Ички ишлар вазирлиги ҳузурида жамғарма ташкил этилади
Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ-4229-сон, 06.03.2019 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Қарорга мувофиқ, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шахрисабз шаҳарларида жорий этилаётган Хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида ҳам татбиқ этилади.
Ички ишлар вазирлигининг Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ташкил этилди.
Бош бошқарманинг асосий вазифаси метрополитен, темир йўл ва ҳаво-транспортида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштириш ҳисобланади.
2019 йил 1 апрелдан:
- хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари туристларни автотранспортда кузатиб бориш ҳамда маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга;
- транспортларда хавфсиз туризмни таъминлаш транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари томонидан амалга оширилади;
- туризм темир йўлларида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш кузатувчи профилактика инспекторлари лавозимларини жорий этиш орқали поездларнинг ўзида амалга оширилади.
2019 йил 1 апрелдан Ички ишлар вазирлиги ҳузурида Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармаси ташкил этилади.
Жармғарма маблағлари хавфсиз туризмини таъминлаш бўлинмалари ходимларини рағбатлантириш, шунингдек турли кўргазма ва ярмаркаларни ўтказиш учун сарфланади.
2019 йилда Ўзбекистон Республикасида хавфсиз туризмни таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Йўл харитаси доирасида, туристик компаниялар томонидан ички ишлар органлари билан SOS сигналини юбориш ва жойлашувни аниқлаш учун GPS-қурилмалар билан жиҳозланган махсус билакузуклардан фойдаланиш механизми жорий этилади.
Шунингдек қарорга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ва олий таълим муассасаларига, шунингдек Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига хизматга Тошкент шаҳрида доимий пропискаси бўлмаган шахслар ҳам қабул қилиниши мумкинлиги белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter