Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гўдаклар ҳаққини туя қилаётган «боғча опа»лар ёхуд Бухоро шаҳридаги боғчада нима гап?

Гўдаклар ҳаққини туя қилаётган «боғча опа»лар  ёхуд Бухоро шаҳридаги боғчада нима гап?

Ижтимоий тармоқларда  «Боғчаларнинг бирида болалар ҳаққини ўғирлаётган «каламушлар»ни ушлашибди» сарлавҳаси остида видеотасвир тарқалган. Видеотасвирда давлат мактабгача таълим ташкилотларининг биридан бир нечта ходималарнинг ўз шахсий сумкаларида гўшт, тухум, ёғ, лимон ва макарон каби озиқ-овқат маҳсулотларини ўғирлаб олиб чиқиб кетишаётганда, қўлга тушишгани акс этган.

Олиб борилган журналистик суриштирувга кўра, Бухоро вилоятидаги барча мактабгача таълим ташкилотларида болаларни соғлом овқатлантириш ва бу борада йўл қўйилган камчилик ҳамда ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга нисбатан кескин чоралар кўриш мақсадида ўрганувлар ўтказиш режалаштирилган.

Шу нуқтайи-назардан, жорий йилнинг 24 январь куни вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро шаҳридаги 71-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига боришган.  Ушбу таълим ташкилотида болаларни соғлом овқатлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш ҳолати ўрганилган.

Ўрганув пайтида ошпазларнинг шахсий буюмлари сақланадиган шкаф ҳамда ташкилотнинг бўш турган хонасида яшириб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари топилган. Маълум бўлишича, бир нечта ошпазлар ўз шахсий сумкасида болалар ҳақига тегишли озиқ-овқат маҳсулотларини яширинча олиб чиқиб кетишга тайёргарлик кўриб қўйишган бўлган. Сумкалардан гўшт, тухум, ёғ, лимон ва макарон каби озиқ-овқат маҳсулотлари чиққан. Бундан ташқари, Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, тушлик вақтида тарбияланувчиларга берилиши керак бўлган 12 килограмм пиширилган гўшт ва 4 килограмм балиқ маҳсулоти ошпазлар ювиниш хонасидаги ваннада яшириб қўйилгани аниқланган.  Шунингдек, таомномада тушлик учун ажратилган 75 килограмм ўрнига, атиги 20 килограмм балиқ маҳсулоти тайёрланаётгани маълум бўлган.

Ҳолатни юзага келтирган сабаблар ўрганилган ҳамда ўз вазифасини суистеъмол қилган таълим ташкилотининг ходимлари, жумладан, хўжалик ишлари бўйича мудири Ҳ.М., бош ошпаз Ш.М., ошпаз З.Х., ҳамшира Р.А.ва методист Н.Ў.лар билан 14 календарь кунлик огоҳлантириш муддатини қисқартирган ҳолда жорий йилнинг 24 январь кунидан бошлаб, тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган

Билдирилишича, давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси айнан ҳолат содир бўлган кунда меҳнат таътилида бўлган.

«71-ДМТТ директори 2022 йил 1 декабрдан 2023 йил 1декабргача бўлган иш даври учун 42 календарь кунидан иборат навбатдаги меҳнат таътилини 2023 йилнинг 28 декабрида олган. Ҳақиқатан ҳам у меҳнат таътилида эди.  Бу даврда унинг вазифаси ташкилот методисти Н.Ў.га юклатилган. Савол туғилиши мумкин: гўдаклар ҳақига хиёнат икки нафар ошпаз томонидан содир этилган, нега беш киши билан меҳнат шартномаси бекор қилинаяпти? Чунки, методист вақтинча ўз зиммасига юклатилган директор вазифасини назорат қилмаган, хўжалик ишлари мудири жавобгарлигидаги маҳсулотлар чиққан, ҳамшира эса таомнома учун масъулиятни бажармаган»,-деди бошқарма бошлиғи биринчи ўринбосари Ҳидоят Жумаева. 

Ҳақиқатан ҳам ташкилот директори 2023 йилнинг 29 декабрь куни Бухоро шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг 1300-2-42-ХТ/2023-сонли буйруғи билан меҳнат таътилига чиқарилган. Бироқ, 71-ДМТТ директори томонидан 24 январь кунидаги Таомнома таътилда бўлган даврига қарамасдан, ўзи томонидан тасдиқланган.

Журналистик суриштирув давомида 71-ДМТТ директори Н.Б. ушбу таомномага исми фамилиясини вақтинча директор вазифасини бажарувчи мудира ўзи билмаган ҳолда ёзганини билдирди. Шунингдек, директорнинг «Xabar.uz» мухбирига билдиришича, Бошқарма ахборот хизмати томонидан ёритилган хабарда нотўғри маълумотлар қайд этилган.

«Ўрганиш юзасидан чиқарилган хабарда: «Таомномада тушлик учун ажратилган 75 килограмм ўрнига, атиги 20 килограмм балиқ маҳсулоти тайёрланаётгани маълум бўлди», деб қайд этилган. Мантиқан ўйлаб кўринг, бизнинг таълим ташкилотимизда ҳозирда 387 нафар бола тарбияланади. 24 январь куни эса 330 нафар бола келган. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларни хавфсиз ва сифатли овқатланишни ташкил этишга оид гигиеник талабларнинг (САМПИН) 2-иловасига мувофиқ, 4-7 ёшли болаларни умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотларида овқатланиш нормалари белгилаб берилган. Унга кўра, бир кунда битта болага 0,23 грамм балиқ маҳсулоти меъёр этиб белгиланган. Мактабгача таълим ташкилотининг ўша кунги таомномасига кўра, 7,5 килограмм балиқ маҳсулоти етказиб берилган ва бу таомномада ҳам қайд қилинган. Шу ерда айтишим ўринлики, балиқ маҳсулоти котлет кўринишида бўлган. Бироқ, ахборот хизмати хабарида 10 баравардан ортиқ балиқ маҳсулот қўшиб, нотўғри кўрсатилган. Буни қандай тушуниш мумкин? Керакли ҳужжатларни тақдим этаман»-деди Н.Б.

Бошқарма ахборот хизматининг билдиришича эса хабар хўжалик ишлари бўйича мудир Ҳ.М. томонидан ёзилган Тушунтириш хатига кўра, эълон қилинган. Ҳақиқатан ҳам Ҳ.М. ўрганиш давомида ёзган ўз тушунтириш хатида 24 январь куни Таомномада 75 килограмм балиқ маҳсулоти ёзилганини, пиширилмаган балиқ маҳсулоти ўлчовдан ўтказилганда, 20 килограмм чиққанини, яъни таомномада ёзилганидан 55 килограмм балиқ маҳсулоти камлиги аниқланганини ёзган.

Таълим ташкилоти директори Н.Б. эса озиқ-овқат маҳсулотларини  яширин равишда ўғирлаб, болалар ҳақига хиёнат қилган шахсларга нисбатан эса қонуний чоралар кўрилишига қарши эмаслигини билдирди.

Айни пайтда мазкур ҳолатга қонуний баҳо бериш бўйича Бухоро шаҳар прокуратураси  томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг