Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғона: футбол ва прокуратура — уйғунлик қайда-ю турғунлик қайда? (фельетон)

Фарғона: футбол ва прокуратура — уйғунлик қайда-ю турғунлик қайда? (фельетон)

Фото: «Tribuna.uz»

«Эврика»!!!

Фарғона футболи нега «димиқиб ётгани»нинг сабаби топилди!  

Ўз вақтида ўзбек футболи байроқдори бўлган «Нефтчи» жамоасининг аҳволидан кўнгиллар бузилаётган бугунги кунда муаммога ечим топилгани қандай яхши!.. Бунинг учун Ш.Обидов деган маҳаллий тадбиркорга раҳматлар айтиб, уни умрбод текин сут билан таъминлаш керак. Зеро, ҳардамхаёл Ньютоннинг бошига олма тушиб, ернинг тортиш кучи кашф этилганидек, тадбиркорнинг сарсону саргардонлиги орқасидан оғриқли муаммо сабаби топилди-да. Йўқса, «Нефтчи»нинг донишманд раҳбарлари  «янги ва янги хилма-хил» мураббийу легионер таклиф қилавериб-қилавериб, яна қа-анча пулни исроф қилишарди, ким билсин?!

Алалхусус, муаммо барибир селекция ишларига бориб тақалаверар экан! Селекционер-мураббийларнинг кечириб бўлмас хатоси шундаки, улар шу чоққача иқтидорларни фақат яшил майдонлардан қидириб келишган. Тўп тепишга салоҳияти борлар давлат органларидан ҳам топилишини хаёлига келтиришмаган, дангасалар! Ш.Обидовнинг сарсонгарчилиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаям бетакрор футболчи бўлишдек иқтидорга эга ходимлар борлигини исботлаб берди.

Жафокаш қаҳрамонимиз «ҳатто столбаларни ҳам қамаш мумкин бўлган» яқин ўтмишда аёвсиз ғорат қилганди денг. Шу жараёнда унинг бир эмас, нақ 11 (ўн битта!) транспорти қонуний асосларсиз «Камчуғай гидро қурилиш монтаж» МЧЖга ўтказиб берилган экан. Мамлакатимизда  инқилобий ўзгаришлар юз бериб, давлат органлари халққа хизмат қилишга қийинчилик билан кўникаётган айни замонда ҳаппа-ҳалол мулкини  қайтариб олиш ҳаракатига тушади. Айрим масъул ходимлар юрт раҳбарининг талаблари амалда тез-тез «депсиниб қолишига» сабабчи бўлишаётганига қарамай қаҳрамонимиз жидду жаҳд этдиким, қонун — мен томонда, ҳақиқат қарор топажак!.. Бировнинг мулкини бошқага қонуний асосларсиз «хатлаб бериш» ҳайфсанга лойиқ хато эмас,  қип-қизил жиноят ахир!  

Бироқ шугина фактни эътироф этиш, яъники, оқни оқ, қорани қора дейишдан кўра Бразилия терма жамоасини ютиш осонроқ туюлмоқда чоғи прокуратуранинг айрим ходимлари масалани бир-бирига копток мисол ошириш билан машғул. Мардона тан олиш керак, уларнинг бу борадаги маҳоратига тан бермай илож йўқ. Масалан, шу йил февраль ойининг охирги куни тадбиркор Фарғона вилояти прокурори С.Турдиев қабулида бўлиб,  дардини ҳам оғзаки, ҳам ариза шаклида баён этган эди. Ариза вилоят прокурорининг ўринбосари Б.Исмоиловга ўтказилди. Ўринбосар ўз навбатида уни ўзидан қуйироқдаги Ш.Нишоновга, у эса Б.Нишоновга оширди. Нишоновларнинг «ўзаро комбинацияси»дан сўнг тўп... узр, ариза  Олтиариқ тумани прокурори А.Юсуповга етказилди.

Туман прокурори майдонда ўзидан бошқани кўрмайдиган худбин футболчилардан эмаслигини кўрсатиб, аризани ўз терговчисига узатади. Туман прокуратураси терговчиси эса ўзидан ҳам қулай вазиятда турган туман ИИБ терговчиси У.Мамаризаевни «излаб топади»... Бу ёғига «оқни оқ, қорани қора» дейиш қолгандики, бу энди очиқ дарвозага тўп киритишдек гап. Бироқ туман ИИБ терговчиси «ўйиндан ташқари ҳолатда» эди, нега десангиз,  воқелик ИИБ ЙҲХ масъулларини сўроқ қилишни талаб қилади. Битта тизим ходимлари бир-бирини сўроқ-саволга тутмоғи адолат тамойилларига путур етказиши мумкинки, шу сабаб ИИБ тизимидаги бирор ким жавобгар бўлиши эҳтимоли бўлган «дело»лар прокуратура томонидан ўрганилади.

Демак, Олтиариқ тумани ИИБ терговчисининг очиқ дарвозага тўп киритолмагани, яъни жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқарганини оқ калтак-қора калтак қилиш инсофдан эмас. Бу ўринда гап «ўйиндан ташқари ҳолатда» эканини билатуриб, аризани унга оширган  «плеймейкерлар»да!

Алқисса, «ўйин»нинг биринчи тайми шу тариқа якунига етди.

Иккинчи тайм тадбиркорнинг яна вилоят прокуратурасига арз қилишидан бошланди. Натижа бордай: ҳартугул, «жарима зарбаси» белгиланди, яъники, ИИБ терговчисининг қарори бекор қилиниб, «дело» Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилди. Шаҳар прокуратураси эса вилоят прокуратурасидан ёзма кўрсатмалар асосида келган «иш»га ўн кунлар чамаси «кинна солишгач», яна Олтиариқ тумани прокуратурасига «тепиб» юборди! Бу ҳол бош мураббий кўрсатмаларига кўпам қулоқ солавермайдиган  ўзбошимча Мессининг ҳаракатига ўхшайдими ёки ўйинчилик даврида жамоадошларини устозидан кўра ўз измига бўйсундирадиган Зайниддин Зиданникигами — ўзингиз танлаб олаверинг! Иккинчидан, бир марта Олтиариқда очилмаёқ «ёпилган» «иш» яна юлдуз кўрмай сўнишининг эҳтимоли катта.

Кейин-чи? Кейин тадбиркор яна вилоят прокурурига боради. Вилоят прокурори яна «дело»ни чақириб олиб, яна шаҳар прокуратурасига, шаҳар прокуратураси эса яна Олтиариқ тумани прокуратурасига, туман прокуратураси яна туман ИИБга «оширвориши» мумкинми? Нега йўқ?! Аҳвол шундай бўлса, тўп... жин урсин, ариза тепиш овертаймга, ҳатто пенальтилар сериясигача етса, ҳайронлар бўлманг. Ҳамма бало шундаки, футболда вақтнинг аниқ чегараси бор,  аризани  копток  қилиб тепавериш эса йилларга чўзилиши тажрибалардан аён.

Энг муҳими, бу жараёнда ўйин қоидалари бузилаётгани йўқ: ариза копток мисол Жиноят-процессуал кодекси доирасида маҳорат билан тепилаётир, шу боис на чурр этган ҳуштак, на сариқ карточка, на майдондан четлатиш кўринади! Рост-да, тўпга эгалик қилаётган жамоада ўйин вақтини қасддан чўзиш имконияти кўпроқ, тўпсиз қолган югура-югура ҳолдан тояди-да охири!

Бундай тактика ғалабага пойдевор бўлишини бир неча йил аввал Жозе Моуринио ўз «Интер»и билан «Барселона»ни УЕФА чемпионлар лигасидан чиқариб юбориш орқали исботламаганмиди?! Шундан кейин «беназир Жозе» «Реал», «Челси» каби дунёга донғи кетган жамоаларни бошқарди, айни кунда сайёрамизнинг энг қиммат командаси бўлмиш «Манчестер Юнайтед»ни қўлга олган.

Бундан хулосаки, қандай ўйнашнинг аҳамияти йўқ, муҳими — натижа!  Натижага эришдингми — юксакларга парвоз қилаверасан, қилаверасан... Шу маънода Ш.Обидовнинг аризасини копток қилиб тепаётганларни парвоз қилмасидан бурун дарҳол «Нефтчи» жамоасига қабул қилиш керак. Ажабмас, уларнинг маҳорати фойда бериб, суперлиганинг қуйруғида аранг илиниб турган жамоамиз қаддини бироз тиклаб олса?! Ўз навбатида «Нефтчи»нинг нўноқ ўйинчиларини ўша ходимлардан бўшаб қолган ўринларга жойлаштирмоқ керакким, зора, тўп тепишни ўрганишса...

Лаббай? Футболчи прокуратурада ишлолмайди? Бекор гап. Мисолимиздан келиб чиқиб айтсак, кўриниб турган қонунбузилишни «ҳа, бунда жиноят аломати бор» дейишга ўша нўноқ футболчиларнинг ҳам ақли етади, хўпми?!

Войман Доғий

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг