Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Имконияти чeкланган инсонларни бошқа имкониятлардан чeтлаштирманг, илтимос!

Имконияти чeкланган инсонларни бошқа имкониятлардан чeтлаштирманг, илтимос!

Яқинда, яъни 19 май куни телефонимга SMS келди, унда бундай деб ёзилган: «Ассалому алайкум! Бугун соат 20:00 да «Ёшлар» каналини кўринг, карлар муаммоларини кўрсатади». Бегона рақамдан келгани учун: «Раҳмат. Ким бу?», — деб жавоб ёздим. Кейин билишимча у сурдо таржимони Гулнора Маҳкамова экан. Эртаси куни «Facebook» ижтимоий тармоғида бир дўстим ўз саҳифасига илова қилган ЎзА сайтидаги «Жамият эътиборидан четда қолаётган одамлар» сарлавҳали мақолага кўзим тушди, ушбу мақолада кечагина «Ёшлар» каналида кўрсатилган муаммолар ҳақида батафсил ёзилган, уни қуйидаги линк орқали эринмасдан ўқишингизни тавсия қиламан.

Юқоридаги мақолада карлар жамиятига тегишли ётоқхона эътиборталаблиги, шароит йўқлиги ва умуман капитал таъмирга жуда муҳтожлиги ёритилган. Бундан ташқари, карлар жамияти аъзолари эътибордан четда қолаётгани, бунга масъуллар кўзбўямачилик қилаётгани ачинарли. Бу мавзуни кўтарган кўрсатув ижодкорларига ва мақолага бош-қош бўлган ЎзА мухбири Сайёра Шоевага Ўзбекистон карлар жамияти номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Одатда танқидни хуш кўрмайман. Охирги пайтлар ижтимоий тармоқда берилаётган танқидий постлар ва айрим блогерларнинг ҳақиқат учун курашаётгани бир қанча муҳим муаммоларнинг ҳал қилинишида катта рол ўйнаб келмоқда. Ҳақиқатни айтай, карлар жамияти аъзоси сифатида жамиятимиздаги муаммоларга кўз юмиб ўтолмайман. Ростини айтадиган бўлсам, карлар жамиятида долзарб муаммолар мустақиллик йилларидан буён ўз ечимини топаётгани йўқ. Аслида бундай инсонларнинг таълим-тарбиясидан тортиб, ижтимоий ҳаётигача бўлган йўлини янгилаш даври келган. Бундан ташқари, айрим «ноинсоф» одамларнинг камситишлари ҳам учраб туради. Биз ривожланишни истар эканмиз, жамиятимизнинг барча жабҳасига алоҳида эътибор беришимиз лозим.

Муаммолар қачон ҳал қилинади?

Ишим дизайн ва вёрсткага алоқадор бўлгани учун журналистлар билан матбуот қозонида қайнадим. Фақат дизайнерлик билан шуғулланмасдан, улардан журналистика сирларини ўрганишга ҳаракат қилдим ва ўрганишда давом этмоқдаман. 2010 йилдан матбуотимизда камдан-кам чоп этиладиган эшитишида нуқсони бўлган инсонлар мавзусида мақолалар ёзиб тураман. Ҳар йили қишнинг илк кунлари, яъни 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан карлар жамиятининг фаол аъзолари, жумладан, таълим, маданият, спортда муваффақиятга эришган эшитишида нуқсони бўлган инсонлар ҳақида матбуотда мақолалар эълон қиламан.

2014 йили мақолага тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон карлар терма жамоаси футболчиси ва сардори Ҳаким Аҳмедов ҳақида маълумот олиш учун пойтахтимизнинг Чуқурсой мавзесида жойлашган карлар спорт мажмуасига йўл олдим. Болалигимда мактабдан ушбу спорт мажмуасидаги футбол машғулотларига қатнар эдим. Спорт мажмуаси анча йиллардан бери таъмирланмагани, совуқлиги, машғулотдан кейин ювиниш хонасига умуман кириб бўлмаслигини кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Наҳотки шунча йилдан бери имконияти чекланганларга эътиборсиз қаралаётган бўлса?.. Болалик давримда ушбу мажмуада спортнинг кураш, волейбол, футбол, стол тенниси, шахмат, шашка ва бошқа турларига жамиятимиз аъзолари фаол қатнашиб, тез-тез мусобақалар ўтказиб туриларди. Афсуски, айни дамда фақат футбол ва шахмат машғулотлари ўтказилаяпти, холос.

Ҳаким Аҳмедов машғулот ўтказиладиган спорт мажмуаси қўрқинчли аҳволда эканини айтаркан, «Шунча ҳаракат ва ютуғимизга қарамасдан, ҳеч ким сўрамайди ҳам, эътибор ҳам бермайди», — деди афсусланиб. Атрофимни ёш футболчилар ўраб, «Газетага мана шу мавзуда ёзсангиз бўлмайдими? Бу ерда машғулот ўтказиб бўлмайди. Айрим пайтлар катта мусобақаларга тайёргарлик кўриш мақсадида ўз ҳисобимиздан пул йиғиб бошқа, шароити яхши бўлган спорт комплексида шуғулланамиз», — дейишди. Уларга ачиниб, «Бундай мақола ёзсам қайси нашрга бераман? Муаммоли мақолани ҳеч ким чиқаришни истамайди», — деб тушунтираман. Ўшанда танқидни четлаб, фақат яхши тарафларини ёзишга мажбур бўлдим.

2016 йили ижтимоий тармоқда Президентнинг виртуал қабулхонаси очилганидан қувонгандим, чунки бу коррупция ва кўзбўямачиликнинг олдини олишнинг асосий қуролларидан бири эди. Ўша пайтлар АҚШда ўқув курсларида эдим, хурсандлигимдан эртаси куни бу янгиликни устозим Яков Шифринга айтганимда, у киши: «Бу яхши янгилик, молиявий тарафдан қийналаяпсан, мана ироқлик гуруҳдошингга қара, Ироқ иқтисодиёти сизларникидан танг аҳволда бўлишига қарамай, ҳомий бор. Энди ўқув курслари ва ўқишга кириш истагинг жиддийлиги, келажакдаги режаларинг тўғрисида хат билан мурожаат қилсанг бўлади, ёрдам беришар», — деди. Чунки у киши Украинанинг Киев шаҳридан кўчиб, 25 йилдан ортиқ вақт Америкада яшаб келмоқда. Собиқ иттифоқ мамлакатларида коррупция қандай илдиз отганини яхши билади.

Мен яхши умидлар билан Президент виртуал қабулхонасига хат ёздим. Аммо устозим айтганидай ўзимнинг режаларим, ёрдамга муҳтожлигим ҳақида эмас, бир неча йилдан бери эътиборсиз қолган Ўзбекистон карлар жамиятидаги инқироз, яъни ўша футболчиларнинг дарди, спорт мажмуасининг аҳволи ҳақида ёздим. Бир ўзимнинг муаммомдан кўра келажакка умид билан қараётган минглаб ёшларнинг муаммосини ҳал қилиш яхши эмасми?

Бир неча ойдан кейин уйимга ўша пайтдаги Маданият ва спорт ишлари вазирлигидан хат келганини уйдагилар хабар қилишди. Сафарда бўлганим учун хатни очиб, расмини юборишаркан, ўқиб ҳафсалам пир бўлди. Унда вазирнинг биринчи ўринбосари М.Алиев имзоси билан шундай дейилади: (хатнинг охирги қаторлари ёзилмоқда, оригинали илова қилинмоқда) «...вазирликнинг бюджет маблағлари сметасида карлар маданият ва спорт марказларини таъмирлаш учун маблағ ажратиш назарда тутилмаганлиги сабабли ушбу масала юзасидан ҳудудий ҳокимликка мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқлигини маълум қиламиз».

Ахир мен хатни виртуал қабулхонага ёзганман, Маданият ва спорт ишлари вазирлигига эмас. Виртуал қабулхона ким ва қайси ташкилотга жўнатишни яхши билади. Ёки мен улардан ўзим учун ёрдам сўрамадим-ку! Шу сабаб менга уёққа мурожаат қил, буёққа мурожаат қил деб копток каби тепаётгандек туюлди. Виртуал қабулхонага юборилаётган хатлардаги айрим муаммолар ижобий ҳал қилинаётган бўлса ҳам, қайта ёзган хатимни жўнатмай қўйдим... Чунки умидни уздим.

Ҳеч кимга керак бўлмаган чемпионлар

Машҳур боксчи Муҳаммад Али (Кассиус Клей, 1942–2016) 1960 йили Римда ўтказилган олимпиадада Америка байроғи остида ҳаракат қилиб, олтин медаль билан қайтади. Ўша пайтлар АҚШда қора танлилар камситилиб келинарди, қаҳвахоналардан бирига кирган Муҳаммад Алига ходимлар хизмат қилишдан бош тортишади. Жаҳли чиққан Муҳаммад Али олимпиадада қўлга киритган олтин медалини Оҳайо дарёсига улоқтиради. Уйга келиб онасига: «Менинг олган олтиним ҳеч нарсани англатмайди. Фаришталар ҳам оқ бўлгани учун бизни жаннатга ҳам киритмаса керак?!», — деб хафа бўлади. Ўша пайтлар қора танлилар шундай курашишганки, айни дамда АҚШда ҳамма тенг ҳуқуққа эга бўлиб яшамоқда.

Хабарингиз бўлса, ўтган йили 26 ноябрдан 3 декабргача Тайланд пойтахти Бангкок шаҳрида 18 ёшгача бўлган эшитишида нуқсони бўлганлар ўртасида футзал бўйича биринчи жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси муносиб иштирок этиб, олий пробали «металл»ни қўлга киритди. Мусобақада Ўзбекистон байроғи юқори кўтарилди, давлатимиз мадҳияси янгради. Ўзбeкистон деган макон, ушбу юртдан қанча буюк инсонлар чиққанини, ёш ва кучли, иқтидорли йигит-қизлар борлигини бутун дунёга яна эслатишди. Аммо ватанга қайтгач, улар аэропортда худди ёшлар ўртасида Осиё чемпионларидек кутиб олинмади, улардек «Малибу» автомобиллари берилмади. Тўғри, катта футбол билан футзалда фарқ бор, лекин жаҳон чемпиони ва Осиё чемпиони деган номда ҳам фарқ бор-ку. Аввалига уларга федерациядан 2 миллион (лойиқмиди?) сўмлик мукофот пули берилди, кейин айрим нашрлар, сайтлар, ижтимоий тармоқдаги муҳокамалар, телевидение журналистларининг фаоллиги билан танқид остида қолган федерация уларни яна чақириб, 16 миллион 376 минг сўмлик мукофот пули ажратди.

18 ёшгача бўлганини инобатга олсак, ҳали олдинда узоқ йиллар ва катта мусобақалар кутиб турибди. Уларни рағбатлантириб, шароит яратиб, эътибор бериш жуда муҳим. Афсуски карлар спорт мажмуасига ҳалигача ҳеч ким эътибор қаратмаяпти ва буни истамаяпти. Юртимизда қанчадан-қанча спорт мажмуалари қурилди, айримлари капитал таъмирланиб, реконструкция қилиниб, замонавий кўринишга келтирилди. Имконияти чекланганларнинг шу биттагина спорт мажмуасининг замонавий кўриниш олишига нима тўсқинлик қилаяпти? Ахир улар шундай шароитда жаҳон чемпионати олтин медалини олиб келиб ҳам бундай аҳволда бўлган мажмуада шуғулланиши адолатданми? Қайси асрда яшаяпмиз?

Энг ачинарлиси жаҳон чемпионларининг кўпчилиги ишсиз, айримлари қишнинг совуқ, ёзнинг жазирама кунлари бўлишига қарамай автотураргоҳларда ишлаб тирикчилик қилишади. Уларнинг ушбу унвонга муносиб кўрилганини инобатга олсак, иш билан таъминлаш, кредитга уй бериш каби имтиёзлар жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан ташқари телевизор ва ижтимоий тармоқда улар ҳақида таъсирли роликлар олиниб жойлаштирилса, саховатпеша инсонлар назарига тушиб, ҳомийлар ҳам топиларди.

Сиз бунга нима дейсиз, азиз инсон?

Маъмуржон Аҳлиддинов,

Ўзбекистон карлар жамияти аъзоси,

Ўзбекистонда биринчи эшитишида нуқсони бўлган блогер

Ушбу мақола Блогерлар чемпионати учун юборилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг