Ҳоким vs судья: можаро давом этади
Ижтимоий тармоқларда фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг раиси Саттор Ақанов ва Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов ўртасидаги телефон сўзлашуви аудиоси тарқалганидан хабарингиз бор. Кенг муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур воқеликда улоқ суд раисида кетди, рости. Ахир ўзини хон, кўланкасини майдон ҳис қилувчи ҳоким(лар)нинг «панжасига панжа урмоқ» ҳар куни кузатиладиган ҳолат эмас-да.
Икки мансабдор ўртасидаги суҳбат аудиоси ижтимоий тармоқларда тарқаб кетгач, туман ҳокими вазиятга изоҳ берар экан, «суд раиси халқ депутатларининг туман кенгаши сессиясида иштирок этиб, депутатларга ҳисобот бериши лозимлиги, шу сабабдан судьяга қўнғироқ қилиб, бу ҳақда билдирмоқчи бўлгани, бироқ у (судья) ҳурматсизлик қилгани»ни айтади. Шунингдек, суд раисининг бундан хатти-ҳаракатидан сўнг «Судьялар олий кенгашига мурожаат қилгани, аммо 10-12 кун ўтяптики, жавоб йўқ», дея алоҳида таъкид этади.
Туман ҳокими бу гаплари билан яна бир марта қовун туширган кўринади. Гап шундаки, Ўзбекистон Републикаси судьялар олий кенгаши туман ҳокимининг иддаоларига ойдинлик киритди. Кенгашнинг оммавий ахборот воситалари билан алоқалар шўъбасидан ЎзАга маълум қилишича:
«Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, Ғузор тумани ҳокими С.Бобоқуловдан юқоридаги ҳолат юзасидан Судьялар олий кенгашига хат келиб тушмагани» аниқланган.
Шунингдек, Кенгаш алоҳида қайд этадики: «Судьялар халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида ҳисобот бермайди. Аксинча, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 24-моддасига кўра, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари мажлисида бир йилда камида бир марта фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида ахборот беради. Айни пайтда, Судьялар олий кенгаши томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган аудио ёзув ва Ғузор тумани ҳокими С.Бобоқуловнинг мақолада келтирган важлари юзасидан, шу жумладан, ҳоким томонидан суд ишларини ҳал этишга аралашиш, судьяга нисбатан қонунга хилоф равишда таъсир (босим) ўтказиш ҳолатларига йўл қўйилганлигини аниқлаш юзасидан текширув бошланган.
Текширув натижалари маълум қилинади.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифа эканлиги, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шартлиги, шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозимлиги ҳақида таъкидлаб ўтган».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter