Эшитганини айтиш — тўтининг иши. Лекин биз инсонмиз-ку?!
Интернет тобора ривожланиб бораётган ахборот асрида тарқатилаётган информацияларнинг катта қисми ҳақиқатдан йироқ. Уларнинг ичидан ҳақиқатни ажратиб олиш учун сабрли ва эътиборлироқ бўлиш талаб этилади.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалган айни кунларда айрим кимсалар томонидан халқ орасига ваҳима уруғларини сочиш, турли ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз.
«Мактабларда ўқиш фалон куни бошланар экан», «фалончи жойда фалончи чет элдан келибди», «фалон қишлоқда шунча одамда коронавирус аниқланибди», сингари гаплар шулар жумласидан.
Майли, сизга ҳам яқинингиз ёки танишингиз бундай маълумотларни айтган бўлиши мумкин, аммо у бу «маълумот» аниқлигига кафолат бера оладими? Бундай маълумотларни «ҳазм» қилишдан аввал «етти ўлчаб бир кесиш» керак бўлади.
Фақат мустақил фикри йўқ, маълумотни мушоҳадасиз қабул қиладиган кишигина ким нимани айтса, лаққа тушиб ишониб кетаверади. Сиз ўзингизни ундайлар тоифасига асло қўшманг.
Одамлардан эшитган ҳар қандай хабарни суриштирмай гапиравериш гуноҳ ҳам саналар экан. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир», – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).
Турли хил канал, гуруҳларда ёзилаётган, уйдирма хабарларга асло ишонманг. Уларни тарқатманг. Бўҳтонга шерик бўлиб қолманг. Халқ орасига ваҳима солишга уринадиган иғвогарлар эса, албатта, қонунчилигимизда белгилаб қўйилган тегишли жазосини олади.
Хусусан, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига доир барча маълумотлар бериб борилаётган расмий канал фаолият кўрсатмоқда. Ундаги ахборотларнинг барчаси ишончлидир.
Юртдошларимизга, қолаверса, ўзимнинг ёш тенгдошларимга шуни айтмоқчиманки, бу синовдан албатта, биргалашиб ўтамиз. Шунинг учун, уйда қолиб, дунёни қутқарайлик!
Сардор Мухторов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter