Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳисобот ёзиб, қоғоз безаш осон. Ишлар амалда кўриниши керак!» — Бош прокурор

«Ҳисобот ёзиб, қоғоз безаш осон. Ишлар амалда кўриниши керак!» — Бош прокурор

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бош прокуратурада навбатдаги селектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га маҳкама матбуот хизмати маълум қилди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида ўтган бу галги йиғилиш ҳам узоқ давом этмади. Устма-уст мажлис ўтказиб, вақтни исроф қилишни кўпам хушламайдиган маҳкама раҳбари кун тартибидаги масала бўйича вилоят прокурорларининг мухтасар ҳисоботларини эшитгач, топшириқ-тавсияларини ҳам қисқа ва лўнда қилди.

Айтдики, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият дунёда ҳам, мамлакатимизда ҳам мураккаблигича қолмоқда. Кейинги пайтларда инфекцияга чалинганлар сонининг кескин ошаётгани, аҳоли орасида ҳам бу касалликнинг тарқалаётгани барчани бирдек ташвишга солаётир. Албатта, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида мамлакатимизда бу офатнинг таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Бироқ хотиржамликка берилишга мутлақо асос йўқ. Қисқа муддатда кўрилган чоралар натижасида прокурорлар секторларида рўйхатга олинган қарийб 104 мингта эҳтиёжманд оиланинг 20 минг 100 нафардан зиёд аъзоси доимий, 30 минг 710 нафардан ортиғи эса мавсумий ишга жойлаштирилди. Хўп, яхши. Қарийб 3 мингта эҳтиёжманд оилага иссиқхона қуриб берилди, 4 минг 800 дан зиёд оилага эса, бозорбоп ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни етиштириш учун ер ажратилди. Чаккимас. Барча эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат ва зарур дори-дармонлар мунтазам етказилмоқда. Уларга пул кўринишида берилган моддий ёрдамлар эса, деярли 20 млрд. сўмга етганиям ёмон кўрсатгич эмас. Бундан ташқари эҳтиёжманд қатор оилалар чорва моллари, парранда, асалари уялари каби тирикчилик учун зарур бўлган воситалар билан таъминланди. Натижада бугунги кунга келиб, ижтимоий аҳволи нисабатан яхшиланганлиги сабабли прокурорлар секторларидаги эҳтиёжманд оилаларнинг 45 фоизини эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқариш учун асослар пайдо бўлди.

Бироқ амалга оширилган ишлар «биз чекимизга тушганини уддалаб қўйдик!» дейишга изн бермайди. Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мавсумий эмас, узлуксиз давом этиши шарт бўлган жараёндир. Бинобарин, прокурорлар секторларида бу борадаги ишларни янада кучайтириб, самарадорлик оширилиши шарт! Ҳисобот ёзиб, қоғозга безак бериш осон. Аммо касаллик минг яширилмасин, иситмаси барибир ошкор қилади. Агар қайсидир ҳудудда «иситма ошкор» бўлса, жазо ҳам шунга яраша бўлади. Шундай оғир пайтда халқ корига ярасаккина «халқ прокуратурасига» айланишимиз мумкин. Пировар мақсад ҳам шу эмасми?! — деди Ниғматилла Йўлдошев.

Шунингдек, йиғилишда эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган моддий ёрдамларни асоссиз равишда тўхтатиб қўйиш ҳолларига йўл қўймасликнинг аниқ механизмлари белгилаб берилди. Ўзини ўзи банд қилганлар фаолиятини легаллаштиришга, уларга тегишли қонун ҳужжатларидаги имтиёзларни тушунтириш ва мазкур тоифадаги фуқароларни рағбатлантириш орқали улар сафини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратиш вазифаси қўйилди. Зеро, бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш ишларини янги босқичга кўтаришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг