Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Икки ой ичида қарийб 13 минг киши Тошкентда «уй сотиб олди»

Икки ой ичида қарийб 13 минг киши Тошкентда «уй сотиб олди»

Фото: xabar.uz

Прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича Президент Фармонига кўра 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пропискаси бўлмаган фуқаролар ҳам кўчмас мулк сотиб олиш имкониятига эга бўлди.

Бу имкониятдан ўтган 70 кунда фойдаланган фуқарорлар Тошкент шаҳридан 12 799 та, Тошкент вилоятидан эса 2 052 та уй-жой олди-сотди битимларини нотариал идораларда расмийлаштиришди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Қайд этилишича, нотариал идоралар томонидан ушбу даврда бу ҳудудларда жами расмийлаштирилган уй-жой олди-сотди битимларининг деярли 70 фоизини айнан, пропискаси бошқа ҳудудларда бўлган фуқаролар иштирокидаги битимларга тўғри келади.

20 йилдан ортиқ амалда бўлган, Тошкентдан уй сотиб олишдаги тўсиқларнинг олиб ташланиши фуқароларнинг уй-жойга эга бўлишида юзага келган турли муаммоларини ҳам барҳам топишига хизмат қилди.

Хусусан, кўплаб фуқаролар уйни Тошкентда пропискаси бўлган таниши номига расмийлаштириб, кейин «ўз уйида ижарачи» бўлиб яшашга мажбур бўлганлиги ҳам сир эмас. Фармон қабул қилиниши билан яратилган имкониятдан биринчи навбатда шундай фуқаролар фойдаланиб, уйларини ўз номига расмийлаштиришди.

Шубҳасиз, қабул қилинган Фармон фуқароларимизнинг эркин кўчиб юриш ва уй-жойга эга бўлиш каби муҳим ҳуқуқлари кафолатини таъминлашда туб бурилиш ясади, дейилади Адлия хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг