Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳар кишининг икки бўлса аёли...» — ҳар қанча нозик бўлса-да, оқибати мудҳиш масала хусусида

«Ҳар кишининг икки бўлса аёли...» — ҳар қанча нозик бўлса-да, оқибати мудҳиш масала хусусида

Ҳаётда хотин устига хотин олаётганлар оз эмас. Таъбир жоиз бўлса,  кейинги пайтларда хотин кўпайтириш айрим эркаклар учун «мода»га айлангандек, гўё....

Қонунсиз никоҳдан туғилган  фарзандини тан оладиганлар, бошқа болаларидай кўриб вояга етказадиганлар йўқ эмас, албатта. Бироқ «иккинчи» бўлишга рози бўлган кўпгина аёлларнинг ҳам, улар дунёга келтирган болаларнинг бошига оғир савдолар тушаётгани ҳам рост.  Онаси «иккинчи» бўлган болалар барибир ўксийди. Вояга етгунича ва ундан кейин ҳам ё очиқ юзига ёки ортидан «қандай туғилганини» эслатиб турадиганлар топилади. Оқибатда бола жамиятга нохолис қарайди. Шунинг учун ҳам шаръий никоҳ ҳақида гап кетганда, ҳақ-ҳуқуқсиз иккинчи (ёки учинчи) хотинлар эмас, кўз ўнгимда ҳимоясиз, бегуноҳ болажонлар гавдаланади... Бу масалада давлатимиз раҳбарининг ҳам куюнчаклик билан айтган фикрлари бор: «Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлади, хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб улғайгандан кейин, боғчага, таълим муассасасига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзосиман, деб ҳис этолмайди».

Қўшхотинликни ёқлайдиган, буни эътиқод билан боғлайдиганлар етарли бизда. Уларнинг баъзан саёз, юзаки фикрларидан на кулишни, на йиғлашни биласан. Эмишки, агар эркаклар кўп хотин олмаса, кўпчилик аёлларга эр етишмаслиги юзага келиб, жамиятда фоҳишалар кўпаяркан, чунки аёллар сони эркакларникидан кўп экан.

Зимдан қаралганда эса ҳаёт ҳақиқати бутунлай бошқача. Қўшхотинликнинг ўзи – жамият учун ўткир муаммо. Ҳатто ўта оғир жиноятларга олиб келаётган омиллардан бири. Буни Бош прокуратура тақдим этган, 2018-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 6 ойига оид қуйидаги маълумотлар ҳам тасдиқлайди:

- Жиноят кодексининг 126-моддаси (кўп хотинли бўлиш) билан 38 та жиноят иши кўриб чиқилган;

- МЖтКнинг 473-моддаси 3-қисми (Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш) билан 44 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган;

- МЖтК 201-моддаси 2-қисми (диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) билан жами 2,192 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган;

- 2018-2022 йилларда фуқаролик судларига оталикни белгилаш бўйича 3,267 та аризалар берилган, шундан 2,929 таси қаноатлантирилган;

- 2018-2022 йилларда фуқаролик судларига алимент тайинлаш юзасидан 135 257 та аризалар келиб тушган ва 127 841 таси қаноатлантирилган.

Маишат эмас, масъулият

Одатда, никоҳ икки инсоннинг рози-ризолиги, меҳру муҳаббати билан бунёд бўладиган умрлик иттифоқ. Никоҳ – бахт остонаси. Қонунларимизда ҳам никоҳ тенгликка, розиликка асосланади. Кундошли бўлишни ҳеч бир аёл истамайди. Халқимизда «Эр бермоқ – жон бермоқ» деган мақол бежиз айтилмаган. Кўпхотинлилик вақтинчалик маишатни кўзлаб амалга оширилмоқда, унинг масъулиятларига эса юзаки қаралмоқда. Бева аёлга уйланмоқчи бўлган эркак унинг болаларини ҳам ўз болаларидек вояга етказиши, ҳар икки аёлини бирдек эъзозлаши шарт. Кўпхотинли ҳамма эркаклар бунининг уддасидан чиқадими?  Албатта, йўқ!

Қонуний никоҳидаги аёлидан кўра гўзалроқ кўринган аёлга яширинча уйланиб, «ўтли муҳаббат» онлари совигач, буниси ҳам кўзларига балодек кўрина бошлайди. Шу ўринда иккинчи хотинлик қисмати нақадар оғир эканини, бунга кўнган аёлнинг нафақат қалби азобланиши, балки қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ҳам ҳимоя остида эмаслигини унутмаслик керак. Аслида қонунларимизда оналик ҳуқуқи зиёдаси билан муҳофаза қилган. Аммо бу ҳақ-ҳуқуқлар қонуний турмуш қурганларга тегишли. «Иккинчи»  эса минг шаърий бўлмасин, ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас. «Иккинчилар» ёмон аёллар эмасдир, аммо барибир уларда қонуний никоҳ  берадиган ҳуқуқ ва имтиёз йўқ. Оддий мисол, шаръий никоҳ билан турмуш қурган аёл никоҳ даврида топилган мол-мулкнинг ярмига даъво қилиши мумкин эмас. Туққан боласи учун алимент  олишида минг бир тўсиққа дуч келади. Шу боис бундай турмуш эр учун ҳам, хотин учун ҳам, ҳатто туғиладиган бола учун ҳам бирдек ғурбат. 

Кўп хотинлилик кишини қандай синовларга рўбарў этишини билиш учун қуйидаги маълумотларга кўз ташлаш кифоя.

Кўп хотинли бўлиш бу – жиноят

Ургут туманида 36 ёшли эркак 2004 йилдан буён А.З. билан қонуний никоҳ асосида  эр-хотин бўлиб яшаб келиб, 2018 йил август ойида Р.М.ни шаръий никоҳ асосида «икккинчилик»ка олади. 2018 йил август ойидан 2021 йил июль ойига қадар бир ҳовлида иккита хотин билан умумий рўзғор асосида эр-хотин бўлиб яшаб келган.

Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 126-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилган.

Талаба йигит кўп хотинлиликка даво қилди

Жиззах давлат педагогика институти «Чет тиллар факултети» 4-босқич талабаси бўлган йигит М.Е. 2012 йилда У.М. билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуриб, яшаб келган. Икки ўртада можаро чиқиб, келин ота-онасининг уйига кетиб қолган. Бундан фойдаланган М.Е.  бошқа аёл билан шаърий никоҳ ўқитиб, эр-хотин бўлиб яшаб келган. 2018 йил 1 февралда қонуний никоҳдаги турмуш ўртоғи уйга қайтиб келганидан сўнг ҳар иккала хотини билан умумий рўзғор асосида эр-хотин бўлиб яшаб келган.

ЖИБ Шароф Рашидов туман судининг ҳукми билан М.Е. Жиноят кодексининг 126-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Ёнган чақалоқ

2023 йилнинг 24 январь куни соат тахминан 19:00 ларда фуқаро М.У. «Матиз» русумли автомашина бошқарувида ҳомиладор турмуш ўртоғи (шаръий никоҳ асосида) 1987 йилда туғилган М.Х.ни шифохонадан яшаш хонадонига олиб кетаётган вақтида, рашк туфайли жанжаллашиб кетади. Автомашинанинг орқа ўриндиғида ўтирган аёл ўзига бензин сепиб, ёқиб юборади. Эркак қочиб, ўзини қутқарган, аёл эса куйиб кул бўлган. Энг аянчлиси, ёнаётган машина ичида мурданинг кўзи ёриб, ўғил чақалоқ дунёга келади. Териси қовжираб ёниб кетган чақалоқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатига қармай азоб чека-чека жони узилган.

Рашк

1990 йилда туғилган аёл турмуш ўртоғи – 1986 йилда туғилган О.А.ни Қарши шаҳрида ижара уйда, 1993 йилда туғилган фуқаро Н.Д. билан қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келаётганлигидан хабар топади. 2023 йилнинг 16 апрелида аёл ёнига қариндошларини тўплаб бориб, кундошини уриб жароҳатлайди, руҳий тазйиқ ўтказишади. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) жиноят иши қўзғатилди.

Келишмовчилик

Шу йилнинг 23 мартида тахминан тунги иккиларда 36 ёшли риштонлик эркак ўзининг шаръий никоҳидаги 31 ёшли хотинини ошхона пичоғи билан ўлдиради. Аниқланишича, фожиага давомли жанжаллар, келишмовчилик сабаб бўлган. Жабрланувчи олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 94-моддаси 1-қисми (қотиллик) билан жиноий иш қўзғатилган.

Ов пичоғи

2023 йил 28 январь куни соат 19:30 лар. Хатирчи тумани «Кориз Араб» маҳалласида яшовчи Ў.Т. қўлига овчилар пичоғини олганча бир неча йиллардан буён шаърий никоҳ асосида яшаб келаётган аёлининг манзили томон кетади. Ётоқхонасига ўтиб, аёлнинг пичоқлаб ташлайди. Севган ва ишонган инсонидан кутилмаганда бундай ваҳишийликни кўрган аёлни ўлими олидидан ҳаёт учун хавфли жароҳатлардан кўра, пушаймонлик азоби кўпроқ қийнаган бўлса, не ажаб. Воқеа жойидан яширинган эркак ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ушланади.

Дездемона каби

Поплик О. М. шаръий никоҳ асида ёш аёлга уйланаётиб, севгилисига етишганидан қувонган, бахтли бўлишига ишонганди. Аммо бу ҳол узоққа бормади, ёш хотиннинг машмашалари битмас экан. Ўша куни – 2022 йил 31 июлда ҳам улар Пунгон-Наманган автомобил йўли бўйлаб кетишаркан бирдан яна оилавий можаролар бошланади. Жаҳлга эрк берган эркак аёлини бўға бошлайди... Оқибатда эр қотил бўлиб, хотинининг ёш умрига зомин бўлди.

Қодирийни ўқимаганлар

Яхши ният билан қурилса ҳам турмушдан бахт топганлар кам, аксинча аянчли якун топган тақдирларни ҳар қадамда учратасиз. «Ота-боболаримиз уч-тўрт хотин билан аҳил-иноқ яшашган», деб вайсайдиганлар атоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини ўқишсин. Кундошлик туфайли бутун бошли оила бошига тушган фожиалар жуда таъсирчан ва аниқ тасвирлаб берилганини ўқиб, зора дунёқарашлари кенгайса...

Кўпхотинлиликнинг мудҳиш оқибатлари жуда кўп қиррали, уларни номма-ном санаш, таҳлил қилишнинг имкони йўқ. Яна бир томонини эса эсламасак бўлмайди. Юқорида шаръий жуфтини ўз қўли билан ўлдирганлар ҳақида тўхталган эдик. Аммо бу бало инсонни шу даражада тушкунликка туширадики, оқибатда у ўзини ўлдиришга мажбур бўлади. Ўзингиз ўйланг, ими-жимида иккинчи хотинга уйланиб, буни яқинларидан яшириб юрган эркакнинг сири фош бўлди, дейлик. Орада жанжал чиқди, хотинию болалари юз ўгирди, ишхонаси, маҳалласига етиб бориб, мисқоллаб йиққан обрў-эътиборидан, оридан ҳам айрилди.

Даҳшатга тушмай бўладими? Энди ҳаммасини қайтадан тиклаш мумкинми? Ерпарчин бўлган обрўни қайтариб бўлармиди?

2022 йилнинг 22 июнида Мингбулоқ тумани «Қирқчек» маҳалласида бир одам ўзини осди. Сомон боғлашда ишлатиладиган ипдан сиртмоқ ясаб, ўзини ёнғоққа осган киши бу қилмиши учун энди чин дунёда ҳам жавоб беради. Қаранг, қўшхотинлик туфайли икки дунёси ҳам барбод бўлди.

Шунга ўхшаш воқеа яқинда, 2023 йилнинг 6 июнида ҳам юз берди. Наманган шаҳар «Оромгоҳ» маҳалласида истиқомат қилувчи эркак шаръий никоҳидаги хотинининг ёнига келганда жанжаллашиб қолади. Аёл эрининг фақат ўзиники бўлишини хоҳлайди, эрнинг эса бошқа оиласи, воз кечолмайдиган болалари бор. Иккинчи хотини буни тушунишни истамайди. Охири эркак турмуш ўртоғига зарда қилиб, ошхона пичоғини олади-да, ўзининг қорнига тиқади. Кўрсатилган муолажалар туфайли ҳаёти сақланиб қолса-да, йигитлик шаъни бир пул бўлганини ўзгартиролмайди.

Махтумқули – Бухорою Хивада таҳсил олиб, кўплаб насиҳат шеърлар, ашъорлар битган донишманд шоир. Унинг қўшхотинлиликка бағишланган ҳам ажойиб шеъри бор. Мақолани шу шеърдан бир парча келтириб якунласак:

Ҳар кишининг икки бўлса аёли,

Кеча-кундуз иши можаро бўлар.

Ҳар бирининг бордир юз минг хаёли

Оши заҳар, нони ҳам увол бўлар.

Зарда қилиб келмас бўлса ёнига,

Сўз айтмаса ҳар бирининг шаънига,

Бундай эр қўшилмас одам сонига

Икки хотин, бир эр – уч аёл бўлар!

ГУЛҲАЁТ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг