб қўшиб қўйди у, тегишли импорт товарнинг етказиб берилиши билан таъминланган бўлиши ва бундай товарларнинг чегарадан ўтказилиши Ўзбекистон божхона органлари томонидан қайд этилиши шарт бўлган.
Мавзуга доир:
Собиқ Бош прокурорнинг ўғли қидирувга берилди
«Бутун фаолиятимиз давомида биз жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича ички назорат қоидаларига амал қилиб келганмиз, қонунчилик талабларига мувофиқ иш олиб борганмиз. Банк ҳеч қачон Латвия ва БААда корреспондентлик ҳисобларини очмаган ва бундай ҳисоблари мавжуд эмас. Банкда ҳеч қандай текширув ёки ревизия ўтказилмаётганини расман тасдиқлаймиз», — таъкидлади Мақсуд Абдусаматов.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бугун, 24 февраль куни ушбу маълумотни расман тасдиқлади. Ўзбекистоннинг собиқ Бош прокурори товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва пора олишда гумон қилинмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter