Фақат маломат қилавермай гуруҳга бир мўраланг!
Facebook ижтимоий тармоғида бир гуруҳ бор – «Китобхонлар давраси». Бу гуруҳни том маънода нашрга ўхшатаман. Чунки аъзоларининг аксарияти китобхон бўлгани учун аввало, барча постлар хатосиз ёзилади. Изоҳлар ҳам камдан-кам хато ёзиладиган ягона гуруҳ шу бўлса керак. Китоб ва китобхонлик тарғиботининг норасмий вакили Олимжон исмли йигит пост қолдирганидек: «Ана шунақа. Китоб ўқиб ҳеч бўлмаганда хатосиз ёзишни ўрганиш мумкин».
Яъни бу «нашр»га мусаҳҳиҳ керак эмас. Ва бир мавзуга ихтисослашган, уям бўлса китоб мавзуси. Аммо жуда ранг-баранг китоблар, ранг-баранг олам ҳақида. Кўпинча маломат қилишади ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб. Аммо 73 мингдан зиёд аъзога эга бу гуруҳда айнан ёшлар фаол эканлигини ҳис қиламан. «Китобхонлар гуруҳи»нинг ўз рукнлари, челленжлари, яъни бошқаларни ҳам китоб ўқишга чорлайдиган усуллари бор. Яна бу «нашр»да, сиз китобларга тақризларни ҳам ўқишингиз мумкин. Барча мавзулар – сиёсат дейсизми, муҳаббат ёки оилавий ёки одоб-ахлоқ китоблар мисолида ёритилади ва таҳлил қилинади.
Ҳақиқатчилар ва маддоҳлар
Ушбу гуруҳнинг администратори Темур Тангриберганов маддоҳлар ва ҳақиқатпарастларни китоблар орқали мисол келтиради: «Ижодкорлар 2 хил бўлади: Маддоҳ ва ҳақиқатпараст. Учинчи тоифадаги лоқайд ва беғамлар ҳам шу икки тарафдан бирига оғиб туришади. Ўртада туриш мушкул.
Маддоҳлар азалдан бўлган. «Шоҳнома», «Искандарнома», «Шайбонийнома», «Зафарнома», «Фирдавсул иқбол»дан ошиб ўтиб ХХ асрга назар солсак ҳам бутун бир совет доҳийларини мадҳ қилган достону қасидалар, қиссаю романларга дуч келамиз. Сўнг истиқлол маддоҳлари бу эстафетани давом эттириб уй ва машина, медал ва мукофотлар олишни шараф билишди.
Маддоҳларнинг айни дамдаги ёш вакили «Маҳаллабай», «Стратегия», «Ички ишлар», деб Facebookни «портлатиб» юрибди. Маддоҳларнинг катта авлодларини ҳам билсангиз керак…
Ҳақиқатпарастлар кимлар эди?
Булар ёлғон ёзолмаган, виждонига қарши боролмаган, оқни қора, қорани оқ дейишга мажбурлашса ҳам ўз сўзида собит қолганлардир.
Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ҳамза, Усмон Носир, Нозим Ҳикмат, Ўрхан Памуқ, Рауф Парфи... Пушкин, Толстой, Чехов, Бунин, Солженицин...
Қодирий, Чўлпон, Фитратлар қизил империя сиёсатини аямадилар. Тарихни тинч қўйиб замонамизга қарасак ҳам шундай.
Ўрхан Памуқ ўзига «Туркия халқ ёзувчиси» унвони берилаётганида мамлакатда олиб борилаётган сиёсатга норозилигини билдириш учун бу мукофотни рад этди…
Дарвешдай яшаган Рауф Парфи-чи? У ҳам «халқ шоири» унвони берилаётганида унвон олмайман деб бошига бало орттирганди...
Пушкин шеърларида империяни танқид қилган. Лермонтов ҳам ғойибона устозининг изидан борди: «Кун келар… шоҳларнинг тожлари қулайди разил», дея рус шоҳларни ҳам аямади…
Толстой ҳам ижодий қуролини зулмга қарши қаратди. Осиёга қилинган босқинчиликни қоралади, императорга хатлар ёзди... Бутун ижодининг манифестини «Жим туролмайман» сарлавҳасига жойласа ҳам арзийди.
Чеховчи? Император Николай II М.Горкийни академиядан четлаштирганида Чехов билан Короленко бу ўзбошимчаликка қарши очиқ норозилик билан чиқиб, академиклик унвонларидан воз кечган эдилар.
Бунин ўз принциплари туфайли инқилоб ва болшевикларга бўйсунгиси келмай ватанини абадий тарк этиб кетди. Унга «Гулаг архипелаги» айбномаси билан Солженицин қисматдош бўлди...
Бу пайтда маддоҳлар қўша-қўша пуллар ва унвонлар олди. Реалистлар эса сургун қилинди, ҳибс этилди, отиб ташланди…
Хўш нега ўша реалистлар ҳам маддоҳлар йўлидан бормадилар? Тинчгина яшаб, сохта ном билан шон-шарафга бурканмадилар? Чунки ҳақиқий ижодкорнинг виждони бунга йўл бермайди...»
Шоир ва ёзувчилар ҳақида...
Яна бир гуруҳ аъзоси Зоир Зокиров: «Менимча, шоир, ёзувчиларни уч турга бўлиш мумкин, – дейди. – Фақат майда нарсаларни ёзадиганлар. Ўзлари ҳис қилмаса-да, жамиятнинг фикрига таяниб, уларга ёқадиган муаммолар ҳақида ёзишади. Свет, газ, оила, Ватан, романтика, бало-баттар. Дин, тарихга ёпишиб олганлари ҳам бор. Кўнглингизни айнитади ўқиганингизда. Ўзларининг қиёфаларидан, ботинидаги туйғуларни ёзишдан қўрқади. Лекин барибир, кўрсатиб қўйишади яширганларини. Уларни одатда кўпчилик танийди. Лекин шуҳратлари узоққа чўзилмайди.
Иккинчи турдагилар ҳам улкан, ҳам майда фикрларни, ҳодисаларни бир-бирига қориштириб ёзишади. Шу туфайли, уларнинг ёзганларида кўпчилик, турфа қатлам одамлари ўзларининг қиёфаларини кўришади. Тан олиш керак. Бир томондан, бунақа ёза олиш ҳаммага ҳам эмас. Уларни энг омадлилари дейиш мумкин. Одатда тирикликларида ҳам, ўлганларидан кейин ҳам эътироф этилади улар.
Учинчи турдагилар ўз давридан олдиндагилар. Фақат ўзлари туйган нарсани ёзишади. Одамлар бир-бирига ўхшаш, шу билан бирга турфа. Ҳамма ўқувчи ҳам улар туйган нарсаларни туйишмайди. Улар кўрган нарсаларни кўришмайди. Ҳозир кўпчилик оптимизмнинг ошуфтасига айланган, сиқилгилари келмайди. Бу учинчи тоифага кирадиганлар қоидаларни бузишади. Янгилик излашади. Ёзганларида рамзлар тиқилиб ётади. Худди пиёздек – қават тагида қават. Ўлиб кетганларидан кейин кашф қилинади улар одатда. Улар жуда камчилик, шунингдек ўқувчилари ҳам кам бўлади.
Ва ҳар бир турда аламзадалари бўлади. Уларни асабингиз бузилиб турганда мазза қилиб ўқийсиз.
Ўқувчиларнинг-да турлари кўп. Уларнинг орасида, исмга қарамасдан ўқийдиганларни энг чўққидагилари дейиш мумкин. Шу орқали одам ўзининг ёзувчисини топади. Ўхшаш тарафларини кўриб, қойил қолади. Шу пайтгача қаерда эдим-а, деб пешонасини уради. Одам ўзининг ёзувчисини топса, қисқа қилиб айтганда, мазза қилади.
Буларнинг барчаси шахсий ва юзаки қарашлар».
Тақризлар танлови
Гуруҳда турли танловлар ўтказилади. Шундай танловлардан бири – «Насрчилар эстафетаси». Бу ёш носирлар учун ҳам ажойиб имконият!
Ҳар икки ҳафтада бир ҳикоя танланади. Иштирокчилар ҳикоя бўйича тақриз, таҳлил ва мулоҳазаларини ёзиб юборишлари керак. Яқинда Рухшона Аҳмедованинг «Дарахтларнинг армони» ҳикояси бўйича ташкил этилган танлов ғолиби Рухсора Нур бўлди. Ғолиб ҳикоя муаллифи томонидан махсус совға билан тақдирланади ҳамда агар у насрда қалам тебратса, навбатдаги танловга унинг ҳикояси қўйилади. Шу тариқа ЭСТАФEТА ТАЁҚЧАСИ унга ўтади!
Бир асар моҳияти
Худди шундай. Гуруҳда китобхонлар ўзлари ўқиган асар ҳақида тақриздан кам бўлмаган фикрларини баҳам кўришади. Мутолаа қиладиган ҳар бир инсон сўз бойлигига эга эканлигининг исботи бу.
Муҳиддин Нидо: «Уруш фақат жисмонан мавҳ этиш эмас. Одамларни орзу-ҳавасларидан айирмоқ, ҳиссиётлар, туйғуларни оловда куйдирмоқ, уларга кишанлар солмоқдир. Балки барча урушларнинг асл моҳияти шундайдир». Бу жумлалар Бахтиёр Абдуғафурнинг «Казбек» Осиё арслони» романидан олинган.
Китоб Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонликлар қилган ўзбек йигити Мамадали Топволдиев ҳақида ҳикоя қилади. Мутолаа давомида тарих ҳақидаги билимларингиз, тасаввурларингиз бойийди. Лекин мен ҳозир фактлар, сюжет эмас, асарнинг моҳияти, ёзувчининг ижодий ёндашуви ҳақида гапирмоқчиман. (Зотан, Мамадали Топволдиев ҳақида интернет саҳифаларидан етарлича фактлар топа оласиз).
Kun.uz сайтида ишлаганимда бу тарихий шахс ҳақида бир нечта видеолар қилганман. Шунинг ортидан асарни ўқиб кўришга кучли қизиқиш пайдо бўлганди. Романнинг уруш ҳақидаги асарлар ичида алоҳида ажралиб турадиган жиҳатлари кўп. Сиз қайсидир томонни мутлақ душман деб тан ололмайсиз, ҳатто хоинларни ҳам. Ҳамманинг ўз ҳақиқати бор ва мутолаа давомида уларни рад эта олмайсиз.
Казбек немисларнинг ҳам, шўро ҳукуматининг ҳам ваҳшийликларига гувоҳ бўлади. Немис генералини асир олганида у билан бўлган суҳбат жуда оғир ўтади. Асл нияти бошқа бўлса ҳам генерал ўзбеклар нимага руслар учун жангга чиқаётганини, руслар улардан қулдай фойдаланаётганини асослаб беради. Унинг сўзлари аччиқ ҳақиқатлигини билиб турса-да Казбек немисларга қарши жангда давом этади.
Белоруссиядаги ўзи гувоҳ бўлаётган ваҳшийликлар, аскарлар қолиб қариялар, болалар, аёлларнинг шафқатсизларча ўлдирилиши немисларга қарши чиқишга ундайди.
Бир топшириқда немисларга асир тушиб улар томондан жангга кираётган хоинлардан тузилган «Туркистон легиони» таркибидаги мусулмон йигитларни кўради. Уларнинг ҳақиқатига ҳам қарши чиқа олмайди, немислар томонда бўлиш нотўғрилигини исботлаб, уларни қочириб юборади.
Умуман олганда уруш, кўраётган шафқатсизликлари Казбекнинг туйғуларига зарба бериб боради. Ниҳояда ойнага қараб бир муддат ўзини танимайди, қариб қолгандек ҳис қилади. Аслида бу унинг нигоҳларидаги беғуборликни, ёшлик шижоатини, орзу ва умидларини ўлдирган урушнинг акси эди.
«Казбек» Осиё арслони» романи ўқиш шарт бўлган китоблардан бири. Унда фош этилган тарих, ўзбек йигитининг ақлга сиғмайдиган жасоратини топасиз, ҳар қандай манфаат ва сабабдан инсон муҳим эканлигини чуқур ҳис қиласиз.»
Бир асар муҳокамаси
«Китобхонлар даврасида»да бир китоб муҳокамаси тез-тез ўтказилади.
Алиф Шамс исмли китобхон ёзади:
«Бугун хонадошим уйга кетгани шарофати ила ажиб муҳитни яратиб олдим. Чойга қандни кўп солдим-да ўқиётган китобимни охирига етказмасимдан «Чолиқуши»нинг электрон шаклини юкладим ва ўқий бошладим.
Ўқилмай жавонда турган китобларим борлигига қарамай онлайн ўқишга киришиб кетдим. Бунинг балки қизиқ, балки ғалати сабаблари мавжуд. Бир инсонни кўпроқ билмоқчи бўлсам у ёқтирган китобни ўқишга ҳаракат қиламан. Ҳа бу қийин усул бўлишига қарамай қаттиқ киришдим. Ўзимда нега бунақа ҳолат бўлаётганини тушунмайман. Қадрдонлар, сиз ёқтирган китобнинг номи «Чолиқуши» бўлса қуйидаги саволларга жавоб берсангиз. «Чолиқуши» билан боғлиқ кўплаб блогларга дуч келганим учун ҳам унинг мухлислари кўп, деб ўйлайман. Нега айнан сиз ёқтирган китобнинг номи «Чолиқуши», китобни ўқиш орқали шуурингизда қандай ўзгариш бўлди, сизни энг кўп ўйлантирган нуқтаси қайси ва нега?
Ушбу китоб ҳақида бошқа китобхонларнинг фикри эса бемалол бир тадқиқот учун дебоча бўла олади. Китобхонлар асар орқали ғурурни кўрганини, китоб қаҳрамони Фериде ҳалоллик, сабр, садоқат борасида чин маънода намуна бўла олишини ёзишган. Демак, китобдан айнан мана шу хислатларни ўрганиш мумкинлигига ишора бу.
Баҳс жуда маданиятли олиб борилади. Билмадим, бошқа жойда бўлганида одамлар бир-бирини аёвсиз ҳақорат қилишарди, аммо бу гуруҳ ўз номи билан маънавиятли инсонлар гуруҳи.
«Мен ўқиб тугатган китоб»
Шаҳризода Ботирова Фёдор Достоевский «Ойдин тунлар»идан таъсирланганини гуруҳдошлари билан баҳам кўради:
«Фақат бир зумгина қалбинггга яқин турмоқ учун у ё туғилганмикин!..( И.Тургенев). Айни шу сатрлар остидан бошланади асар, айни шу жумла қатларига яширинган бир туйғу ифода этилади сатрма-сатр. Бир зумгина... Тўлиқ бахтни ҳис қила олиш учун ташқаридан кичик кўринадиган катта фурсат – бу! Ўзгасига аталган ўзга севгини ўзига қарашли деб ўйлаш ва айнида адашиш бу! Бу бахт – энг бадбахт!.. Менда шундай кечинмалар кечди бутун асар мутоласи давомида.
«Ўзимиз ҳам бахтсиз бўлганда ўзгаларнинг бахтсизлигини кучлироқ ҳис этамиз, туйғу синмайди, андармон қилинади...» шундаймикан-а? Негадир бунга тўлиқ қўшила олмадим... ҳаётда бу қадар бахтсиз бўлиб кўрмадимку-я, аммо Дреамер (ҳикоячини кўпчилик таҳлилчилар шундай атайди, исми номаълум) ва Настенканинг туйғуларини тўлалигича ҳис қила олдим, балки бу моҳир ёзувчининг қалами ўткиру, сўзлари ишонарли, тасвирланган туйғулар юқумли эканлигидандир... Муаллифнинг ўзи ҳам бу асарини сентиментал роман деб белгилаган ахир. Оптимистик руҳда ёзилган, романтик илдизли, чин муҳаббат ифода топган ва асар шулар ҳақида дейиш ҳам хато, чамамда. Сабабики, онг, шуур, қалб қийналади ўқилганда, қани оптимистлиги? Сабабики, персонажлар турмушидаги, тилидаги кўпинча оддийлар орасида учровчи бир хил реалликка яқин хатти-ҳаракатлар, жўн гап-сўзлар, «ердаги жумлалар» очиқлик киритади унинг кўп ҳам романтик эмаслигига. Чин муҳаббат «тараннум этилгани-чи», қани? Ўзгасида кўнгли бўла туриб, кетганни кута туриб, йўл-йўлакай бошқа кўнгилга кўнгил сузган Настенкадами чин муҳаббат? Балки сева туриб, арзимас бир киши қўлига севгилисини жимгина топширган Дреамердадир чин ишқ? Йў-ўқ, йўқ, бундай ўйлолмайман. Чалажон туйғуларга нисбатан «аллергиям» борлиги учундир балки. Севсанг-у мукаммал бўлса севгинг, дард чексанг-у бари яхши сезимлар борлигини унутиб дардлансанг, йиғласанг-у охирги томчи тугагунча, бахтлансанг-у ҳеч қачон, ҳеч қаерда бахтсизлик йўқлигига ишониб! Бу асар «Ойдин тунлар» ҳақида! Тамом!
Мутлақо ёлғиз қолишдан ёмон нарса йўқ, ҳатто ачинадиган нарсанг, ҳеч нарсанг бўлмаса ёмон. Хаҳ, ёлғизлик... Баъзан атрофингизда одамлар жуда кўп бўлади, аммо руҳингиз ёлғизликни талаффуз қилаверади сизга. Шу пайт руҳингиз таъкидлаётганини уларга (атрофдагиларга) мен ёлғизман, ўзимни ёлғиз ҳис қиляпман, деб такрорлаб кўринг-а, ёқангиздан олади улар. «Нима, биз одам эмасми», «ёш болага ўхшама», «ношукр бўлма», «уларни борлигича қабул қил», «улар билан суҳбатлаш»... Хуллас, кўнгилдаги яккаликни ҳис қилолмайди ўзингиздан бўлаги! Дреамерда ҳам шундай эди, шундайлигича қолди охир-оқибат ҳам. Ишонгандим, ҳикоячи қаҳрамоннинг ҳам якунда яхши ҳаёт билан қаршиланиши, муҳаббатига арзирлиси топилиши, тўла хурсандчилик билан умрининг қолган қисмини давом эттиришига... Аммо, ўйлаганларимга асар охирида юзланганимда уни ёпаётиб йиғламаган бўлардим, оғриқ туймаган бўлардим. Шунинг учун бу якунга ҳам қаршилигим йўқ... Тамом!».
Хуллас ҳеч ким китоб ўқимаяпти, деган иддаолар бу гуруҳ олдида ўзини оқламайди... Мен бу гуруҳни ўзбек сегменти учун Facebookдаги энг яхши ва фойдали «нашр» деб атаган бўлардим. Чунки бу нашрда постлар хатосиз ёзилади, маданиятли баҳс олиб борилади ва шуниси билан китоб машъал каби йўлни ёритгувчи чироқ эканлигини яна бир бор исботлайди. Баъзи бир нарсаларни пулига ҳам реклама қилгинг келмайди. Аммо китобхонлик ва китобга боғлиқ тарғиботни ҳеч қандай таъмаларсиз амалга оширмоқ керак. Бир амалдорнинг китоб ўқимагани ҳақидаги мавзудан кўра бу анча хайрлироқдир. Фақат маломат қилавермай гуруҳга бир мўраланг.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter