Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сукут ҳар доим ҳам розилик аломати эмас

Сукут ҳар доим ҳам розилик аломати эмас

Фото: «Фейсбук»

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 30 йил тўлади. Биз бу санани яхшилаб нишонлашга тайёргарлик қилиш ўрнига, қайсидир «зиёлилар» томонидан рус тилини ҳам расмий тил этиб белгилаш керак деган таклифига индамай ўтирибмиз...

«Индамаслик - розилик аломати» деб қабул қиладиганлар ҳам топилиб, бу қайсидир «зиёлилар» позицияси эмас, айнан Давлат томонидан олдинга сурилган таклиф деб ҳам талқин қилаётганларни кўриб, ўз фикримни билдиришим зарурлигини тушуниб етдим.

Мактабдаги кезларимда ўзбекча гапиришдан ор қиладиганлар орасида ўзига хос стереотип бўларди. Худдики фақат русчада ўқиганлар яхшироқ билимга эга, оддий ўзбек мактабида ўқиганлар эса яхши ўқимагандек қабул қилинар эди. Инглиз тилидаги факультетга ўтиб, барчага тенг шароит яратилганда бу стереотипнинг хато эканлиги яққол кўриниб қолди.

Яъни мактабда рус тилида ёки ўзбек тилида ўқиганлар бемалол инглиз тилидаги ўқишда бирга тенг рақобат қилар эдик. Оддий ўзбек тилидаги мактабни битириб, ҳар ҳолда АҚШдаги энг нуфузли университетлардан бирида ўқиш ва кейинчалик катта лавозимларда ишлаш насиб қилди. Бу ҳам, айнан мамлакатимиз Мустақилликка эришгандан кейингина яратилган имкониятлар туфайли бўлди.

Мамлакатимиз ўз Мустақиллиги йўлини танлаган ва бу йўлдан четлашишга ҳеч ким йўл қўймайди. Ҳозирги вақтда, барчамиз ўз она тилимиз, миллатимиз ва маданиятимиз билан фахрланишга ўрганишимиз керак.

Чет тилларини имкон борича ўрганавериш керак, лекин бу дегани ўз она тилини эсдан чиқариш дегани эмас. Шунинг учун ҳам, Президент мактабларига маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари номзодларига очиқ танлов эълон қилган эдик. Бу мактабларнинг битирувчилари чет тили ва замонавий билимларга эга бўлгани ҳолда, энг асосийси ҳақиқий ватанпарвар ва юксак маънавиятли бўлиб етишиб чиқишлари шарт.

Ўз тилимиздан ва миллатимиздан ғурурланиш ҳиссига эга бўлсаккина мамлакатимиз ривожланишига эриша оламиз.

Шерзод Шерматов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг