Ҳовлимга ўрнатилган трансформатор ҳаётимизга хавф солмоқда!
Ассалому алайкум «Xabar.uz» ижодий жамоаси!
Мен, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Галаравот қишлоғида яшовчи Бобомурод Тешаев, 2018 йил 29 март куни Оқдарё тумани Халқ қабулхонасига (81446-хқ/18 рақам) мурожаат қилдим, аммо ижобий жавоб ёки бўлмаса амалий ёрдам кўрсатилмади.
Мурожаатим мазмуни шундан иборатки, мен яшаб турган уй ҳовлисининг кириш қисмида электр трансформатор ўрнатилган бўлиб, ҳозирги кунда у менинг оилам ҳаётига ҳам, жамоат хавфсизлигига ҳам хавф солиб келмоқда. Шунча йиллар давомида юрагимизда қўрқув билан яшаб келамиз, чунки (суратларга эътибор беринг) у жуда қўпол тарзда ўрнатилган. Бир мисол келтираман — бундан тўрт йил аввал биздан икки маҳалла нарида яшайдиган оилада бахтсиз ҳодиса юз берди. Электр трансформатори бу оиланинг ҳали жуда ёш, норасида фарзанди ҳаётига зомин бўлди.
Менинг уйимдаги трансформатор ҳам паст ва хавфли жойлашган бўлиб, жамоат хавфсизлигига ўз таъсирини ўтказади, деб биламан. Менинг ҳам икки нафар фарзандим бор. Болаларим ҳали ёш, оқ-қоранинг фарқига бормайди. Бизнинг уйда бор бўлишимиз бор, йўқ бўлишимиз бор. Балки қизиқиб ёки ўйинқароқлик қилиб ёнига бориб қолса, юз бериши мумкин бўлган ҳолатни ўйлаб қалбим ўртанади...
Халқимизда бир нақл бор: касални даволагандан кўра олдини олган яхши. Мен ушбу мурожаатимга ёзма жавоб ҳам олдим, аммо жавоб хатидан қониқмадим.
«Келгусида чора-тадбирларимизга вазифа сифатида белгилаб олинади» деб ёзилган. Аммо афсуслар бўлсин, келгусида нима бўлади-ю бугун нима бўлиши мумкин деган саволни ўртага ташлаш керак эмасми?!
Барча мутасаддилардан ушбу трансформаторни бошқа жойга кўчиришда амалий ёрдам сўрайман!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter