Европа Иттифоқи дипломатлари Наврўзга атаб ўзбекча шеър ўқиди (видео)
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси Наврўз байрамига бағишланган видеотабрик тайёрлади. Мусиқий-бадиий лавҳада ваколатхона раҳбари, элчи Шарлотт Адриан бошчилигидаги дипломатлар ҳамда ходимлар шарқона янги йилга атаб ўзбекча шеър ўқиган.
Ушбу шеърда «Боболар ҳалим солар, / Латифа айтиб турар. / Ичакузди ҳазиллар, / Қизийди шўх базмлар. / Элга ризқ-рўз улашиб, / Тандир нонин ушатиб, Яйраб келди Наврўзим / Яшнаб келди Наврўзим» каби халқона сатрлар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Шарлотт Адриан хоним Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари сифатида 2021 йил 23 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширган. Ушбу учрашувда ЕИ анъанавий равишда мамлакатимизнинг муҳим стратегик шериги бўлиб келаётгани, европалик ҳамкорлар юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, иқтисодий ислоҳотлар ва трансформация жараёнларига ҳар томонлама кўмак кўрсатаётгани қайд этилган.
ЕИ ваколатхонасининг мезбон мамлакатга эҳтиром рамзи сифатида ўзбек тилида табрик йўллаши анъанага айланмоқда. Аввал хабар берганимиздек, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ҳам ЕИ делегацияси оригинал видеоқутлов ҳозирлаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter