Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким туғилган кунида унга атаб қўшиқ айтилганидан хижолат бўлди

Ҳоким туғилган кунида унга атаб қўшиқ айтилганидан хижолат бўлди

Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри ҳокимлигининг телеграмдаги расмий каналида шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов туғилган санаси муносабати билан маҳаллий хонандалар томонидан ижро этилган қўшиқнинг эълон қилиниши кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Қайд этилишича, вазият кенг миқёсда муҳокама қилина бошлангач, давлат хизматчиси шаънига, нуфузига тўғри келмайдиган иш қилганини англаган шаҳар маданият бўлими, ахборот хизмати раҳбари ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган. 

Нурафшон шаҳри ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов бу ҳолатга қуйидагича изоҳ берган:

– Кеча ва бугун интернетда бундай қўштирноқ ичидаги «қаҳрамон»га айланиб қолганимдан халқимиз, журналистларимиз ва раҳбарият олдида ниҳоятда хижолатдаман. Шундай лавҳа тайёрлаб, менга кўрсатишганда, эътибор учун уларга миннатдорлик билдириб, лавҳани тарқатмасликни, бошқа бунақа ишлар билан шуғуланмасликни қатъий тайинлаган эдим. Афсуски, лавҳа тарқалиб кетибди. 

Дангалини айтганда, менга шу керак эдими? Мутлақо йўқ. Мен бир ижрочиман, холос. Тўғри, Нурафшонда катта ишлар бўлаётгани рост. Лекин, уларни менинг номим билан боғлашларига мутлақо қаршиман. Мен бу лавозимда амалдаги қонунларимиз, давлат раҳбари берган топшириқ ва вазифалар ижроси билан шуғулланаман. Афсуски, кимлардир менинг туғилган кунимга совға тайёрлайман деб, ўзиниям, мениям жамоатчилик олдида ноқулай алпозга солиб қўйди...

Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларни ўқиш ниҳоятда ёқимсиз бўлаяпти. Заррача шу ишга алоқам бўлганда ҳам бунчалик куйинмас эдим. Мени энг ҳайрон қолдираётгани, танимаган, умрида бир мартаям кўрмаган одамлар томонидан билдирилаётган фикрлардир. Шундай одамларга айтаманки, ўзингиз истаган пайтда Нурафшонга келинг, ҳамиша сиз билан суҳбатлашишга тайёрман. Бу лавҳа орқали менинг шахсиятим, иш услубим ҳақида хулоса қилманг, илтимос, — деган ҳоким.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг