Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фуқаро мурожаатлари бўйича қонунчилик базаси қай аҳволда?

Фуқаро мурожаатлари бўйича қонунчилик базаси қай аҳволда?

Фото: «astrobl.ru»

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Муқаддимасида «Республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб» деган эзгу фикр акс эттирилган. Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролик кодекси» ҳамда бу борадаги қонунларимизнинг тегишли моддаларида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида муҳрланган фикрларнинг амалга оширилиши механизмлари мукаммал ёритиб берилган. Бош қомусимиздаги ушбу эзгу фикрни рўёбга чиқариш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бинобарин, оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида тез-тез фуқароларнинг мурожаатлари статистикаси билан боғлиқ рақамлар кўзга ташланади, мисол учун «...шунча мурожаат келиб тушди, ундан шунчаси қаноатлантирилди, мана шунча мансабдор шахслар фуқаролар мурожаатларига беписандлиги учун жазоланди» ва ҳ.к.

Хўш, бу каби рақамларни тақдим этишнинг асл моҳияти нимада? Нима учун фуқаро у ёки бу масалада тегишли идора ёки ташкилотга мурожаат қилади? Мурожаатларнинг аксарияти қаерда (қишлоқ, туман, вилоят ёки республика) ёки қай даражада ҳал бўлади?

Ушбу қўйилган саволларимиз атрофида мушоҳада қилишдан олдин фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёни (масаласи) қонунчилик ҳужжатлари билан яхши тартибга солинганлигини таъкидлаш ўринли.

Аввало, ушбу йўналишда сўнгги йилларда Президент имзолаган фармонлар ва қарорлардан ташқари «Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасида «Фуқароларнинг ариза ва шикоятларини ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш» тартиби белгилаб қўйилган бўлиб, унда «Прокуратура органлари фуқароларнинг ариза ва шикоятларини ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқадилар, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўрадилар...Фуқароларнинг ариза ва шикоятлари ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича прокурор қарор қабул қилади, бу қарор устидан юқори турувчи прокурорга шикоят қилиниши мумкин...»лиги аниқ-лўнда ўз ечимини топган.

Бундан ташқари, республикамизнинг ҳар бир туман ва шаҳарида Халқ қабулхоналари фаолият юритмоқда. Айни пайтда, бирон-бир вилоятнинг олис туманидан қайсидир фуқаро туман даражасида ечими топиладиган масала бўйича «бир минг бир юз километр» йўл босиб, Тошкентга тегишли вазирлик ёки идорага келади ва 1-5 дақиқалик қабул, суҳбат ёки маслаҳатдан сўнг, «раҳмат ака, районда фалончига учрай, ўша ердан сизга телефон қиламан», деб яна шунча йўл босиб ортга қайтади.

Фуқаролар мурожаатларини ўрганиб чиқиш ва унда кўтарилган муаммоларни ечимини топиш борасида қонунчилигимиз етарли даражада ишлаб чиқилганлигига қарамасдан, йилдан йилга мурожаатлар, энг ёмони такрорий мурожаатлар ортиб боришига сабаб нимада, деган савол туғилади. Бизнингча бундай ҳолатнинг сабаблари қуйидагилар:

Биринчидан, қатор идора ва ташкилотлар, шунингдек, аксарият туман-шаҳарларда амалга оширилаётган ишларнинг очиқ-ойдинлиги, шаффофлиги тўлиқ таъминланмаган. Улар томонидан жорий этилган веб-сайтларда бевосита (онлайн) маслаҳатчи дарчаси тугул, маълумотларни тезкор ва сифатли янгилаб туриш масаласида ҳам оқсоқликка йўл қўйилмоқда. Масалан, Учқўрғон туманининг http://uchkurgan.uz/index.php/uz/ сайтига охирги марта 19.01.2017 йилда «бюджет қарори» номли ҳужжат юклатилган, аммо унда «бюджет қарори» жумласидан бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ.

Бундай ҳолатни деярли барча маҳаллий ҳокимият веб-сайтларида кўриш мумкин. Масалан, http://md.buxoro.uz/barcha-ochiq-malumotlar-toplamlari/ саҳифаси охирги марта 06.12.2017 йилда янгиланганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Ахир шу ҳудудга ўз сармоясини киритишни режалаштирган салоҳиятли инвестор батафсил ахборот ва маълумотларни қаердан олади, у инвестиция киритишда ўз қарорини қайси маълумотларга асосланиб қабул қилади? Бу ҳудудни ривожлантириш ишига салбий таъсир кўрсатишини ҳаммамиз биламиз-ку !?

Ўз масаласини ҳал қилмоқчи бўлган фуқаро-чи, у янги маълумотни қаердан олиши керак? Яна «бир минг бир юз километр» йўл босиши керакми?

Иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланмаганлиги масалани аниқ-равшан ифодалашни чеклайди. Ахир, масалани аниқ қўйиш ҳам санъат эмасми? Масалан, кўп ҳолларда фуқаро у ёки бу масала юзасидан ваколатли орган олдига аниқ ва асосли, «изи» қоладиган мурожаат юбормайди. Юбора олмайди ҳам. Чунки у ўзи кўтарадиган масаланинг қонуний жиҳатларини шакллантира олмайди.

Яна бир муаммо бу – муайян фуқаронинг мурожаатида кўрсатилган масаланинг ечимини топишда қуйи, ўрта бўғинда фаолият олиб бораётган давлат ва нодавлат ташкилот ва идоралар хизматчиларининг ўз ваколатлари доирасида, тегишли қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажаришда тўлиқ ва сидқидилдан, жонбозлик кўрсатмаслиги – масъулиятсизлигидир. Бу иллатни бартараф этиш учун шу ходимларнинг ўзини ҳам «қайта тайёрлаш» керак.

Юқоридаги сабаблар ҳар фуқародан қонунчилик ҳужжатларини билишни талаб этса, яна бир муаммо – замонавий ахборот-коммуникация технология (АКТ) ларидан самарали фойдаланишнинг тизимли йўлга қўйилмаганлигидир. Фикримизча, бошқарув ва хўжалик органлари ўртасида ягона ахборот тизимини яратиш ҳамда барча мурожаатларни шу тизим орқали ҳал қилиш вақти келди.

Айни вақтда, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ва уларни ўз вақтида жойида ҳал этиш борасида «Республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб» яшаш ва ишлаш ҳар бир раҳбарнинг ва масъул ходимнинг бош мақсади бўлмоғи керак. Муҳими, энг қуйи бўғиндан юқори бўғингача идора ва ташкилотлар фаолияти очиқ ва шаффоф бўлиши уларнинг веб-саҳифаларини шакллантириш, (мисол учун, https://www.localenterprise.ie/ каби кўриниш ва мазмунда сифатли тўлдириш) аниқ мақсадга йўналтирилган фаолият юритишга бевосита боғлиқдир. Шу билан биргаликда фарзандларимизга, уларнинг кичиклик пайтиданоқ, қонунларга нафақат итоат этиш руҳида тарбиялаш, балки қонун ва қонун ости меъёрий хужжатларга тўғри муносабатда бўлишга ўргатиш масалаларига етарли эътибор қаратишимиз лозим.

Бу борада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокама порталида (https://regulation.gov.uz/uz/document/528) «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси ва концепция матнининг кенг халқ муҳокамасига ҳавола этилганлигини эътироф этиш ўринли.

Ушбу лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, 19.09.2018 йилдан 04.10.2018 йилгача қайд этилган веб-манзилда муҳокама, фикр ёки таклиф бериш учун жойлаштирилган бўлса-да, бироқ, фуқаролик жамияти субъектларининг, аввало ёшлар ва фаолларнинг ушбу муҳокама жараёнидаги фаоллиги етарли даражада бўлмаганлиги сезилиб турди. Ваҳоланки, ушбу концепция фуқаролар ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилишига катта умид боғланмоқда. Ахир фуқаро бу домен тўғрисида маълумотга эга бўлмаса, бу ҳақда ҳеч ким уларга етказган бўлмаса, у қандай қилиб, ўз фикрини билдиради?

Демак, қонун лойиҳаларини муҳокамага тақдим этишда ҳам алоҳида ёндашувларни қўллаш, яъни аҳоли орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини жонлантириш, ушбу муҳокамаларда билдирилган фикр ва таклифлар нечоғли муҳим аҳамиятга эга экани хусусида ОАВ орқали махсус кўрсатувлар, эшиттиришлар бериб бориш, даврий матбуот саҳифаларида тегишли мутахассисларнинг чиқишларини чоп этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Веб-сайтларни яратиш ва уларни юритиш масаласи ечимига «шаклан» эмас, балки «моҳиятан», «мазмунан» ёндашиш даври келди. Шу қаторда «... келинг, қоронғилик бўлмаган жойда гаплашайлик» деган жумланинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англашимиз лозим.

АКТ ривожланаётган, мазмун жиҳатидан маълум қисмларга ажратилган маълумотлар (блокчеейн) занжири технологияси ҳаётимизга кириб келаётган, ҳаётда шиддат билан ўзгаришлар бўлаётган бир даврда яшаётганлигимизни ҳисобга олиб, замонавий ахборот воситалардан кенг фойдаланган ҳолда, юзага келган масала-муаммоларни тез ва қонуний, аввало ва аксарият ҳолларда туман (шаҳар) даражасида, ечимини топишга ўрганишимиз керак ва зарур.

Айни пайтда, Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 18 ноябрда қабул қилинганва 34 та моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонуни имзоланганига ҳам 3 йил тўлаётгани ҳамда ушбу жабҳа мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида жуда катта аҳамият касб этишини ҳисобга олиб, қайд этилган Қонун, тегишли қонун ҳужжатлари «вертикал-горизонтал» кесимда ижро этилиши Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан атрофлича ўрганилиши, керакли тавсиялар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Самидилло Махмудов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг