Ҳеч ким сайловга бефарқ эмас...
Мамлакатимизда муқобиллик асосида ўтган Президент сайлов кампанияси ҳам ўз ниҳоясига етди. Мазкур сиёсий жараён халқимизнинг руҳи кўтаринки эканини, бирдамлик, ҳамжиҳатлик туйғуси баланд эканини кўрсатди. Энг муҳими, ҳеч ким сайловга бефарқ эмаслигига гувоҳ бўлдик. Бу кўп миллатли Ўзбекистон халқи давлатимиз томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатни, амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганининг амалдаги ёрқин намойишидир.
Бунинг асосий сабаби мамлакатимизда барча соҳаларда ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгаришлар натижасида одамларимизда эркин фикрлаш, у ёки бу қарорларга, воқеликка эркин мустақил муносабат билдириш, мустақил танлов қила олиш имконияти тобора кучайиб бораётганида. Ҳақиқатан ҳам 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатида кескин ўзгаришлар шабадаси эса бошлади. Иқтисодиёт эркинлашди, валюта конвертацияси эркин амалга оширила бошлади, матбуот ва виждон эркинлигига кенг йўл очилди, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва билимларини ошириш устувор вазифага айланди. Айнан ташқи сиёсат соҳасида мамлакатимизда охирги беш йилда залворли ютуқларга эришилди. Биринчи навбатда яқин қўшниларимиз билан қадимий дўстлик муносабатларимизни қайта тиклаш, ижтимоий-иқтисодий, маданий алоқаларимизни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотларда Ўзбекистон ўрнини сезиларли даражада кўтаришга эришилди. Ўзбекистон ЕОИИ га кузатувчи мақомида кирган бўлса, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўлқонли аъзо бўлди. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасидаги музокаралар давом этмоқда.
Кейинги 5 йилда Ўзбекистонда ОАВни эркинлаштириш жараёнларини кузатиш давомида ушбу жараёнлар жадаллашганлиги ва ижобий характерга эга бўлаётганлигини кўриш мумкин. Энг аввало, сўз эркинлигини таъминлаш бўйича қонунчилик базаси такомиллаштирилди ва кейинги 5 йилда 12 та қонун ҳужжатлари, жумладан, 2018 йил апрелда Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунига қатор ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, 2017 йил 11 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ва 2019 йил 2 февралда «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари қабул қилинди.
ОАВ – бугун ҳақиқий халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда. Балки, ҳали бу соҳаларда катта марраларга эришганимиз йўқдир, лекин эришган ютуқларни асло инкор этиш мумкин эмас. Ахир, бир неча йил илгари ҳам ОАВ соҳасидаги рақобатни кузатмасдик. Бугун журналистлар қаторида блогерлар ахборот маконида қаттиқ рақобат олиб боришмоқда. Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2410 тага етди. Оммавий ахборот воситалари, жумладан, блогерларнинг танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти йўлга қўйилди. Бунинг тасдиғини давлат идоралари томонидан танқидий материалларга жавоб қайтариш кўрсаткичи 2018 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига кўра, қарийб 90 фоизга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ҳозирги вақтда Интернет журналистикаси ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Республикамизда фаолият юритаётган 1893 та оммавий ахборот воситасидан 638 таси ёки 33,7 фоизи Интернет нашрлари – веб-сайтлар сифатида рўйхатдан ўтган. Шу ўринда, мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишда барча жараёнлар инсон омилисиз, электрон шаклда амалга оширилаётгани бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлганини қайд этиш зарур.
Соҳада юксак малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолият кўрсатмоқда, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд давлат чет тиллари институтида ҳам журналистика йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини хорижий давлатларда ошириш ишлари йўлга қўйилди. Шубҳасиз, матбуот ва ОАВ эркинлиги сайловларнинг холис, адолатли ўтишини таъминлашга хизмат қилди.
Бу сафарги сайловлар олдингиларидан тубдан фарқ қилади. Энг аввало, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлар асосида сайлов кузнинг илиқ кунларида бўлиб ўтгани халқимизнинг кўнглидаги воқелик бўлди. Қаҳратон қиш - декабрь ойидан кўра, очиқ-сочиқ, қуёш тафти бор кунларда сайлов ўтказилиши ҳамма учун – сайловчилар, сайланувчилар, сайловларни ташкил этувчилар учун ҳам жуда қулайлик яратди. Муҳим сиёсий кампания буткул янгича сиёсий муҳитда, янги сайлов кодекси асосида ўтди. Ушбу сайловдаги фаоллик аввал ҳеч қачон кузатилмаган эди. Сайловчилар билан учрашувларда, тарғибот тадбирлари ва турли акцияларда ёшу-қари, эркагу аёллар бирдек фаол бўлди. Марказий сайлов комиссияси баёнотига таянган ҳолда айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Президенти сайловида мамлакат бўйича сайловда иштирок этганлар 16 миллион 36 минг 914 нафар кишини ёки сайловчиларнинг 80,8 фоизини ташкил этди. Президент сайлови муносабати билан республиканинг дипломатик ваколатхоналари жойлашган мамлакатларда 54 та сайлов участкаси ташкил этилди. Шунингдек, ушбу мамлакатларнинг 128 шаҳрида, Ўзбекистон ваколатхоналари бўлмаган 11 мамлакатда 316 та муддатидан олдин овоз бериш кўчма нуқталари фаолият юритди. Шубҳасиз, адолат ва ошкоралик тамойилларига амал қилиш нуқтаи назаридан Ўзбекистонда ўтказилган Президент сайлови энг юқори халқаро меъёр ва нормаларга жавоб беради. Сайловда иштирок этувчилар сонининг ҳар доимгидан ошганлиги аҳолининг мавжуд сиёсатдан розилигининг аломати ҳисобланади. Янги сайловчилар – ёшлар ва янги фуқаролик олганлар ҳам ислоҳотлар давом этишидан манфаатдорлар. Бугун ҳамма Президент ислоҳотларидан ютди. Халқимизнинг тўйлари каби чинакам байрамга айланган сайловни кузатар эканман, фарзандларини етаклаб овоз бериш учун келаётган оилалар, келин-куёвлар, ёшлар ва нуронийларнинг кўзларида ҳаётидан, турмушидан розилик, тақдирига бўлган ишонч, бахтиёрликни кўрдим.
Жамиятнинг устуни бўлган ўқитувчиларимиз, педагоглар ҳам ўз келажаклари учун овоз беришди. Олий таълим соҳаси вакили бўлганим учун бу масалага тўхталмасликнинг имкони йўқ. Зеро, таълим ва тарбия масаласи ҳар қандай жамият ривожининг устувор йўналиши саналади. Юрт фаровонлиги албатта таълимнинг қанчалик ривожланганлигига боғлиқ. Халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи бўлган ёшларга билим бераётганимиздан, юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлашга йўналтирилган олий таълим соҳасида меҳнат қилаётганимиздан фахрланамиз. Дарҳақиқат, кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафардан зиёд ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди ва умумий қамров 4 йил аввалги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. 2016 йили Ўзбекистонда олийгоҳлар сони 77 та бўлган бўлса, 2021 йилда 141тага етказилди. Мамлакатимизда 2030 йилга қадар мактаб, лицей ва коллеж битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказиш режаси бу борада янада катта ишлар амалга оширилишини англатади. Энг эътиборлиси, олий ва ўрта махсус таълим соҳаси вакиллари мажбурий меҳнатдан озод этилди, уларнинг ойлик маошлари 3-3,5 баравар оширилди.
Муҳим сиёсий жараёнда барча партиялардан номзодлар иштирок этди. Сиёсий майдондаги янги ўйинчи – Экологик партия номзоди тўртинчи ўринни эгаллаб, ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этди. Ҳар бир партия ўзининг бир-биридан фарқланувчи ғоявий мақсадларни тақдим этди. Гендер тенгликка риоя қилинди. Ўзбекистон ХДП ўз тарихида биринчи марта аёл номзодни кўрсатди. Тарғибот учун тенг имкониятлар берилди. ОАВ барча номзодларни тенг ракурсдан намойиш этди. Мисли кўрилмаган сўз эркинлиги муҳити кузатилди, фаол жамоат мунозаралари Интернет ва ижтимоий тармоқларда олиб борилди. Тарихда биринчи марта дебатларнинг иккита раунди ўтказилди. Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар жиддий қонунбузарликлар бўлмаганини эътироф этишди. 1000 дан ортиқ халқаро кузатувчининг қатнашганлиги адолат ва қонунийликни таъминлашда қўл келди.
Сайловчи эса мамлакатдаги барқарорлик, оммабоп ислоҳотлар давомийлиги, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат, миллий қадриятлар ва энг муҳими, кучли лидер учун овоз берди. Улар коммунистик ёки феодал ўтмиш, факт ва рақамларга таянмаган популистик чақириқларга қўшилмади.
Бу ниманинг белгиси? Гап шундаки, сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган изчил ва тизимли ислоҳотлар натижасида очиқ ва эркин, муқобиллик асосидаги сайловлар ўтказишга муваффақ бўлдик. Халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, сайлов тизимини эркинлаштириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш борасида мисли кўрилмаган чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Бир сўз билан айтганда, ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда ижтимоий давлат қуриш борасида улкан натижалар қўлга киритилди, юртимизда мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий муҳит шаклланди. Янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳалла қолмади, десам, адашмаган бўламан. Бугун жонажон Ўзбекистонимиз улкан имконият ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда.
Кейинги йиллардаги ўзгаришларни бутун жаҳон эътироф этмоқда. Яширишнинг ҳожати йўқ, чет элликлар унча мунчага мақтайвермайди. Янгиланаётган Ўзбекистондаги ўзгаришларни уларки эътироф этаяптими, демак бундан бир неча йиллар аввал бошланган ислоҳотлар натижадорлиги ҳатто чет элликлар назарига ҳам тушиб улгурибди. Ютуқларни, мавжуд жараённи борича гапирди улар. Пандемиядек ўта мураккаб ва синовли бир даврда Европанинг мана-ман деган давлатларида иш ўринлари кескин қисқармоқда. Демакки, оддий одамларнинг нон топиш имконияти камаймоқда. Бизда-чи?
Ўтган беш йил мамлакат ҳаётини, онгу тафаккуримизни буткул ўзгартириб юборди. Сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий жабҳаларда жадал янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Одамлар ҳақ-ҳуқуқларини таниши, талаб қилиши, шунинг баробарида фуқаролик мажбуриятларини англаши, фикрини эмин-эркин ифода қилиши учун шароит яратилди. Халқни ўйлантираётган муаммолар тўлиб-тошиб ётгани яшириб ўтирилмади. Аёл ва қизлар, нуронийлар, ёшларга оид масалаларга энг устувор вазифа сифатида ёндашилмоқда. Бирор-бир йилт этган, халқимизнинг кўнглини кўтарган, унга таскин бўлган янгилик, эзгулик, хайрли амалий ташаббус борки, бари одамлар, кўпчилик, бутун ҳамюртларимиз билан бамаслаҳат тарзда жорий этилмоқда. Адашганларга, турли ёлғон ғояларга учиб, ер куррасининг оловли нуқталарига бориб қолганларга, уларнинг оилалари, норасида ва бегуноҳ фарзандларига бир эмас қайта-қайта ростмана меҳр кўрсатилмоқда. Хатоларни англаш, уларни тўғрилаш учун имкон берилмоқда. Оғир ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабаб чет мамлакатларда нон топиш илинжида юрган мусофир ҳамюртларимиз ўз ҳолига ташлаб қўйилмаяпти. Уларнинг оғирини енгил қилиш учун ҳамма имкониятлар ишга солиняпти.
Ҳа, бугун мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшганлар ҳам, оддий одамлар ҳам, мушкул аҳволга тушиб қолганлару хато йўлга кирганларга ҳам эътибор кўрсатилмоқда. Ҳеч ким меҳрдан бенасиб қолмаяпти. Бир оилани, рўзғорни рисоладагидек бошқариш, барини бадастур этиш, яна тартиб, интизом, одамгарчилик, инсонийлик, ўзликни унутмаслик осон эмас.
Ёши улуғларимиз ҳар куни дастурхон атрофида мамлакат етакчисини, юртга ризқ бераётган деҳқону миришкорларни, халқимизни, жонажон Ўзбекистонимизни Яратган ўз паноҳида асрасин, деб дуо қилишдан чарчашмайди. Эзгу тилакларда ҳикмат кўплиги бугунгидек мунаввар кунларда янада теран билинар экан.
Аҳамиятлиси, муносиб номзод учун берилган ҳар бир овоз замирида халқимизнинг хоҳиш-иродаси, орзу мақсадларининг ифодаси яшайди. Сайловда ёшларнинг фаол иштироки, уларнинг ўз сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини намойиш этганлари ёш авлод қалбида она юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси жўш ураётганининг яққол намунаси бўлди. Сайловнинг тарихий аҳамияти ҳам шундаки, халқимиз қалбан бирлашиб, ҳамжиҳатлик билан ўз тақдири, фарзандлари келажаги, оилалари фаровонлиги, энг асосийси юртимиз тақдирига бефарқ эмаслигимизни намойиш этди. Бу жаннатмонанд маконда яшаётган ҳар бир ватандошимизнинг овози, хоҳиш-иродаси муҳим эканини, инсоннинг қадр-қиммати, манфаатлари устувор бўлганини яққол кўрсатиб берган сайлов - ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг юксак тантанасидир.
Исмоил Саифназаров, фалсафа фанлари доктори, ТДИУ профессори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter