Гулжаҳон Йўлдошеванинг «иши» бўйича тергов якунланди - Бош прокуратура
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага оид жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланди. Бу ҳақда бугун Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди. Унга кўра, тергов давомида 5 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 116 - (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207 - (Мансабга совуққонлик билан қараш), 209-(Мансаб сохтакорлиги), 228- (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддалари билан айб эълон қилинган.
Жиноят иши мазмунан ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Чирчиқ шаҳар судда кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олиниши ортидан катта шов-шув келиб чиққанди. Шов-шувлар шифокорга қўйилган айбловларда кўра унга нисбатан қўлланган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси теварагида кечганди. Олти нафар фарнзадининг (кенжаси икки ёшдан энди ўтган) онаси бўлган Г. Йўлдошеванинг терговга мажбурий келтирилиб, сўнг «тиқиб» қўйилиши кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлаганди. Хусусан, Г. Йўлдошевага нисбатан қўлланган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси масаласида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г. Маруфова жиддий ташвиш билдирган бўлса, Олий Мажлис Сенатининг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов Бош прокуратура расмийларига «...айбланувчининг очиқда қолдирилиши дастлабки терговга ҳалал бермайдиган бўлса», унга нисбатан танланган эҳтиёт чорасини гаров, шахсий кафиллик ёки уй қамоғи тарзидаги, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартиришни тавсия қилгани хабар қилинганди.
Кўп ўтмай воқеликка Сенат раиси, шунингдек қатор давлат ва жамоат арбоблари, жумладан Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдирганидан кейин Г. Йўлдошевага қўлланган эҳтиёт чораси «уй қамоғи»га ўтказилди. Шунингдек, унга муайян вақт оммавий ахборот воситалари ходимлари билан мулоқот қилиш ҳам таъқиқлаб қўйилди.
Мана, «иш» суд оширилибди. Бўлажак суд мажлиси жамоятчиликка қатор «сюрприз»лар тақдим этиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter