Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Ҳоким одамларни ҳақорат қилгунча, шароитни яхшилашни ўйласа бўлмайдими?

Ҳоким одамларни ҳақорат қилгунча, шароитни яхшилашни ўйласа бўлмайдими?

Фото: Panoramio

Кечадан бери ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокимига нисбат берилган аудиоёзув айланиб юрибди. Бу аудиоёзувга кўра Фарғона вилояти ҳокими Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида бўлган фожиада шу вилоятнинг Тошлоқ туманидан бўлган тўққиз фуқаро ҳалок бўлгани ҳақида сўз юритиб, туманни иқтисодий қолоқликда айблайди ва туман аҳолисини ҳақоратлайди. Мен қуйида ҳокимнинг сўкинишига эътиборингизни қаратмоқчи эмасман. Агар ўша аудиоёзувдаги овозлар ҳақиқатан ҳам Фарғона вилояти ҳокимига тегишли бўлса, бунга чора кўрадиган Президентимиз бор. Мен ўша аудиоёзувдаги Тошлоқ тумани ўзини ўзи боқа олмаслиги, доим вилоят ҳокимиятидан ёрдам кутиши ҳақидаги гапларга эътиборингизни қаратиб, айнан шу масала юзасидан фикр билдирмоқчиман.

Ҳаммамизга маълумки, юртимиздаги ер ости ва усти қазилма бойликлари ҳам, аҳолининг жойлашуви ҳам мамлакатимиз бўйлаб нотекис жойлашган. Баъзи вилоятларда аҳоли кам бўлса, айримларида кўп. Қазилма бойликлар ҳам шундай.

Юртимизда ҳар бир туманнинг географик жойлашувидан тортиб, аҳоли сони, ер майдони, ҳатто одамларининг менталитетигача бир-биридан фарқ қилади. Баъзи туманларнинг одамлари ишбилармонроқ бўлса, баъзиларининг одамлари оддийроқ, деҳқончиликка мойилроқ ва ер билан тиллашиб юрибди, холос.

Ўша ишбилармони кўп бўлмаган туман аҳлига вилоят ҳокимининг: «Сенлар кунингни кўролмайсан, сенларни мен боқаяпман», дейиши қанчалик тўғри? Бунинг ўрнига вилоят ҳокими ўша ривожланмай қолаётган туманга бошқа туманлардаги ишбилармонларни таклиф этиб, ўша туманни ҳам ривожлантиришни йўлга қўйса мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Кимдир билар, кимдир билмас, Самарқанд вилоятининг Ургут тумани азалдан ўзининг савдогарлари, ишбилармонлари билан танилган. Октябрь тўнтаришидан олдин ҳам бу туман ҳудудида яшайдиган савдогарлар бутун Марказий Осиё, ҳатто олис Хитой, араб мамлакатларига маҳсулот олиб бориб, улардан ўзимизга керакли молларни олиб келишган. Кейинчалик хусусий тадбиркорлик ва савдо-сотиқни  батамом тақиқлаган собиқ иттифоқ даврида ҳам бу туман одамлари қочиб-пусиб бўлса-да, ўз савдогарчилигини қилаверган. Ўз томарқасида етиштирган меваларни Россия шаҳарларига олиб бориб сотиб юришган. Шу билан бирга азалдан бу туманда ҳунармандчилик ривожланган.

Мустақиллигимиздан кейин берилган кенг имкониятлар ургутликларга қўл келди ва туман ҳар соҳада ривожлана бошлади. Кўпчилик билмас, бу туманнинг аҳолиси аллақачон ярим миллион бўлган. Ер майдони эса чекланган, аҳоли зич яшайди. Ана шу шароитда анча йиллардан бери Самарқанд вилоятида ҳам, Ургут туманида ҳам кимлар ҳоким бўлиб ишлаган бўлса, турли сабабларга кўра туманда ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўя олмаган тадбиркорларни қўшни туманларга йўллаб, ўша ерларда фойдаланилмай ётган объектларни уларга бериш ёки ер ажратиш ишларига катта эътибор бердилар. Ана шу туфайли бугунги кунда қўшни Жомбой, Булунғур, Тойлоқ, Самарқанд, Пастдарғом туманларида кўплаб ургутлик тадбиркорлар ўз корхоналарини очганлар.

Ургутлик тадбиркорларнинг бундай ишлари Президентимизнинг ҳам эътиборидан четда қолмади ва янги ташкил этилган «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг филиаллари Самарқанд вилоятининг яна иккита туманида ташкил этилди ва уларда ҳам ургутлик тадбиркорларнинг янги-янги корхоналари очилаяпти. Ана шундай ишлар ҳозирги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида Самарқанд вилоятининг ҳиссаси кўпайишига, иқтисодий жиҳатдан ортда қолаётган туманларнинг ривожланишига сабаб бўлди.

Шу ерда савол туғилади: нега Самарқандда қилинган ишларни Фарғона вилоятининг ҳокими қила олмайди?

Балки менинг хабарим йўқдир, Фарғонада ҳам шундай ишлар қилингандир, лекин вилоят ҳокимига нисбат берилаётган аудиоёзувга кўра Тошлоқ тумани ҳануз ўзини ўзи боқа олмаётган экан, бу масалада ишлар суст олиб борилган деб хулоса чиқариш мумкин.

Умуман олганда, ҳар бир вилоятнинг етакчи тумани бор. Масалан: Самарқандда Ургут, Бухорода Ғиждувон, Сурхондаёда Денов шулар жумласидандир. Фарғона водийсида ҳам Қўқон шаҳри ҳар қандай тадбиркорликда намуна бўлиши мумкин. Бунда вилоят ҳокимининг роли жудаям катта.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг